Йигирма тўққиз қочқин тақдирига оид янги тафсилотлар
«Жараён” таҳририятига қароргоҳи Францияда жойлашган АСАТ – France инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти тақдим этган маълумотлар ёрдамида 2011 йили Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 нафар қочқиннинг тақдирига алоқадор янги тафсилотлар маълум бўлди.
Жорий йилнинг январь ойи охирларида Париждаги АСАТ – France (Ўлим жазоси ва қийноқларга қарши насронийлар ассоциацияси) инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти халқаро ҳуқуқ ҳимоячиларига Қозоғистон Бош прокуратураси БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси 2012 йилнинг 1 июнь куни 48-сессиясида Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 нафар шахс масаласи бўйича қабул қилган қарори юзасидан ўтган йилнинг 8 ноябрь куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Бош бошқармасига юборган хабарномасини тақдим этди.
Ушбу воқеа тарихига қисқача тўхталиб ўтсак. Бу кишилар ўзбекистонлик мусулмон қочқинлар бўлиб, улар Ўзбекистонда ўз диний қарашлари сабаб махфий хизматлар таъқибига дучор бўлгандилар. Айнан шу сабаб улар Қозоғистондан бошпана излаб келишга мажбур бўлганлар. Аммо 2010 йилнинг ёзида улар Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги сўровига биноан Олмаота шаҳрида қўлга олинганди.
Ўзбекистон томони уларни оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик, жумладан, терроризм, диний-экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ва бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузиш ва уларда иштирок этиш ҳамда жиноий уюшмалар тузиш, уларда иштирок этиш ва бошқа қатор жиноятларда айблаганди. Қочқинларнинг ўзлари аввал-бошдан бу айбловларнинг барчасини рад этиб келганлар.
Бир йил давомида 29 нафар қочқин Олмаота шаҳридаги тергов ҳибсхоналарида сақланди ва 2011 йили Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. У ерда эса қочқинларнинг аксари узоқ йилга қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар.
2012 йилнинг июнида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистон бу одамларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш орқали «Қийноқлар ва шафқатсиз, ғайриинсоний ёки кишини хўрлайдиган муносабат ва жазо турларига қарши конвенция»нинг 3 ва 22-моддаларини бузганига оид қарор чиқарган. Чунки аксар халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқ ва шафқатсиз муносабат систематик характерга эга эканлигини эътироф этиб келадилар.
Шундан сўнг БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистон расмийларидан экстрадиция қилинган 29 нафар ўзбек қочқинининг Қозоғистонга қайтарилиши ва уларга товон пули тўланиши дохил тегишли ҳимоя воситалари билан таъминлашни талаб қилган.
Ўтган йил охирида “Жараён” ўзининг Ўзбекистон ичидаги манбаси ва экстрадиция қилинган айрим қочқинларнинг аёллари берган маълумотларга таянган ҳолда Қозоғистон расмийлари қўшни мамлакатга махсус вакилини жўнатганини, бу одам «Тоштурма»да экстрадиция қилинган ўзбек қочқинлари билан учрашганини маълум қилганди.
Ўз навбатида, қамоқдаги қочқинлар ўз яқинларига Қозоғистон вакили билан суҳбатда уларнинг ҳеч қайсиси Ўзбекистонга экстрадиция қилинган кундан буён дучор қилинаётган аёвсиз қийноқлар ҳақида гапириб бера олмаганини ва ҳозирга қадар уларнинг аҳволи ўта аянчли эканини маълум қилганлар.
“Қозоғистон вакили улардан: «Ўзбекистонда қийноққа солиндингизми?» деб сўрабди. Аммо Ўзбекистон томони олдиндан қочқинларга: «Агар шикоят қиладиган бўлсангиз, ўзингиздан кўринг» деб, уларни огоҳлантириб қўйган экан. Шунинг учун ҳам 29 кишининг ҳаммаси қийноқ бўлмади, деб айтишга мажбур бўлишибди”, – дея маълум қилганди “Жараён” нинг Ўзбекистон ичидаги манбаси. Шунингдек, экстрадиция қилинган қочқинлар ўз яқинларидан қамоқдаги аҳвол оғир экани ҳақида БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасига етказишларини сўрагандилар.
