Тошкентда 16 диндор устидан маҳкама якунланди
2012 йилнинг 12 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди “Туркистон исломий ҳаракати”га мансубликда айбланган 16 нафар диндор устидан ҳукм чиқарди.
Бу ҳақда “Жараён”га Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакили Абдураҳмон Ташановмаълум қилди.
Маҳкама жараёнларида иштирок этган журналистга кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) ҳамда 244/2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан айбланган Акмал Оллонуров ва Баҳодир Дадажонов 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 244/2-моддаси билан айбли топилган Дилшод Муҳаммадхонов, Аҳрор Тўхтаев, Нодир Аҳмедов ва яна 5 нафар судланувчи 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, дастлабки терговлар ва суд мажлислари даврида гаров пули эвазига озодликда бўлган 6 нафар диндор эса Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 216-моддаси билан айбланиб, энг кам иш ҳақининг 50 баравари (3 146 000 сўм ёки 1600 АҚШ доллари) миқдоридаги жаримага тортилган.
“Диндорлар шу йилнинг 12 майида “Туркистон ислом ҳаракати” диний радикал ташкилотига мансубликда айбланиб, ҳибсга олинган. Мазкур шахслар гўё мамлакат конституциявий тузимини ағдариш ва ўзлари аъзо бўлган диний экстремистик ташкилотни молиялаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сепаратистик, диний радикализм руҳидаги қарашларни тарғиб қилган”, – дейди “Эзгулик” вакили.
Маҳкама даврида судланувчилар Акмал Оллонуров ҳамда Баҳодир Дадажоновлар айбига иқрор бўлишган ва бошқаларнинг диний ташкилотга аъзо эмаслиги ҳақида кўрсатма беришган. Ота-оналари эса фарзандларининг “Туркистон исломий ҳаракати” атамасини ҳатто эшитишмаганини, унга аъзолик тугул, бундай ташкилотнинг мавжуд эмаслигини ҳам таъкидлашмоқда.
Маълумотларга кўра, айбланувчилар тергов изолятори ва ертўлада қийноқларга солиниб, улардан зўраки иқрорлик кўрсатмалари олинган.
Fikr bildirish