“Амансаулиқ” ўз офисида ўтказилган тинтувдан арз этди
Қозоғистондаги “Амансаулиқ” жамоатчилик жамғармаси ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўз офисида бўлган тинтув ва техникаларни тортиб олинишидан шикоят қилмоқда.
Асосан соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва маҳбуслар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи “Амансаулиқ” жамоатчилик жамғармаси офисида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси терговчилари тинтув ўтказган ва ташкилотга тегишли оргтехника ва ҳужжатларни олиб кетган.
“Амансаулиқ” вакиллари иддаосича, тинтув қонунга хилоф равишда ўтказилган ва жамғарма раҳбарияти ёки ходимлари тинтувда иштирок этмаган.
Жамғарма президенти Бахит Туменованинг Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Нуртай Абикаевга ёзган шикоятида айтилишича, “Амансаулиқ” офисини тинтишга келган терговчилар жамғармага умуман алоқаси бўлмаган тинтув тўғрисидаги қарорни кўрсатишган.
“Суриштирув ҳаракатлари ушбу офиснинг мулкдори М.К.Кетебаев номига очилган жиноят иши бўйича 2012 йил 15 декабрида чиқарилган ҳибсга олиш ва тинтув ўтказиш қарорига асосланиб, олиб борилди. Бироқ “Амансаулиқ” жамоатчилик жамғармаси ва ходимларига нисбатан ҳеч қандай жиноий иш очилмаганди”, дейилади шикоятда.
Шикоятда ёзилишича, “Амансаулиқ” жамғармаси Кетебаевга тегишли бўлган бинони ижарага олган. Кетебаевга нисбатан очилган жиноят ишига жамғарманинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Шу билан бирга, жамғарма ходимларига тегишли бўлган компьютер ва жамғарманинг 5 йил давомида тўплаган ҳужжатлари олиб кетилган.
Олиб кетилган ҳужжатлар орасида одамларнинг шикоятлари, мурожаатлари, информацион-таҳлилий ҳужжатлар ва ходимларга тегишли ҳисоб-китоб ҳужжатлари бўлган.
Икки кундан кейин офисдаги шахсий буюмларини олишга кирган ходимлар синдирилган сейф, узилиб ётган шкаф эшикчалари ва ерда сочилиб ётган ҳужжатларни кўришган.
Жамғарма раҳбарияти ижтимоий лойиҳалар ва одамларнинг ижтимоий ҳимоясига оид ишларни амалга оширувчи ташкилот фаолиятининг бутунлай фалажланганидан нолимоқда.
Халқаро миграция ташкилоти, БМТ, ЮСАИД каби халқаро ташкилотлар танловларида грант ютиб олиб, лойиҳаларни амалга оширувчи жамғарманинг иши тўхтаб қолиши мумкинлигидан хавотир билдирилган.
“Ушбу лойиҳа фаолияти тўхтаб қолиши нафақат жамғарма имижига, балки Қозоғистон обрўсига путур етказиши мумкин. Ахир Қозоғистон халқаро миқёсда ўзини демократик давлат сифатида танитиб келади, қонун ва тартибга содиқлигига доғ тушишини истамаса керак”, дейилади шикоятда.
Жамғарма офисида тинтув 19 декабрда амалга оширилган. Аммо орадан бир ой ўтган бўлса-да, ҳуқуқ-тартибот органлари бу борада ҳеч нарса дейишмаган ва олиб кетилган ашёларни эгаларига қайтаришмаган.
“Амансаулиқ” билан яқин ҳамкорликда ишлаб келган Сорос–Қозоғистон жамғармаси 22 январ куни ушбу жамғарма атрофидаги ишларга оид мурожаат билан чиқди ва ташкилотнинг тақдиридан хавотир билдирди.
Сорос жамғармаси “Амансаулиқ”қа нисбатан Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан содир этилган ваколатни суиистеъмол қилишни шаффоф ҳолда текширишга ва адолат қарор топтирилишига чақирган.
Эслатиб ўтсак, “Амансаулиқ” жамоатчилик жамғармаси 2010 йилда Олмаотада қўлга олинган ва 2011 йили Қозоғистондан Ўзбекистонга ноқонуний равишда экстрадиция қилинган 29 нафар ўзбек қочқинларининг оилалари, жумладан, бемор аёллари ва фарзандларига тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмаклашган эди.
Fikr bildirish