Ўз маълумотномасида Қозоғистон вакиллари 2012 йилнинг 3 августидан 14 августига қадар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган экстрадиция қилинмиш 29 нафар қочқиннинг 18 нафари билан учрашганларини билдирган.
“Мазкур учрашувларнинг асосий мақсади судланганларнинг ҳуқуқларига нақадар риоя қилинаётгани бўйича вазиятга ойдинлик киритиш, уларнинг қамоқда сақланиш шароитлари, тергов жараёнида, суд пайтида ва жазони ўташ пайтида қўлланиши мумкин бўлган қонунга хилоф эҳтимолий жисмоний ва руҳий босимлар, шафқатсиз ва инсон қадр-қимматини ерга урадиган муносабат ва жазо турлари бор-йўқлигини аниқлаш эди”, – дейилади Қозоғистон Бош прокуратураси маълумотномасида.
Шунингдек, қозоқ Бош прокуратураси вакиллари ўзлари учрашган экстрадиция қилинмиш қочқинларнинг исм-шарифлари келтирилган рўйхатни ҳам тақдим этган. Ўн саккиз кишининг исм-шарифи келтирилган рўйхатда қуйидагилар бор: Сулайманов Турсунбой, Шодиев Акмалжон, Абдусаматов Тоиржон, Ғуломов Муҳитдин, Нуриллаев Бахтиёр, Нуриллаев Баҳриддин, Толипов Сирожиддин, Қўлдошев Ойбек, Хуррамов Сарвар, Шарипов Отабек, Ботиров Шуҳрат, Қурбонов Қобилжон, Бозоров Суҳроб, Ёқубов Абдуазимхўжа, Ҳошимов Алишер, Тўраев Равшан, Пардаев Исобек ва Умаров Файзиддин.
Шунингдек, Қозоғистон Бош прокуратураси тергов тадбирлари ўтказилаётгни боис қолган етти нафар (Акбаров Ф.К, Болтаев А.А., Қосимов А.М., Остонов У.Х., Холтураев О.М., Каримов Д.Д., Холбоев Ш.Б.) экстрадиция қилинмиш қочқин билан учрашув, ўзбек томони вакилларининг сўровига кўра, кечиктирилганини билдирган. Қозоғистон Бош прокуратураси экстрадиция қилинмиш 29 нафар қочқиннинг яна учтасига (Йўлдошев М.Ф., Пўлатов О.А. ва Раҳматов У.Э.) нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланилгани ҳамда яна бир қочқин Жалолхонов С.Т га нисбатан очилган жиноий иш амнистия актига асосан бекор қилингани боис улар бу кишилар билан учрашмаганларини ҳам келтириб ўтган.
Қозоғистон Бош прокуратурасига кўра, вакиллар билан учрашув пайтида юқорида исмлари келтирилган қамоқдаги 18 нафар киши дастлабки тергов ва суд пайтида уларга нисбатан қийноқ, қонунга хилоф жисмоний ва руҳий таъсир этиш ёки бошқа таъқиқланган чоралар қўлланилмаганини маълум қилганлар.
“Уларнинг ҳар бирига адвокат тақдим этилган, бунга қўшимча тарзда уларга шахсий адвокатларни ёллашга ҳам рухсат берилган. Судланганларнинг қамоқдаги сақлаш шароити, овқатланиш ва тиббий хизмат кўрсатишга нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқ. Учрашув якунида ҳар бир судланган бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ва қийноқларга қарши қўмиталарига керакли аризаларни ёзиб бердилар. Бунга қўшимча равишда дипломатларнинг илтимосларига биноан судланганларнинг баданларида дўппослаш ёки қийноқлардан қолган эҳтимолий излар бор-йўқлигини кўриш учун ҳам текширув ўтказилди. Бу шахсларнинг баданларида тан жароҳати асоратлари аниқланмаган. Шунингдек, учрашув пайтида судланганлар қамоқхона ички тартибига кўра қариндошлари билан доимий учрашиш, посилкалар ва озиқ-овқатларни олиш ҳуқуқига ҳам эгалар”, – дея маълум қилади Қозоғистон Бош прокуратураси БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бош бошқармасига йўллаган маълумотномасида.
