Остона яна бир қочқинни Тошкентга топширмоқчи
Ақтўбе шаҳар суди ўзбекистонлик қочқин Хайрулла Турсуновни Ўзбекистонга топшириш ҳақида ҳукм чиқарди. Судья Рая Кустанова ҳимоя томонининг даъволарини асоссиз, деб топди.
Турсунов устидан маҳкама икки кун давом этди. 24 декабрь куни Ақтўба шаҳар маҳкамасида прокурор Ўзбекистон томонидан юборилган айбловномани ўқиб эшиттирди.
Ўз навбатида, адвокат Кенес Жусупов Турсуновнинг маълум муддат Ўзбекистонда бўлмаганини ва жиноят содир этиши мумкин эмаслигини таъқидлади.
“Биз Турсуновга нисбатан Ўзбекистонда қийноқлар қўлланиши мумкинлигини айтдик. Аммо прокурор ва судья ушбу гапларни эътиборга олмади. Турсуновни Ўзбекистонга бериб юбориш керак, деган қарорда маҳкам туриб олишди”, – дейди Кенес Жусупов.
“Жараён”га маълум бўлишича, маҳкама Турсуновнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилган ҳолда ўтказилган.
Маҳкама рус тилида бўлиб ўтган. Турсунов рус тилини билмаслигини ва айтилаётган гапларга тушунмай қолиши мумкинлиги учун маҳкама жараёнини ҳеч бўлмаганда қозоқ тилида олиб боришни сўраган, бироқ судья Рая Кустанова судланувчининг таклифини қўлламаган. У шикоят рус тилида ёзилгани учун суд рус тилида олиб борилишини билдирган ва Турсуновни таржимон билан таъминламаган.
Маҳкама ҳукмни 25 декабр куни ўқиб эшиттирган. Бу вақтда ҳам Турсунов суд залига олиб келинган.
Турсуновнинг адвокати 10 куннинг ичида Ақтўбе вилоят судига шикоят аризаси ёзиши мумкин.
Адвокат Кенес Турсуновга шикоят аризаси ёзишга ёрдам беришини маълум қилди. Бироқ Турсунов томонидан адвокатга бундан буён тўлаш учун пул йўқлиги сабабли суд жараёнида бошқа иштирок этмаслигини билдирди.
Бошпана изловчи Хайрулла Турсунов Ўзбекистон бир неча оғир жиноят содир этганликда айбланмоқда.
Жумладан, унга Ўзбекистон конституциявий тузумга тажовуз қилганлик, Ўзбекистонда террористик деб топилган исломий гуруҳлар таркибида фаолият юритганлик айблари қўйилган.
Бундан ташқари, Турсуновга Олмаота шаҳридаги қочқинлардан иборат диний жамоат фаоли, деган айблов ҳам қўйилган.
Қашқадарё вилоят МХХ терговчиси томонидан ушбу жамоат экстремистик, сепаратистик, террористик руҳдаги гуруҳ, дея таърифланган.
Хайрулло Турсунов ўзбек расмийлари томонидан қўйилган барча айбловларни рад этади ва Ўзбекистонга юборилган тақдирда қийноқларга солиниши мумкинлигини айтади.
Қозоғистон расмийлари 2011 йил ёзида ҳам 29 нафар ўзбек қочқинин Ўзбекистонга топшириб юборганди. Ўшанда Остонанинг бу хатти-ҳаракати халқаро ҳамжамият томонидан қаттиқ танқид қилинганди.
Fikr bildirish