Жиззах вилоят суди Саида Қурбонова аризасини қондирмади
Шу йилнинг 24 январь куни “Бирдамлик” ҳаракатининг Жиззах вилоятидаги фаоли Саида Қурбонованинг иши судда кўрилди.
Саида Қурбонова 2012 йилнинг 6 декабрь куни безориликда айбланиб, 15 суткалик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
У суд томонидан белгиланган жазо муддатини тўлиқ ўтаб чиққач, жазо белгиланган пайтдаги холатлардан норози бўлиб, вилоят судига кассация тартибида шикоят аризасини киритганди.
Саида Қурбонова суд жараёнида давлат қораловчиси ва унинг ҳуқуқларини судда ҳимоя қилувчи адвокат билан таъминланмаганидан норозилигини изҳор қилди. Шунингдек, уни ёлғон ваъдалар билан уйидан олиб чиқиб, бир чойхонада жанжал уюштиришга эришган маҳалла фуқаролар йиғини раиси Товбой Солиев ҳам судда гувоҳ сифатида қатнашмаган.
Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди ишни кассация тартибида қайта кўришни 24 январь куни соат 10:00 га белгилаб, унга Саида Қурбоновани ҳам таклиф этди. Шу куни ўтказилган маҳкама жараён очиқ тарзда кечди.
Кассация судида даъво аризасида талаб қилинган шахслар иштирок этмай, даъвогар ва ҳимоячидан бошқа шахслар қатнашмаса-да, раислик қилувчи Ўктам Холмуродов жараённи шу куни соат 10:00 да бошлаб, соат 11 да биринчи инстанция, яъни Пахтакор туман судида кўрилган ишни тўғри деб топганини билдириб, қарор чиқарган.
Саида Қурбонованинг ҳимоячиси Раҳим Худойқулов эндиликда улар янада юқорида бўлган инстанцияга шикоят қилишда давом этишларини маълум қилди.
Fikr bildirish