Қозоғистон суди ўзбекистонликни бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилди
.Чимкент маҳкамаси Ўзбекистон ва Қозоғистонда бир қатор қотилликлар содир этган Пўлатбай Бердиалиевни бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Ўзбекистон фуқароси бўлган Пўлатбай Бердалиев ва унинг икки шериги 2012 йилнинг март ойига қадар Қозоғистонда ва Ўзбекистонда 11 аёлни ўлдириб, қимматбаҳо буюмларини талон тарож этган.
Жиноий ишлар бўйича Чимкент шаҳар туманлараро ихтисослаштирилган суди Бердалиевга бир умрлик қамоқ жазоси берди.
“Судланувчи муқаддам Алматининг бир туман суди томонидан босқинчилик ва ўғриликда айбланиб 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Бироқ 2010 йилда у муддатидан олдин шартли равишда озодликка чиқарилган. Шартли равишда озодликка чиққан вақтида у яна жиноят содир этди”, – дейди туманлараро ихтисослаштирилган маҳкама раиси Абинур Қарабаев.
Уюшган жиноий гуруҳ Тошкент шаҳри ва вилоятида 2011 йилнинг куз ойларида 7 аёлни ўлдирган ва жасадларни йўл бўйига ташлаб кетган.
Бердалиев ва унинг икки шериги томонидан содир этилган қотиллик Жанубий Қозоғистонда илк бор 2011 йилнинг 21 декабр куни қайд этилган.
Маҳаллий аҳоли чимкентлик 30 ёшли аёлнинг мурдасини Алмати – Тошкент автомагистралининг ёнидан топиб олган. Экспертлар аёлнинг бўғиб ўлдирилганини аниқлашган.
Суриштирув ишларидан маълум бўлишича, аёл икки кун олдин поезддан тушган ва таксига ўтирган. Шундан кейинг уни ҳеч ким кўрмаган.
Орадан икки ой ўтиб Алмати – Тошкент йўлининг Толеби туманидан ўтувчи қисмидан маҳаллий одамлар яна бир ўлдирилган аёлни топиб олишади. 25 ёшли Ўзбекистон фуқароси Сариоғочдан Чимкентга таксида йўлга чиққан бўлган.
Орадан икки кун ўтиб Чимкент шаҳрида яна 54 ёшли яна бир аёлнинг мурдаси топилади.
Бундан ташқари, Қазиғурт тумани ҳудудида 40 ёшли аёлнинг ўлиги чиқади.
Тўртала қотиллик ҳам бир-бирига ўхшаш бўлганлиги сабаб, ушбу ҳолатлар бир жиноий ишга бириктирилади.
2012 йилнинг май ойида Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаменти ходимлари муқаддам Алмати шаҳрида босқинчилик ва талончилик бўйича судланган 26 ёшли Ўзбекистон фуқаросини қўлга олади. У тергов суриштирув жараёнида содир этган жиноятларини бўйнига олади.
Ҳозирда 27 га кирган Пўлатбай Бердалиев уч кишидан иборат жиноий гуруҳнинг бошлиғи дея эътироф этилмоқда.
Бердалиев қўлга тушгандан кейин Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органлари Ўзбекистонда унинг бир шеригини ҳибсга олади. Жиноий гуруҳнинг учинчи аъзоси қидирувда.
“Қўлга олинганлар бир хил схемада ҳаракат қилишган: эркакларнинг бири таксичилик қилган. Йўл йўлакай шерикларини мижоз сифатида машинага ўтқазиб олган. Кейин улар ўз қурбонларини жинсий зўрлашган ва бўғиб ўлдиришган. Уларнинг пул ва тилла тақинчоқларини ўмаришган. Кейин қонуний ва ноқонуний йўллар билан Ўзбекистонга ўтиб, ўғирланган нарсаларни бозорда пуллашган, – дейди Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаменти матбуот котиби Салтанат Қоракўзова.
Оғир жиноятларни содир этишгани учун Пўлатбай Бердалиев Жиноят кодексининг “қотиллик”, “жинсий зўрлаш”, “босқинчилик” ва “бир ва бир неча жиноятни ташкил қилиш мақсадида ташкилий гуруҳ тузиш ва раҳбарлик қилиш” бандларида айбдор деб топилди.
Суд Бердалиевга қатъий режимли колонияда ўташ шарти билан бир умрлик қамоқ жазоси белгилади.
Пўлатбай Бердалиевнинг 27 ёшли шериги Ўрмонов Ўзбекистонда ҳибсга олинган. 2012 йилнинг 30 ноябр куни Тошкент вилоят маҳкамаси унга бир умрлик қамоқ жазоси белгилаган.
Ушбу йигитлар ташкил этган жиноий гуруҳнинг учунчи аъзоси қидирилмоқда.
Fikr bildirish