Толиб Ёқубов: Сабоқ
“Бир уядан турли қуш учади” деганларидай Озод Шарофутдинов халқимизнинг буюк адибларидан бўлса-да, ул зотнинг ўғли Алишер Шарофутдинов ўзбекнинг жаллоди ва қотили бўлиб етишди, Ислом Каримов шакллантирган мустабид тузумга аввал Ички ишлар вазирлиги (ИИВ), кейинчалик эса Бош прокуратура тизимларида содиқлик билан хизмат қилди.
Ислом Каримов режимига содиқлик билан хизмат қилаётганларга
ОЧИҚ ХАТ:
Равшан Муҳитдинов ва Алишер Шарофутдинов мисоли ҳар бирингизга сабоқ бўлиши керак
Шу кеча-ю кундузда Алишер Шарофутдиновнинг ишдан олинганлиги ҳақида маълумот эълон қилинди. Ўзбекистондаги сиёсий тузум ўзига содиқларни ҳам аямаслигини эътиборга олинса, у қамалиши ҳам мумкин. Мана мисол: Жиззах ва Тошкент вилоятлари прокурори, президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Равшан Муҳитдинов ҳам бу тузумга содиқлик кўрсатган эди ва … 15 йилга қамалиб кетди.
Алишер Шарофутдинов ИИВда Бош тергов бошқармаси (БТБ)ни бошқарганда беайб мусулмонларни қатағон қилишда ўзини кўрсатди. Мен бу фикримнинг тасдиғини бир муслима аёл мисолида кўрсатмоқчиман. Манзура Абдуллаева Тошкентда содир бўлган 1999 йил 16 февраль портлашларида айбланиб, отувга ҳукм қилинган Баҳром Абдуллаевнинг синглиси бўлади. Машъум бу воқеаларнинг асл буюртмачи ва ижрочилари кимлар эканлиги ҳанузгача номаълум бўлиб қолмоқда. Баҳром Абдуллаевга нисбатан чиқарилган ҳукм ижро этилгани ҳақида ҳукумат эълон қилган, бироқ бу Ўзбекистонда қачон инсонпарвар сиёсий тузум шакллансагина, унинг мазкур портлашларда иштироки бўлганми-йўқми, аниқ бўлиши мумкин.
Манзура сурхондарёлик бўлиб, юзидан нур ёғилиб турган, қордай оппоқ сочли ва соқолли, ёшлари 80 лардан ошган, ислом илмини мукаммал билган муйсафид бир инсоннинг (у киши 2003 йили менинг уйимга Манзура билан бирга келганлар) фарзанди эди. Унинг тўрт нафар фарзанди бўлиб, Тошкентда яшар, ўта камтар мунис бир муслима аёл эди. 2003 йилнинг 25 октябр куни кундузги соат 12-00 да Манзура Абдуллаеванинг хонадонига Алишер Шарофутдиновнинг ходимлари, ЎзР ИИВ тезкор ходимлари Саидкарим, Баҳром, Ҳасан, Алишер ва Сирожлар бостириб киришган. 5 кундан кейин Манзура Абдуллаева ташкилотимизга ёрдам истаб келди. Қуйида унинг хати ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Алишер Шарофутдинов номига битилган ОЧИҚ ХАТИни келтирмоқдаман.
ЎзР ИИВ Тергов бошқармаси бошлиғи,
милиция полковниги, жаноб А. О. Шарофиддиновга
ОЧИҚ ХАТ
Ҳурматли Алишер Озодович!
Эслашимча, якиндагина, шу йилнинг 2 сентябр куни Ўзбекистон инсон хукуклари миллий маркази мажлислар залида ўтказилган республика тергов ва бошка идораларининг амалиётидан қийноқларга барҳам бериш бўйича миллий режани муҳокама қилишга доир анчайин салмоқли анжуманда бу ерда ҳозир бўлганларни тергов идораларида қийноқлар ҳамда муомала ва жазонинг бошка ваҳшиёна, ғайриинсоний ёхуд камситувчи кўринишлари кўлланилмаслигига Сиз (ва факат Сиз эмас) ишонтирмокчи бўлгандингиз. Шундай эмаслигини билиб турсангиз ҳам, Сиз барибир бу очиқчасига ёлғонга кўл урдингиз.
