Кексалик гаштидан мосуво айрим ўзбек аёллари туркиялик қариялар хизматида
Россия, Жанубий Корея, Америка ва Қозоғистон каби мамлакатларни тўлдираётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бугунда тирикчилик ортидан Туркияга ҳам ерлашмоқда.
Асосан Туркиянинг Истанбул, Анталия ва Измир каби йирик шаҳарларида меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг кўпчилигини аёллар ташкил қилиши кузатилади.
Ўзбек аёллари асосан бадавлат турк оилаларида хизматкорлик, энагалик билан шуғулланади ва касалманд турк қарияларини парвариш қилади.
Бу меҳнатлари эвазига улар, тошкентлик суҳбатдошимиз Камолахоннинг айтишича, ойига 600 АҚШ долларигача ҳақ олади ва шу билан қаноатланади.
Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида ёшлар қатори нафақа ёшидаги онахонларни кўплаб учратиш мумкин.
Улардан бири Дилоромхон ая бир йил аввал Туркияга келган. Асли тошкентлик бу аёл Истанбулдаги хонадонларнинг бирида 94 ёшга кирган қарияни парвариш қилади
“Ота-онамга қилмаган хизматни қилиб ўтирибман. Тагини тозалайман, ювинтираман, овқатлантираман. Мену сиздан бу кампирнинг мияси яхши ишлайди. Бирор ери касалмас, энди қаричилик-да”, дейди ўзи ҳам олтмишни қоралаб қолган Дилоромхон ая.
Тошкентда қолган қизи ва невараларини соғиниб яшаётганини гапирган суҳбатдошимиз, ўз мамлакатидаги иқтисодий танглик сабабли “шу юртларга келиб қолгани”ни ҳикоя қилди.
“Энди ўзимизда турмуш фаровон бўлса, шунақа қилиб юрармидик. Оладиган нафақалар ҳам ҳеч нарсани қопламай қолди. Баъзи муаммолар ортидан уйимни сотиб, уйсиз қолдим. Укам уйига жойлади, лекин келиннинг қўлига қараб ўтиришни ор деб билдим ўзимга. Бу ерда уч-тўрт йил ишласам, Тошкент бўлмаса, сал четроқдан икки хонали уй олишим мумкин. Энди Худойим шунинг жонини соғ қилсин, ўлиб-нетиб қолмасин”, – дейди тасбеҳ ўгириб ўтирган кампирга ишора қилган тошкентлик Дилором ая.
Аёл Туркияда ўзи тенги ва ҳатто ундан ҳам катта ёшдаги ўзбекистонлик аёллар кўпчиликни ташкил қилишини айтади.
“Ҳаммаси ҳам турк тилини билавермайди, шу турк сериалларига қараб, оз-моз тил ўрганаяпмиз. Кўп қариндошларим Россияда ишлашади, лекин у ерда бизникиларнинг қадри йўқ. Туркияда бизни бегона қилишмайди, муносабат яхши. Фақат қонунни бузмасангиз, бас, ишлаб юраверасиз”, – дейди нафақа ёшида туркиялик қарияни парвариш қилаётган ўзбек аёли.
Беш йил аввал турк йигити билан турмуш қурган Камолахоннинг гапларига ишонадиган бўлсак, Туркиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аксарияти ноқонуний фаолият юритади.
“Расмий қайддан ўтмай ва полиция таъқибидан қочиб яшаган ҳамда иш жойини тез-тез ўзгартириб юрган сарсон юртдошларимиз анчагина. Биттасини биламан – беш йил бўлди ана шунақа аҳволда. Отаси ўлиб кетган, онаси билан укалари Андижонда қолган. Ўшаларни боқаман деб бу ёққа келган ёш қиз, анча қийналиб юрибди. Энди ортга қайтай деса, ор қилади, Туркияга келган қизларга нисбатан Ўзбекистонда ёмон фикрлар бўлгани учун. “Туркияда тезда эрга тегиб олишим керак”, дейди бечора қиз. Бу ерда ҳам ўзбекистонлик, туркманистонлик қизларнинг кўпи фоҳишалик билан шуғиллангани учун турк оилалари уларга ишонмайди ва келинликка қабул қилмайди”, дейди суҳбатдошимиз.
Камолахон ўзининг турк оиласига келин бўлиши тасодиф эканини очиқчасига эътироф қилди.
“Мени бу ерга холам олиб келган, “яхши жойга ишга жойлайман, пул топасан, уй оласан”, деб. Лекин келганимиздан кейин мени икки ойча уйига қамаб қўйди. Кейин бир турк савдогарига мени йигирма минг долларга сотмоқчи бўлди. Мен бу хабарни эшитиб, холамнинг уйидан қочдим. Бўлғуси эрим билан тасодиф туфайли танишганман. У нима деса, ўшанга рози бўлиб, холамнинг таъқибидан қутилиш мақсадида шу йигитга турмушга чиқдим. Ҳозир ўғлим беш ёшга тўлди”, дейди бошидан кечирганларини кўзларида ёш билан эсга олар экан Камолахон.
Туркия газеталарида собиқ шўро республикалари, жумладан, Ўзбекистондан аёлларни келтириб, бу ерда сотиш ва фоҳиша сифатида ишлатиш билан шуғулланаётган гуруҳлар қўлга олингани ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқиб туриш мумкин.
Бу хабарларда жон борлигини тасдиқлаган суҳбатдошимиз Камолахон Туркияда ишлаб юрган юртдошлари, айниқса кексалик даврини турк оилаларига хизмат қилиш билан ўтказаётган онахонларга муносабатдан жуда хафа бўлишини айтади.
“Чунки туркларнинг ҳаммасини ҳам яхши, деб бўлмайди. Барибир бизга булар “ябанжи” (хорижлик деган маънода – “Жараён”) деб қарашади, хўрлашади. Тил билмаганларга яна ҳам қийин. Битта фарғоналик аёлни биламан. Бошидан ўтганларини йиғлаб-йиғлаб айтиб берган. Битта бой туркнинг уйида хизматкор бўлган. У сигарет чекса, бошида тик турар экан, имо-ишора қилса, сигарет қолдиғини югуриб ахлат челакка ташлаб келар экан. Ўзбегимнинг хўрланганини кўрсам, чидай олмайман”, дейди тошкентлик Камолахон.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида виза тизими 2003 йил ёзида, яъни икки давлат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашгани ортидан жорий қилинган эди.
2007 йилда эса Туркия Озарбайжон ва Марказий Осиё ўлкалари учун виза тартибини бекор қилди. Бунинг ортидан Туркияга келиш истагида бўлганлар сони ошди.
Гарчи Туркия ҳудудида ишлаш учун кўплаб қийинчиликлар мавжуд бўлса-да, Марказий Осиё фуқаролари орасида бу мамлакатга кириб келаётганларнинг катта қисмини ўзбекистонликлар ва туркманистонликлар ташкил қилаётгани айтилади.
Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасига яқин манбанинг “Жараён”га билдиришича, “Туркияда ишлаётган ўзбекистонлик кўплаб муҳожирлар ноқонуний ишлаётир”.
Fikr bildirish