Янги 2013 йилга янги истак ва орзулар билан!
Муҳтарам муштарийлар, юртдошлар, маслакдошлар!
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Сизларнинг ҳаммангизни кириб келаётган 2013 йил билан табриклайди ва Сизга дунёдаги энг эзгу тилакларни тилайди!
Ўзбекистон фуқаролик жамияти учун 2012 йил инсон ҳуқуқлари ўлчови нуқтаи назаридан аввалги йиллардан фарқ қилгани йўқ. Ўзбекистондаги авторитаризм яшашда ва тобора мустаҳкамланишда давом этди. Ўзбекистонликларнинг тамал ҳақ-ҳуқуқлари, айниқса сиёсий ҳуқуқлари аввал қандай бузилган бўлса, бу йил ҳам ана шундай топталди.
Афсуски, инсон ҳуқуқлари ва демократиянинг асосий душманларидан бири геосиёсат бўлиб ҳисобланади. 2012 йилда ғарб, айниқса АҚШ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилаётганини кўрмай қўйди.
Бунга сабаб АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги координация ва геосиёсий мақсадга мувофиқликдир. Бироқ реал воқелик яхши томонга ўзгаргани йўқ. Билъакс, ўзбекистонликлар тушунчасида репрессив режим йилдан йилга даҳшатли қиёфа касб этмоқда. Ўзбекистон жамияти учун ягона қўрқув манбаи бор – бу Ислом Каримов ҳокимияти ва режимидир.
2012 йилда Ўзбекистон сиёсати Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова томонидан монополиялаштирилиши билан ҳам ўзига хос бўлди. Халқаро ташкилотлар ва кузатувчиларга кўра, Гулнора Каримова Ўзбекистон ва хорижий оммавий ахборот воситаларида тез тилга олиниши бўйича ўз отаси бўлмиш Ислом Каримовни ҳам ортда қолдирган.
Ўзбекистон моҳиятан республика бўлмай қолиб, секин-аста репрессив монархияга ўтиб кетиши юзасидан хавотирларимиз тобора ошиб бормоқда, чунки Гулнора Каримова давлат раҳбари лавозимини эгаллашга оид даъволарини вақт ўтган сайин баландроқ овозда айтаяпти.
Диндорлар – мустақил қарашга эга бўлган мусулмонларни оммавий равишда ҳибсга олиш бу йил ҳам давом этди. Расмийлар, шунингдек, Ўзбекистонни ўзгача фикрлайдиганлардан тозалаш сиёсатини ҳам давом этказдилар. Бу йил Ўзбекистонни мухолифатдаги «Озод деҳқонлар» партияси раҳбари Нигора Ҳидоятова тарк этишга мажбур бўлди.
Яна кўплаб фуқаролик жамияти фаоллари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўз фаолиятини сусайтириш ёки умуман тўхтатишга мажбур бўлишди. Мамлакат қамоқхоналарида ўнлаб ҳуқуқ фаоллари ва демократик мухолифат вакиллари, диний-сиёсий сабабларга кўра қамалган минглаб маҳбуслар азоб чекмоқда.
Айни пайтда 2012 йили биз – фуқаролик жамияти вакиллари режим устидан бир муҳим ғалабани қўлга киритдик.
Бу йил Ўзбекистон расмийларига кўп йиллик босимлар натижасида режим қишлоқ хўжалиги соҳасида мажбурий болалар меҳнатидан воз кечишга мажбур бўлди. Янги йилда биз бу умумий муваффақиятимизни ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлашда давом этамиз.
Олдинда янги 2013 йил турибди. Биз янги йилда ҳам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўз фаолиятимизни давом эттирамиз ва Сизларнинг ҳар бирингиз билан ҳамкорлик қилишга умид қиламиз.
Сизни кириб келаётган янги йил билан чин кўнгилдан қутлаймиз ҳамда Сизга сиҳат-саломатлик, бахт-иқбол, муваффақият ва барча яхши тилакларни тилаймиз!
Янги йил ўттиз миллионли Ўзбекистон учун тарихан хайрли, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва муҳофаза қилиш борасида ижобий ўзгаришларга бой, демократик ислоҳотларга ибтидо бўлган, диктатура тугайдиган ва барча ўзбекистонликларга бешикаст эркинлик бахш этадиган йил бўлсин!
Мўътабар Тожибоева,
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари,
Париж, Франция
2012 йилнинг 30 декабри
Fikr bildirish