2003 йилнинг 25 октябр куни кундузи соат 12-00 да Манзура Абдуллаеванинг хонадонига Сизнинг ходимларингиз – ЎзР ИИВ тезкор ходимлари Саидкарим, Баҳром, Ҳасан, Алишер ва Сирожлар бостириб киришди. Узок йиллардан бери улар билан бирга ишлаганингиз учун, ўйлайманки, уларни фамилияларисиз хам таниб оласиз.
Бу одамлар бир лаҳзада – инсон ҳибсга олинишининг дастлабки соатларидаёқ, ундан исталган иқрорни суғуриб ола оладилар. Бу ерда эса уларнинг олдида вояга етмаган тўрт фарзанди бўлган, умуман ҳимоясиз, ёлғиз аёл турган эди. Шундай экан, уни бир хўрламасинларми?! Ахир уларни ўтган мустақиллик йилларида нимага ўргатишди? Ахир улар ҳимоясиз эркаклару аёлларга қарши ўзларининг садистларча ҳулклари туфайли ҳам сувда чўкмайдиган тоифага айландилар-ку.
Эдуард Чжен, Олег Биченов, Михаил Гуревич, Михаил Ардзинов, Борис Пинхасов, Сергей Шиняев ва Евгений Ровинский каби қанча-қанча ўзбек халкининг азамат вакиллари сиёсий режимга сидқидилдан хизмат қилишмоқда. Уларнинг ҳаммасини санаб бўлармиди? Шубҳа килмаса хам бўладики, уларнинг мисоли ўзбек халқи вакилларининг Бегманов, Закруллаев, Қаршиев, Саидкарим, Баҳром, Ҳасан, Алишер, Сирож, … каби бошка қисмини илҳомлантириб турибди. Буларнинг ҳам ҳаммасини санаб бўлмайди.
Манзура Абдуллаева ЎИҲЖга қуйидаги мактуб билан мурожаат қилди. Биз унинг матнини жузъий қисқартиришлар билан келтираяпмиз:
Ҳурматли Толиб ака ва ЎИҲЖ фаоллари! Ўзбекистон ИИВ ходимларининг тинимсиз босимидан ҳимоясиз ҳолда қолган аёл сифатида сизларга мурожаат қилмоқдаман. Турмуш ўртоғим Икромов Фахриддин Файзуллаевич 2001 йилнинг 14 октябр куни ички ишлар ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Уни, ўзларининг айтишларича, қидирувда бўлган имом Фахриддинов Руҳиддин билан алоқадорликда айблашди.
Тергов 8 ой давом этган бўлиб, шу вақт мобайнида у даҳшатли қийноқлар ва камситишларга дучор этилди. Жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар Акмал Икромов туман маҳкамаси (судья – Фарҳод Шукуров) уни 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм килди. Мана икки йилдирки, 4 нафар вояга етмаган фарзандим билан қолиб, бир сафар у, бир сафар бу таниш ва нотаниш одамлардан садақа сўрашга мажбурман.
Ҳатто шу ҳолатда ҳам милиция ходимлари менинг оиламни тинч кўйишмаяпти. 25 октябр куни хонадонимга бостириб кирган ИИВ ходимлари ҳатто оёқ кийимларини ҳам ечмай, хоналарга кириб кетишди ва ноқонуний тинтув ўтказишди. Бунда улар безбетларча шкафлар ва бошка уй жиҳозларини тепиб: «Бизда сенинг уйингни ёқиб юборишга ҳам рухсат бор», – деб бақиришарди. Ўша куни меникига акам ва укам (филология фанлари номзоди – Мухаммад Абдуллаев ва Аббос Абдуллаев) ҳамда жияним Абдурасул Абдуллаев (19 ёшда) лар келишган эди.
Милиция ходимлари келганда улар меникида эди. Милиционерлар Аббос ва Абдурасулнинг кўлларига кишан солиб, мен билан бирга ИИВга олиб кетишди. У ерда биз билан ниҳоятда қўпол муомала қилишди. Мени ўзим умуман танимайдиган қандайдир одамларга қарши кўрсатма ёзишга мажбурламоқчи бўлишди. Мен уларга бу кишиларни танимаслигимни неча марта қайтарсам ҳам, улар мендан уларга қарши туҳмат қилишимни талаб қилишарди. Сўроқни Нишонбой Бегманов олиб борди.
