Ўзбек қочқини устидан суд санаси номаълумлигича қолмоқда
Қозоғистондаги вақтинчалик тергов изоляторида сақланаётган ўзбекистонлик қочқин Хайрулло Турсуновнинг маҳкамаси Ақтўбе шаҳар судида бўлиб ўтади.
Бу ҳақда Остона шаҳар Есил туман суди қарор қабул қилган. Бунгача қочқиннинг маҳкамаси Есил туманида бўлиши кутилаётган эди, аммо ҳакам Турсуновнинг айнан Ақтўбеда сақланаётганини инобатга олиб, маҳкамани ушбу шаҳарга кўчирган. Аммо суднинг қачон бошланиши номаълумлигича қолмоқда.
Саккиз ойдан бери Ақтўбе шаҳар вақтинчалик тергов изоляторида сақланаётган Турсунов Ўзбекистонда жиҳодга чақириш, таъқиқланган диний-экстремистик гуруҳларга аъзоликда айбланмоқда.
Бундан ташқари, Хайрулла Турсунов Олмаота шаҳрида тузилган жамоат фаоли сифатида ҳам айбланган.
Ўзбекистон МХХнинг Қашқадарё вилоят бўйича терговчиси капитан С. А. Аҳмадов томонидан юборилган айбловномада ёзилишича, “Турсунов ва ўзбекистонлик бошқа фуқаролар Олмаота шаҳрида жиноий тил бириктириб, Ислом дини кўринишида турли диний-экстремистик, сепаратистик ва фундаментал “аёллар” ва “эркаклар” жамоатини тузган. Унинг таркибига турли жиноятга мойил одамларни қўшиб боришган”.
Терговчи ушбу жамоат юзасидан Ўзбекистонда очилган 1534 рақамли жиноий ишдан Турсуновга алоқадор нусхаларини Қозоғистон Бош прокуратурасига юборган.
Айбловномадан англашилишича, ушбу жамоатнинг амири Муҳиддин Ғуломов бўлган. Бундан ташқари, жамоатнинг спорт, иш билан таъминлаш ва диний илм олиш бўйича масъуллари бўлган.
Ушбу жамоатнинг аъзоси сифатида Хайрулла Турсунов, Лазиз Назаров ва Ўктам Турсуновларга Ўзбекистонда Жиноят кодексининг 244-2 моддасининг 1 банди бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Олмаотада жамоат бўлганми?
Айбловномада келтирилган “эркаклар” жамоати аъзоларининг аксар қисми 2011 йили Ўзбекистон бериб юборилган қочқинларни ташкил қилади. “Аёллар” жамаоти вакилларига эса ушбу қочқинларнинг турмуш ўртоқлари номи ёзилган.
Бундан ташқари, исм-шарифлар орасида Хайрулла Турсунов ҳали Олмаотага келмасидан Қозоғистонни тарк этиб, учинчи давлатдан бошпана олган қочқинлар ҳам бор.
Хайрулла Турсунов адвокати орқали “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоевага Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 қочқин билан жиноий тил бириктирганини рад этган.
“Мен бу одамларнинг (Ўзбекистонга бериб юборилган қочқинлар назарда тутилмоқда – Жараён) кўпини Олмаотадаги БМТнинг мажлисларида кўрдим. Лекин улар билан менинг ҳеч қандай яқин алоқаларим бўлмади. Ўзбекистон томонининг бу одамлар билан яқин алоқада бўлиб жиноят содир этди, дегани ёлғон”, – дейди адвокат орқали ёзилган мактубда Хайрулла Турсунов.
Бир неча йил Олмаота шаҳрида яшаган ва қочқинлар Ўзбекистонга экстрадиция қилингач, учинчи бир давлатга бош олиб кетган қочқинннинг айтишича, Олмаотада чиндан ҳам жамоат бўлган, аммо у айбловномада айтилганидек, жиноий бир гуруҳ бўлмаган.
“Мусофирчиликда бир-биримизни ҳолимиздан хабар олиш учун ростдан ҳам жамоат бўлиб, ёрдам бериб яшаганмиз. Ўзбекистондаги зулмдан қочиб келганлар, иш ва юмуш тополмай қийналарди. БМТ томонидан берган пуллар ҳеч нарсага етмасди. Ана шу пайтда жамоат бўлиб, бир-биримизга ёрдам берганмиз”, – дейди исмини ошкор қилишни истамаган қочқин.
Унинг айтишича, жамоат ўзига ростдан ҳам бир етакчи сайлаган ва Муҳиддин Ғуломов ёрдам берувчиларнинг бошида турган.
“Аммо бизнинг унақа спорт бўлимимиз ва унга масъул одамимиз йўқ эди. Спорт бўлимга масъул дейилаётган Улуғбек Ҳайдаров спортдан умуман йироқ йигит эди. Лекин қизиқувчилар йиғилиб, футбол ўйнаб турганмиз, бироқ спортнинг бокс, кураш каби куч ишлатар турлари билан ҳеч ким шуғулланмаган”, – дейди қочқин.
Унинг сўзларига кўра, бу жамоатда жиҳод ёки давлатни тузумини ағдариш ҳақида гап ҳам бўлмаган.
“Биз зулмдан қочган инсонлар эдик. Жамоатдагилар жиҳод қилишга қарши эдилар. Бунақа гапларни қаердан олишган – тушунмайман”, – дейди учинчи бир давлатга чиқиб кетган қочқин.
Fikr bildirish