Жиззах милицияси Саида Қурбонованинг яқинларидан пул талаб қилмоқда
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Жиззах вилояти бўлимининг раҳбари Саида Қурбонова айни пайтда Пахтакор туман ички ишлар бўлими ҳибсхонасида сақланмоқда.
Қурбонованинг яқинлари билан учрашган Жиззахдаги манбанинг 11 декабрь куни “Жараён” сайтига маълум қилишича, душанба куни Саида опанинг ўғли Соҳиб онасини кўриш ҳамда унга иссиқ кийим-кечак ва озиқ-овқатлар бериш учун Жиззах вилояти Пахтакор туман ички ишлар бўлимига келган. Бироқ туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари уни таҳқирлаб, ҳайдаб юборган.
“Саида Қурбонованинг ўғли Соҳиб Пахтакор туман ички ишлар бўлимида бошлиқ ўринбосари бўлиб ишлайдиган Акмал исмли кишидан онаси билан учрашишга рухсат сўраган. Аммо бу одам ҳуқуқ фаолининг ўғлини уят сўзлар билан ҳақорат қилиб, бу ердан кетмаса, уни ҳам онаси сингари қамоққа тиқиш билан таҳдид қилган”, – дея маълум қилди Жиззахдаги манба.
Эслатамиз, “Бирдамлик” фаоли Саида Қурбонова шу йилнинг 7 декабрь куни ҳибсга олиниб, Ўзбекистон Маъмурий Кодексининг 183-моддаси (Майда безорилик) бўйича 15 суткага қамалганди.
“6 декабрь куни эрталаб соат 8:30 да Навбаҳор маҳалласи раиси Тобай Солиев Саида Қурбонованинг уйига келиб, уни чойга таклиф қилган. Ҳуқуқ фаоли ва маҳалла раиси чойхонада чой ичиб ўтирганларида уларнинг ёнларига қандайдир аёллар келишиб, Қурбонова билан жанжаллаша бошлаган.
Шундан сўнг бу икки аёл милицияга ҳуқуқ фаоли уларни шантаж қилгани ҳақида ариза ёзиб беришибди. Саида Қурбонова ўша куннинг ўзида ҳибсга олиниб, судланган. Бироқ унинг яқинлари бу ҳақда орадан икки кун ўтгачгина хабар топишган”, – дейди Жиззахдаги манба.
Унинг айтишича, 7 декабрь куни соат 11:30 ларда ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари Ботир Султонов, участка нозири Аҳмад Қаҳҳоров ва яна бир киши Саида Қурбонованинг уйига бостириб киришиб, тинтув ўтказа бошлаганлар.
“Улар ҳуқуқ фаолининг яқинларига унинг компьютерини беришни талаб қилиб, бақира бошлаганлар. Қурбонованинг икки ёшли набираси бу бақир-чақирлардан қўрқиб, йиғлашга тушган, бироқ милиционерлар бунга эътибор ҳам қилишмаган. Улар: “Бизга компьютерни беринг, бўлмаса, онангизга ёмон бўлади”, дейишган”, – дейди Жиззахдаги манба.
Унинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Саида Қурбонованинг компьютерини жиянининг уйидан топиб, олиб кетишган.
“Ўша куннинг ўзида соат 17 ларда улар Қурбонованинг жияни уйига келишган, у ерда ҳуқуқ фаолининг ўғли ҳам бўлган. Милиционер Ботир Султонов компьютерни бошлиғи сўраётганини ва уни кейин қайтариб беришларини айтган. 7 декабрь куни соат 23 ларда милиционерлар компьютер корпусини қайтариб олиб келиб берганлар, бироқ унинг ичидаги нарсалар олинган экан”, – дейди Жиззахдаги манба.
Бироқ, унинг айтишича, энг аччиқланарлиси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг Саида Қурбонова яқинларидан каттагина пул талаб қилаётганидир.
“Улар Саида Қурбонованинг яқинларидан 162 минг 798 сўм талаб қилишибди. Бу пулни ҳуқуқ фаолининг яқинлари 20 декабргача Қурбонованинг изоляторда сақланиши учун тўлашлари шарт экан”, – дейди Жиззахдаги манба бу талаб Саида Қурбоновани 15 суткалик қамоқ жазосига ҳукм қилган суд қарорида акс этганини қўшимча қиларкан.
Ҳозирги пайтда Саида Қурбонованинг аҳволи номаълум бўлиб қолмоқда. Қурбонованинг ҳамкасблари ҳуқуқ фаолининг ҳибсга олинишини у ва маслакдошлари мамлакат Конституциясининг 20 йиллиги нишонланадиган куни ўтказмоқчи бўлган акция билан боғламоқдалар.
8 декабрь куни Қурбонова дохил “Бирдамлик” ҳаракати фаоллари Ўзбекистон Конституциясини яхшироқ ўрганиш бўйича Тошкентнинг Олой бозори ёнида акция ўтказишни режалаштирганди. Бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур акциянинг ўтказилишига тўсқинлик қилганлар. Шу куни ҳаракатнинг кўплаб фаоллари ва уларга қўшилган кишилар пойтахт Тошкент ва вилоятларда уйларидан чиқарилмаган ёки вақтинча қўлга олинган. Хусусан, Конституция куни арафасида “Бирдамлик”нинг Ўзбекистон бўйича мувофиқлаштирувчиси Малоҳат Эшонқулова Самарқандда ушланган.
Бу кишиларнинг, шу жумладан, Саида Қурбонованинг Конституция куни арафасида ҳибсга олиниши ўзбекистонлик фаоллар норозилигига сабаб бўлмоқда.
“Саида Қурбонованинг айнан мана шу қутлуғ санани панжара ортида ўтказганлиги, унга қарши расмийлаштирилган сохта айбловлар ортидан Ўзбекистоннинг мустақил бўлмаган суди томонидан Қурбонованинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланмасдан, яширинча суд қилиниб, 15 суткага камалганлиги, унинг хонадонида қонунга зид равишда тинтув ўтказилиб, унинг компьютери олиб чиқиб кетилганлиги, оила аъзоларига босимлар, таъқиблар ўтказилганлигини Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари масаласида ижобий томонга қадам қўйганлигига ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам ишонтирмоқчи бўлаётган ғарб сиёсатчилари учун бир тарсаки, деб атасак бўлади”, – дейди “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева.
Ҳуқуқ фаоли ривожланган мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирликларидан Ўзбекистон ҳукуматига махсус ноталар билан чиқиб, Қурбонова иши бўйича ўзбек расмийларидан изоҳ талаб қилишни сўрайди.
Айни пайтда “Ўтюраклар Клуби” раҳбари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларни Саида Қурбонова ҳимояси учун оёққа қалқишга даъват этади.
“Ғарб давлатларидаги ҳуқуқ ҳимоячиларидан Саида Қурбоновага ёлғиз эмаслигини, турли мамлакатларда яшаётган фаоллар унинг ҳимояси учун курашга тайёр эканини билдириш учун Жиззах вилоят Пахтакор туман ИИБ навбатчилик қисмига (тел.: +998 72 35 3 20 77) қўнғироқ қилишни сўраймиз. Чунки Ўзбекистон расмийлари ҳукуматнинг ғайриинсоний сиёсатига ўз муносабатини билдирган ҳар қандай инсонга нисбатан (у аёлми, эркакми – фарқи йўқ) ваҳшийлик билан жавоб беришини биламиз. Саида Қурбонова эса бугунги кунда режим ваҳшийлари билан яккама-якка қолган. Биз сиз биланмиз, Саида опа, бардам бўлинг”, – дейди Мўътабар Тожибоева.
Fikr bildirish