Сиёсий маҳкум Мурод Жўраев муддатига яна 3 йил қўшиб берилди
Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖИЭББга қарашли Олмалиқдаги колонияда жазо муддатини ўтаётган Мурод Жўраевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси 2-қисми билан 3 йилу 24 кун муддат қўшиб берилган.
2012 йилнинг 4 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар суди томонидан ўтказилган маҳкама тафсилотлари ҳақида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти хабар қилди ва суд ҳукмининг мутлақо сиёсий характерга эга эканини таъкидлади.
“Эзгулик” вакилларига кўра, суд мажлисида Мурод Жўраев ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унинг қариндошлари ҳам маҳкама ўтишидан хабарсиз қолган.
Суд қарорига мувофиқ, Мурод Жўраев шу йилнинг турли ойларида рухсат берилмаган жойда чекиш, ётоққа пойабзал билан кириш, чойни тамакига айирбошлаш, ободонлаштириш ишларида қатнашмаслик сингари айблар билан турли муддатларга жазо карцерига ташланган. Бу ҳол жиноий жазони ўташ муассасасида қоидабузарлик деб топилиб, 4 декабрь кунги ҳукмга асос сифатида олинган.
“1994 йилнинг 16 сентябрида ҳибсга олиниб, 1995 йилнинг 31 майидаги Олий суд ҳукми билан 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган Мурод Жўраевга бешинчи марта муддат қўшиб берилди. Ҳолбуки, у бутунлай соғлиғини йўқотган, бир неча амнистия актлари уни четлаб ўтган. Ҳозирда мазкур ҳукм юзасидан жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судига апелляция тартибида шикоят берилди”, дейилади “Эзгулик” хабарида.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Мурод Жўраевга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини мутлақо адолатсиз ва сиёсий характерга эга, деб ҳисоблаб, юқори инстанция судларини мазкур ҳукмни бекор қилиш ва Жўраевни озод қилишга чақирган.
Жамият вакили “Жараён” мухбири билан суҳбатда ўз ташкилотининг Мурод Жўраев озод бўлиши учун ҳаракат қилаётганини айтди.
Fikr bildirish