“Жараён” экстрадиция қилинган 18 нафар қочқиннинг БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига ёзган аризаларини ҳам қўлга киритишга муваффақ бўлди. Унда қочқинлар ўзбек қамоқхоналаридаги шароитдан арз қилмасликларини, тергов ва суд пайтида уларга нисбатан қийноқ, дўппослаш ёки руҳий босим ўтказилмаганини ёзиб ўтганлар.
Қамалган қочқинлардан бири Қурбонов Қобилжон эса БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига номига ёзган аризасида ҳаттоки “Мен ўз ватаним бўлмиш Ўзбекистонни севаман”, дея қистириб ўтган.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, 18 нафар қочқин ёзган ариза матнлари мутлақо бир хил. Шунинг учун бизда бу ариза матнлари Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан аввалдан тайёрланган ва сўнг қатъий буйруқ асосида экстрадиция қилинмиш кишиларга мажбуран ёздирилган, деган фикр пайдо бўлди.
“Ўтюраклар клуби” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳам айнан шундай фикрда эканини айтади. У, аксар халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари каби, Қозоғистон Бош прокуратураси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига йўллаган маълумотномасини шубҳа остига қўяди.
“Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон қамоқхонасидаги маҳкумларнинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқлари бўлмайди. Қозоғистон ҳукумати амалдорлари эса Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳкумларга қўлланиладиган қийноқларни била туриб, Ўзбекистонга бериб юборилган ва адолатсиз судлов сабабли узоқ йилларга қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, Ўзбекистоннинг турли қамоқхоналарида қийноқлар қурбони бўлаётган қочқин-маҳкумларни Тоштурмага (Тошкент шаҳридаги 1 сонли тергов изоляторига) келтириб, у ерда бу маҳкумлар билан учрашганлар ва олдиндан тайёрланган ўзларига нисбатан қийноқлар қўлланилмаётгани, ҳақ-ҳуқуқлари бузилмаганлиги ва бузилмаётганлиги ҳақидаги сохта ҳужжатларга имзо чектириб олиб, БМТга топширганлар. Бу билан Қозоғистон ҳукумати нафақат Ўзбекистон ҳукуматининг жиноятларини хаспўшлаган, балки Ўзбекистон ҳукуматининг жиноятларига шерик бўлган”, – дейди ҳуқуқ фаоли.
Унинг айтишича, “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси чиқарган қарорга асосан бугунги кунда инсон ҳуқуқлари масаласида “ижобий натижаларга эришгани сабабли” БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлган Қозоғистон ҳукуматининг ушбу қочқинларга компенсация тўлаши масаласини кун тартибига олиб чиқиш ташаббусини кўтармоқда ва нуфузли халқаро ташкилотлар ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашига умид қилмоқда.
«Бундан ташқари, Қозоғистонда ҳисбга олинган 32 нафар қочқинни ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилиб, фаоллик билан ушбу қочқинларни ҳимоя қилиб келган ва ҳозирги кунда фаолиятини тўхтатган “Қозоғистондаги қочқинларни қутқариш қўмитаси” иш фаолиятини қайта тиклаб, ушбу қочқинларнинг оила аъзолари, яқинлари тақдиридан хабардор бўлиш, уларни ҳимоя қилиш ва қочқинларнинг аянчли тақдиридан жаҳон хамжамиятини хабардор қилиш, Ўзбекистондан чиқиб кетиб, ўзга ўлкаларда хор-зор бўлаётган миллатдошларимизни ҳимоя қилиш билан шуғулланиши учун ҳаракатларимизни бошлаганмиз. Яқин кунларда “Қозоғистондаги қочқинларни қутқариш қўмитаси” расмий рўйхатдан ўтиб, иш фаолиятини бошлайди”, – деди ўз сўзи якунида Мўътабар Тожибоева.
Fikr bildirish