Бироқ ундан аввал олдимга Сирож, Саидакбар, Ҳасан, Алишер, Баҳром ва Маратлар келиб, мени сўроқ қилишди. Улар мени сўкиб, ҳамма нарсани тан олишимни талаб қилишди. Айниқса Саидакбар мен билан жуда қўпол муомалада бўлди. У мени ўз хонасига олиб кириб, сўкканча сочимдан ушлаб, бошимни деворга бир неча бор урди. У мени узоқ вактгача қийнади. У жазавага тушганча шундай деб қичкирар эди:
“Ҳозир эринг йўқ, калтаклайдиган одаминг йўк. Ёшинг нечада, ўзингга бир разм сол, кампирга ўхшайсан. Мен сенинг таъзирингни бераман, умуртқангни синдираман, имом Руҳиддин Фахруддиновнинг аёли Раҳима Аҳмадалиевага қилган ишимни киламан. Сен ҳам у билан бирга қамоққа тушасан. Қанақа ислоҳотлар бўлса ҳам, билиб кўйки, у озодликка чиқмайди. Сенинг эринг ҳам чиқмайди. Ҳаммангни турмада чиритамиз. Болаларинг етимхонага тушади. Тан олмагунингча, бу ердан чиқмайсан. Бўри кўзларингни ўйиб оламан, шунда тилга кирасан. Сенинг тарафингни ким олса ҳам, бутун дунёга қанча жар солсалар ҳам, ҳеч нарсага эришолмайсан”.
Унинг бу қичқириғи шундай сўкиш ва ҳақоратлар билан бирга отилиб чиқаётган эдики, менимча, бунақасини ҳатто бандитларнинг оғзидан ҳам эшитилмаса керак. Гарчи Бегманов бизни кечаси соат 11 гача ИИВ да ушлаб турган бўлса-да, мен бошида буни қандайдир англашилмовчилик бўлса керак, деб ўйладим. Хато қилган эканман. 27 октябр куни ҳаммаси яна қайтарилди. Агар Бегмановнинг талабларига риоя қилинадиган бўлса, мен ИИВга ҳар куни келиб, индамай унинг ифлос сўзларини эшитиб ўтиришим керак экан. Мен у ерга боришга қўрқаман.
Биринчидан, бир муслима сифатида уларнинг сўкишларини эшитишга менинг кучим етмайди.
Иккинчидан эса, улар ўз таҳдидларини амалга оширадигандек туюлаяпти менга. Улар менга қарши жиноий иш сохталаштиришлари мумкин. Ҳозирда Алишер исмли терговчи мендан маҳалладан тавсифнома, болаларимнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларидан нусхалар ва яшаш жойимдан маълумотнома олиб келишни талаб қилмоқда. Унинг айтишича, акс ҳолда, менинг устимдан ЖКнинг 242-моддаси билан жиноят иши кўзғатилар экан.
Мени ИИВдаги зўравонлар қўлига ташлаб қўймаслигингизни сўрайман. Оилам учун оғир бўлган шу кунларда нима килишим кераклигини маслаҳат берсангиз.
Ҳурмат билан Манзура Абдуллаева. 30 октябр, 2003 йил.
Жаноб ИИВ Тергов бошқармасининг бошлиғи, мамлакат президенти, Алматов, Қодиров, Халилов, Саидов (ва бошқалар) ва ниҳоят Сиздек давлат одамлари кишиларни Ўзбекистонда демократия борасидаги ишларнинг ўз жойида эканига ишонтирмоқчи бўлаётган бир пайтда, нима учун жаноб З.Алматовнинг ёнида, тўғрироғи, унинг шундоққина биқини остида мудҳиш жиноятлар содир бўлаётганини тушунтириб бера олмайсизми? Одамларни қийноққа солишмоқда, ҳақоратлашмоқда, обрўсини поймол этишмоқда. Ахир ёзувчи Эмин Усмон ва ҳуқуқ ҳимоячиси Шовриқ Рўзимуродовнинг ўлими Сизнинг одамларингизнинг ва шу жумладан, Сизнинг ҳам зиммангизда экани ўзингизга аён-ку.
