Қиш Жиззах қишлоқларида яшовчиларнинг сабрини синаяпти
Қиш чилласида Жиззах қишлоқлари аҳолиси коммунал тизими дурустроқ бўлган шаҳарчаларга кўчиб ўтиш чораларини излашмоқда.
Шу йилнинг 15 декабридан бошлаб тўхтовсиз ёғаётган қор туфайли юзага келган шарт-шароит Жиззах вилоятининг Жиззах туманига қарашли Равот қишлоғи аҳолисини қиш фаслида марказга яқинроқ шахарчаларга ўтиб яшашга мажбур қилмоқда.
Кўпчилик туғилиб ўсган уйини вақтинча ташлаб чиқиб, шаҳарчадан ижарага арзонроқ квартира топишга уринаяпти.
Шу қишлокда яшаётган Алибой аканинг сўзларига кўра, ўзига тўқ оилалар Жиззах марказидаги қулайроқ инфратузилмага эга бўлган шаҳарчаларга кўчиб кетишмоқда, қолган шароити оғир оилалар эса қаҳратон синови билан рўбарў колмоқда.
«Кўп оилаларда ёш, вояга етмаган гўдаклар бор, уларни қишдан соғ-омон олиб чиқиш учун эса ёқишга на кўмир, на ўтин бор!», – дейди куйиниб Алибой ака.
Қишлоқ аҳли электр ва газ тўловларини имкониятлари даражасида пенсия ва маошлари ҳисобидан тўлаб келаётган бир пайтда, бу ерда истемолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қўпол равишда бузилиб, электр ва газ кунига атиги 2 соатдангина узатилмоқда.
Бу муаммони ҳал қилиш бўйича вилоят ва туман раҳбарлари томонидан етарли чоралар кўрилмаётгани равотликлар ташвишини янада орттирмоқда.
Fikr bildirish