Қозоғистонда маҳкумлар ҳимоячиси қамалди
Қозоғистонда маҳбуслар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан танилган жамоатчилик фаоли Вадим Курамшин 12 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Тараз шаҳрида ўтган маҳкамада Курамшинга “таъмагирлик” айби қўйилган ва ҳакам унинг мол-мулкини мусодара этиш ҳақида қарор қабул қилган.
Бунгача ҳам Курамшинни мазкур айблов бўйича судлашган ва ҳуқуқ фаоли 2012 йилнинг август ойида ҳакамлар ҳайъати томонидан оқланганди. Ўшанда у бир йил шартли равишда ҳукм қилиниб, суд залидан озодликка чиққан эди.
Озодликка чиққан Курамшин ҳуқуқбонлик ишида давом этган ва қозоқ расмийларига ёқмайдиган қонунбузарликларни ўз сайтида ёритиб келган.
Курамшинга Жамбил вилоят Қўрдай туман прокуратураси ходими Мухтар Ударбаевдан таъма қилиш айби қўйилган.
Курамшинни ҳимоя қилиш қўмитаси мувофиқлаштирувчиси Андрей Цуканов суд жараёнининг айбланувчини қоралаш оҳангида ўтганини билдирди.
“Ҳимоячилар томонидан берилган шикоятларнинг бирортаси ҳам қониқтирилмади. Суд жараёни яққол қоралов оҳангида ўтди. Буни алоҳида таъкидлаш мумкин. Холис текширувга ҳатто ишора ҳам бўлгани йўқ. Шахсан менда ҳакамга Вадим Курамшиннинг ишини бирёқлик қилиш борасида буйруқ келгандай таассурот қолди”, – дейди маҳкама жараёнини бевосита кузатган Андрей Цуканов.
Адвокатлар ишни тўлароқ тадқиқ қилиш таклифи билан чиққан, аммо ҳакам Нурмухаммат Абидов бунга йўл бермаган. Ҳимоя томонига кўра, судда қатнашган ҳакамлар ҳайъати Курамшиннинг ишини енгиллаштириши мумкин бўлган кўплаб фактлардан бехабар қолиб кетган.
Август ойида бўлиб ўтган маҳкама қарори иш тўлиқ ўрганилмаган, деган иддао билан бекор қилинганди. Аммо ҳимоя томонига кўра, Таразда бўлиб ўтган сўнгги маҳкамада олдингидан-да кам далиллар ўрганилган.
Маҳкама қарорини ўқиб эшиттириш Курамшиннинг икки адвокати иштирокисиз бўлган. Улар 7 декабрь куни маҳкамада иштирок этолмаслигини олдинроқ ҳакамга билдирган. Аммо судья ушбу билдиришномаларга қарамасдан, ҳукмни чиқарган. Маҳкамада суд томонидан тайинланган учинчи адвокат иштирок этган.
Олдинги маҳкама ҳайъати аъзолари Жамбил вилоят судининг қароридан норози бўлиб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга очиқ мурожаатнома ёзишган.
Мурожаатномада Курамшинни оқловчи қарорнинг вилоят суди томонидан бекор қилинишига нисбатан норозилик изҳор этилади.
“Полиция махфий равишда тасвирга олган Курамшин ва Удербаев ўртасидаги ҳамма видеони бир неча маротаба ўрганиб, Курамшиннинг нутқида ҳеч қандай таҳдид ва иғво кўрганимиз йўқ. Жабрланувчи Удербаевдан ҳам Курамшин билан суҳбатда таҳдид борасида бирор мисол топиб беришини сўраганимизда, кўрсата олмади”, дейилади очиқ мурожаатномада.
31 октябр куни Жамбил вилоят суди аппеляция коллегияси суд ҳайъатининг қарорини бекор қилди ва Курамшинни ҳибсга олиш борасида қарор чиқарди.
Курамшин Петропавлда ҳибсга олинди, вақтинчалик тергов изоляторида ҳуқуқ ҳимоячиси норозилик сифатида шох томирини кесди.
Курамшиннинг адвокатлари маҳкама қароридан норози бўлиб, апелляция тартибида шикоят аризаси ёзишларини маълум қилишди.
Fikr bildirish