14 ноябр куни Каримов Шерзод (Манзура Абдуллаеванинг опасининг куёви), унинг укаси Музаффар ва онаси ИИВга сўроқ қилиш учун олиб борилдилар. Сўроқни М. Абдуллаевани қийноққа солган одамларнинг ўзи олиб борди. Улар Ш. Каримовдан турмуш ўртоғининг ўз холаси М. Абдуллаевадан Куръон таълими олганлигини ёзиб беришни талаб қилишди. «Қанақа оила билан қариндош тутинганингни тушунаяпсанми? Булар ахир ваҳҳобийлар, тоғалари – террорчилар-ку. Ўзи аслида биз бу ерга сени эмас, хотинингни олиб келишимиз керак эди», – дейишди сизнинг одамларингиз, жаноб ИИВ Тергов бошқармаси бошлиғи. Ш. Каримов Сизнинг туҳматчиларингизга, гарчи Манзура Абдуллаева ўзининг узоқ қариндоши бўлса ҳам, уни бор-йўғи икки марта кўрганини ва унинг ўз оиласидаги ҳеч кимга Қуръондан сабоқ бермаганини айтган.
Сентябр ойининг бошларида Музаффар Каримовнинг турмуш ўртоғининг ака-укалари Абдушукур ва Абдуманноблар қамоққа олинган ва улар ҳозирда Сизнинг одамларингизнинг даҳшатли қийноқлари остида кўрсатма беришмоқда. 7 ноябр куни ИИВга уларнинг онаси Зуҳра опа ва иккита опа-сингиллари олиб келинган. Улардан бирининг айтишича, ака-укалари таниб бўлмас даражада калтакланган ва майиб қилинган. Жаноб ИИВ Тергов бошқармаси бошлиғи, Сизнинг одамларингиз безбетларча Зуҳра опадан М. Абдуллаеванинг ўз қизларига Исломдан сабоқ беришганини ёзиб беришни талаб қилишган.
Жаноб ИИВ Тергов бошқармаси бошлиғи, одамларингиз ўзларининг жиноий ҳаракатлари билан Ўзбекистон республикаси конституциявий тузумига тажовуз килаётгандек туюялмаяптими Сизга? Уларни ЎзР ЖКнинг 159-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортишнинг вақти келмадимикин? Ўзингизга маълумки, бу иш билан МХХ ходимлари шуғулланиши керак. Лекин, биласиз, у ерда ҳам қийноқлар ҳамда муомала ва жазонинг бошқа ваҳшиёна, ғайриинсоний ёхуд камситувчи кўринишлари борасидаги аҳвол бундан яхши эмас.
ИИВ, МХХ, прокуратура ва «ўзбек судлов тизими» манфаатларининг ўзаро муштараклиги, кўринишидан, Сизнинг ходимларингизга ўз жиноий қилмишлари окибатсиз ва жазосиз колишига умид бағишлаётганга ўхшайди. Беҳуда умидлар. Тарих ҳамиша барча зўравонликларга ва ҳамма зўравон режимларга ўзининг адолатли баҳосини бериб келган.
Бизнинг кузатишларимизга қараганда, сўнгги пайтларда ИИВ ва МХХ тинч мусулмонларга қарши қатағоннинг янги босқичини бошлашаяпти. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти бу жараённи мониторинг қилишга бор кучини сарфлайди ва бунинг натижаларини мамлакат жамоатчилигига ҳам, дунё демократик ҳамжамиятига ҳам маълум қилиб боради.
Ислом Каримов режимига содиқлик билан хизмат қилаётганлар, кўзингизни очинг! Равшан Муҳитдинов ва Алишер Шарофутдиновлар мисоли ҳар бирингизга сабоқ бўлиши керак! Мустабид тузумга хизмат қилиш ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган – буни тарих такрор ва такрор исботлаган. Халққа ёмонликни ортиғи билан қилиб қўйгансизлар. Ҳаётимиз ва фаолиятимиз ҳамма вақт бир текис кетаверади, деб ўйласангиз, катта хато қиласиз. Жиноятларингизни кўпайтирманг. Ҳозироқ эс-ҳушингизни йиғиб олинг. Акс ҳолда, навбат сизга ҳам келади. ХАЛҚ, ТАРИХ ва ЯРАТГАН олдида жавоб беришингизни унутманг! Ҳаётингизни, ўтмишингизни бир сарҳисоб қилинг ва этагингизни вақтида ёпинг!
Толиб Ёқубов
ЎИҲХЖ фахрий президенти
Fikr bildirish