ББС: Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев халқаро мукофотга номзод
Бу йил ҳам нуфузли ҳайъат дунёнинг турли мамлакатларидан 90 дан ортиқ ҳуқуқбонларнинг номзодини кўриб чиққан.
28 январда ҳайъат мукофотнинг якуний босқичига ўтказилган олти ҳуқуқ ҳимоячисининг рўйхатини эълон қилган.
Уларнинг ичида Камбоджа, Эрон, Колумбия, Ўзбекистон Мавритания ва Кения давлатлари инсон ҳақлари ҳимоячилари бор. Номзодлари мукофотга қўйилган барча ҳуқуқ ҳимоячилари ўз мамлакатида ҳукумат томонидан босим ва таҳдидларга дуч келишган. Улардан иккитаси – Комбоджа ва Колумбиялик ҳуқуқбонлар айни пайтда қамоқда қолаётгани айтилади.
«Ўтюраклар клуби» Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти бу мукофотга Ўзбекистондан Бахтиёр Ҳамроевни тавсия қилган.
Ташкилот раҳбари Мўътабар Тожибоева буни шундай изоҳлайди: » FrontLineDefenders» ташкилоти хавфли ҳудудларда фаолият олиб борадиган ҳуқуқбонлар учун мукофотга номзодларни кўра бошлаганда, мен ҳеч иккиланмасдан Бахтиёр Ҳамроевни тавсия қилдим. Бахтиёр ака соғлиги жуда оғир аҳволдалигига қарамасдан, ҳукуматнинг босим ва таъқиблари остида ўзининг ҳуқуқни ҳимоя қилишдек қийин фаолиятини давом эттирмоқда».
«Шубҳасиз, бугунги кунда Ўзбек турмаларида қолаётган ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячилари бу мукофотга лойиқдирлар. Мисол учун, бу йил ҳам амнистияга тушмаган Жаслиқдаги қамоқхонада сақланаётган Аъзам Фармонов, ўзининг фаолияти учун қамоқда қайноқ сув билан қийноқларга тутилган Аъзам Турғунов, журналист Дилмурод Саййид, уни кўришга қамоқхонага бораётган хотини ва қизи йўлда автоҳалокатга учрашган эди, кекса журналист Солижон Абдурахмоновлар ҳар қандай юксак мукофотларга лойиқ.
Мен Бахтиёр Ҳамроевни тавсия қиларканман, у ҳуқуқбонлик фаолияти туфайли орттирган саратон касаллигининг оғриқлари билан олишиб, ўз ишини давом эттираётган, халқининг манфаатлари учун курашаётган бу инсон ўз меҳнати мевасини тотиб кўришга хақли деб ўйладим, дейди Мўътабар Тожибоева.
Охирги 16 йилда Бахтиёр Ҳамроев ҳуқуқбонлик фаолияти билан шуғулланиб, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах бўлимини бошқариб келади.
Бахтиёр Ҳамроев қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячиларини уларнинг оила аъзолари билан боғлашда, маълумотларини бир-бирига етказишда, маҳкумларнинг қийин аҳволда қолган оилалари моддий ва ҳуқуқий ёрдам олишлари учун ўз ёрдамини бериб келмоқда.
Саратон касаллигининг сўнгги босқичини бошидан кечираётганига қарамасдан, халқ манфаатларини ҳимоя қилишдан тўхтамаган Бахтиёр Ҳамроев ўзининг ҳуқуқ фаолияти ҳақида шундай дейди: «Бизнинг ҳуқуқ ҳимоячилари тарихига қарасак, уни икки даврга бўлиш мумкин. Андижон қирғинидан олдин ва кейин. Бу икки давр бир-биридан кучли фарқ қилади. Ўзбекистонда Андижон воқеаларидан олдин секин-секин кўп иш қилинганди. Афсуски, Андижон воқеасидан кейин аҳвол жуда оғирлашди».
«Ҳозир бу ерда жудаям кам, бармоқ билан санарли ҳуқуқ ҳимоячилари қолишди. Лекин улар барибир курашишмоқда. Шундай вақт келадики, адолат, ҳақиқат, ўз ватани, халқининг келажаги учун курашганларнинг орзулари албатта рўёбга чиқади. Бу менинг орзуим. Ҳозир соғлигим унча яхши эмас. Лекин бу қўл қовуштириб ўтиришим керак, дегани эмас. Мен курашишим керак. Менинг ҳаётимда жуда оғир пайтлар бўлган, лекин тушкунликка тушмаганман. Мен аҳвол яхши томонга ўзгаришига, бизнинг орзуларимиз рўёбга чиқишига ишонаман», – дейди жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси.
Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев халқаро мукофотга номзод
Fikr bildirish