Қозоқ мусулмонлари tele2 хизматидан норози

Ҳуқуқлари бузилганини айтаётган қозоғистонлик айрим мусулмонлар маҳаллий мобил алоқа хизматидан воз кечди.

Олмаота Марказий масжидига қарашли azan.kz сайтининг ёзишича, tele2 алоқа оператори мижозлар розилигисиз чақирув гудогига рождество ва янги йил ҳақида қўшиқларни улаб қўйган.

 

Тele2 мобил оператори машҳур Jingle bells ва Верка Сердючканинг янги йил ҳақидаги қўшиқларни ўз абонентларига ҳадя сифатида текинга ўрнатган.

Ушбу оператор мижозларига қўнғироқ қилган одам узун гудок ўрнига юқорида келтирилган қўшиқларнинг бирини эшитиши мумкин.

Azan.kz сайти маъмурияти совға ҳар қанча эзгу ният билан қилинган бўлса-да, бунда мижозлар эътиқодини ҳисобга олиш лозим, деган фикрда.

“Бизга бу каби совға керак эмас. Китоб аҳлига ҳурматимизни сақлаган ҳолда, биз Исонинг мавлудини нишонламаймиз. Шу билан бирга, Қурбон ва Рамазон ҳайитларини нишонламайдиган бошқа дин вакилларига ҳам қаршилигимиз йўқ. Бу нормал ҳолат ҳисобланади ва ҳар бир диннинг ўз ички ишидир”, дейилади мусулмонлар сайтида келтирилган мақолада.

Azan.kz таъкидича, хизмат кўрсатаётган ширкат мижозлар фикрини инобатга олиши керак.

“Масжид имомининг чақирув қўнғироғига Верка Сердючканинг қўшиғини ёки Jingle bells рождество мусиқасини уларнинг розилигисиз қўйиш мумкин эмас. Нафақат имомларга, балки дини ва эътиқодидан қатъий назар, ҳеч кимга розилигини олмасдан бундай қилиш мумкин эмас”, дейилади мақолада.

Марказий масжид маъмурияти tele2 алоқа ширкатига ушбу мусиқаларни олиб ташлашни ва мижознинг розилигисиз ўрнатмасликни сўраб мурожаат қилган.

Масжид маъмуриятига кўра, бу каби мусиқалар мижозларнинг розилигидан кейингина ўрнатилиши мумкин ва ана шунда ҳеч кимнинг ҳуқуқи поймол бўлмайди.

Tele2 ширкатига тегишли веб-саҳифаларда мусиқага оид мавзу кенг муҳокама қилинган. Кўплаб мижозларни уни узиб ташлашни сўрашган. Аммо ширкат ушбу сўровларнинг ҳаммасини беэътибор қолдирган ва ушбу хизматга яна бир текин мусиқани киритган.

Фикр билдирганлардан бири tele2 мижозига яқин кишиси оламдан ўтганлиги муносабати билан таъзия билдириш мақсадида қўнғироқ қилган вақт Jingle bells ни эшитиб ноқулай аҳволга тушганини ёзади.

Tele2 алоқа ширкати ушбу хизматни истаган одам операторга якка тартибда мурожаат қилиш ёки маълум рақамга қисқа хабар йўллаш орқали воз кечиш мумкинлигини билдирган.

Бироқ Марказий Масжид маъмурияти: “Агар мижоз ҳеч қанақа мусиқа ўрнатишни сўрамаган бўлса, нима учун бу каби қийинчиликларни бошдан ўтказиб, ўзи узиши керак?” деган саволга жавоб берилмаганини айтади.

“Ширкат ўз мижозларининг миллий, диний, маданий ва бошқа қадриятларини эътиборга олмаслигини ҳисобга олиб, биз ушбу операторнинг хизматларидан воз кечишга мажбурлигимизни маълум қиламиз”, – дея билдиради Олмаота Марказий масжидининг маъмурияти.

Масжид маъмурияти ушбу мурожаатни tele2 нинг Стокҳолмдаги бош офисига юборишни маълум қилган.

Tele2 ширкати Қозоғистонга 2010 йили кириб келган. Асосан хизмат нархларининг арзонлиги билан машҳур ушбу компания қозоғистонликлар орасида жуда тез оммалашиб кетгани айтилади.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.