Бахтиёр Хамраев: Мен ҳеч қачон тушкунликка тушадиган одам эмасман
Қароргоҳи Дублинда жойлашган Front Line Defenders ташкилоти ҳар йили хавфли ҳудудларда фаолият юритаётган юзга яқин ҳуқуқ фаолларининг номзодларини кўриб чиқиб, улардан фақатгина биттасини бошқалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга улкан ҳисса қўшгани сабаб мукофот билан тақдирлайди.
Жорий йилда ташкилот 90 нафар ҳуқуқ фаолининг номзодини кўриб чиқиб, улардан атиги 6 нафари исмини мукофотга номзодлар рўйхатига киритди. 28 январь куни эълон қилинган ушбу рўйхатда Камбоджа, Эрон, Колумбия, Ўзбекистон, Мавритания ва Кенияда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида фаолият юритаётган инсонларнинг исмлари келтирилган.
Бу йил “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти мазкур мукофотга Ўзбекистондан таниқли ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Хамраев номзодини тавсия қилди.
Бунинг сабабини ташкилот раҳбари Мўътабар Тожибоева қуйидагича изоҳлайди:
“Хавфли ҳудудларда фаолият юритувчи ҳуқуқ ҳимоячиларини мукофотга тақдим этиш жараёни бошлангани ҳақида материал рассилка қилинганини кўрганимдан кейиноқ мен бугунги кунда аҳволи оғир бўлишига қарамай, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида фаолият юритиб, доимо босим ва хавф-хатарда яшаб келаётган Бахтиёр Хамраев номзодини мукофотга тавсия қилдим.
Албатта бугунги кунда ўзбек қамоқхоналарида ётган ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячилари бунингдек юксак мукофотга муносиблар. Масалан, Ўзбекистоннинг энг мудҳиш қамоқхонаси бўлмиш Жаслиқда қолаётган ва амнистияга тушмаган Аъзам Фармонов, фаолияти сабабли қамоққа олинган ва қайноқ сув билан куйдирилган Аъзам Турғунов, айнан уни кўриш учун қамоқхонага кетаётганда турмуш ўртоғи ва фарзанди автоҳалокатда ҳалок бўлган Дилмурод Саййид, қарилик гаштини суриш ўрнига қамоқхонада қолаётган Солижон Абдураҳмонов.
Лекин бедаво дард жон-жисмини азоблаётган, айнан ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун таъқиб ва босимларга учраганидан бу дардни орттириб олган Бахтиёр Хамраев ҳам, фикримча, ўзбек халқи учун қилган меҳнатларининг роҳатини кўришга ҳақли”, – деди Мўътабар Тожибоева.
Бахтиёр Хамраев ҳаётининг сўнгги 16 йилини инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бағишлаб келаяпти. У Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах бўлимини бошқариб келган ва бу ҳудудда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини аниқлаш билан шуғулланган. Сўнгги йилларда Хамраев қамоқда қолаётган ҳуқуқ ҳимоячилари ва уларнинг оилалари ўртасида ўзаро боғлаб турувчи ҳалқа ролини ўйнади, ҳуқуқ ҳимоячиларининг қамоқдаги аҳволи, қўлланилаётган қийноқлар ва шафқатсиз муносабат ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка тарқатди ҳамда уларнинг оилаларига юридик ва молиявий кўмак олишларида ёрдам кўрсатиб келди.
Хасталигига қарамай, Бахтиёр Хамраев Жиззахдаги инсон ҳуқуқлари бузилишига оид маълумотларни тарқатишда ва қамоқда қолаётган ҳуқуқ ҳимоячиларининг оилаларига ёрдам кўрсатишда давом этаяпти.
Қуйида Бахтиёр Хамраев билан ўтказилган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Жараён: Бахтиёр ака, ушбу мукофотга номзодлар рўйхатига киритилганингизни эшитиб жуда хурсанд бўлдик, ажаб эмаски, яқин ўртада сизни бу мукофот билан табрикласак…
Бахтиёр Хамраев: Авваломбор, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевага ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу ташкилот менинг номзодимни тавсия қилибди, раҳматларим албатта.
Ушбу мукофотга номзодлари топширилган 90 нафар ҳуқуқ ҳимоячисидан олтитаси танлаб олинибди ва ўша олти нафар киши ичида менинг фамилиям ҳам бор экан. Албатта, бу ерда фақат биргина менинг хизматларим эмас, буни ҳеч қачон бундай тушунмаслик керак. Чунки ҳозир Ўзбекистондаги жамиятимизда рўй бераётган жараёнлардан бутун дунё жамоатчилиги хабардор.
Бир нарсани алоҳида қайд этиб ўтмоқчиманки, бизнинг ташкилот (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти – таҳр.) 1992 йилдан бери Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилди, аммо афсуски, бизни ташкилотни рўйхатга олмади. Мен 1996 йилдан буён ташкилотнинг Жиззах вилояти бўйича бўлимига раҳбарлик қилиб келдим. Жиззах регионидаги ҳуқуқ фаоллари инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича ўзларининг қилган катта ишлари бўйича алоҳида ажралиб турганларидан келиб чиқиб, шу мукофотга менинг номзодимни қўйганлар, деб ҳисоблайман. Ўзи Жиззах ўзи бир алоҳида регион.
Тарихда ҳаттоки Жиззах қўзғолони ҳам маълум. Шунинг учун мен бу мукофотга номзодим қўйилишини биргина менга бўлган ҳурмат, деб тушунмайман. Front Line мукофотига номзодим тақдим этилиши билан Жиззахда инсон ҳуқуқлари масаласи билан шуғулланаётган кишиларнинг ҳаракати, уларнинг меҳнати биринчи маротаба қадрланди, деб биламан.
Жараён: Ҳақиқатан Жиззах вилояти айниқса ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида жуда фаол регион бўлиб ҳисобланади. Ҳуқуқ фаоллари ҳам кўп, қилган ишларингиз ҳам кўп. Лекин биласизки, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти жуда ўнгланиб қолгани йўқ. Билишимизча, ўзингиз бир фаол сифатида 16 йилдан буён инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланаяпсиз. Баъзан бир ишни қилаверсанг, қилаверсанг, аммо катта бир натижага эришилмайдиган бўлса, одамнинг ҳафсаласи пир бўлиб кетади. Шунақа тушкунлик кайфияти сизда ҳам бўлиб турадими?
Бахтиёр Хамраев: Асло. Буни мен юзлаб маротаба қайтаришим мумкин. Шахсан менда бундай кайфият кечмаган. Чунки ҳар қандай жамиятда уни тозалаш, келажак авлод учун уни ривожланган ҳолда қолдириш учун курашадиган одамлар анча бўлган – у Бахтиёр бўладими, Эшмат бўладими, Тошмат бўладими – бундай одамлар бўлган ва улар курашни давом эттирган. Ҳозир ҳам шундай, кураш давом этаверади. Бу тарихий жараён.
Энди Жиззах вилояти масаласи келадиган бўлсак. Биз ташкилотимизни ташкил қилганда, унда 127 киши бор эди. Биз инсон ҳуқуқлари масаласида жуда кўплаб ҳаракатлар қилдик. Жамиятда бўлаётган ишларга ўз муносабатимизни билдириб, кўпларни қамоқдан озод қилиш бўйича ишларни қилдик, пикетлар ўтказдик. Аммо биз ҳеч қачон тушкунлликка тушмаганмиз.
Иккинчидан, Жанубий Африкани мисол сифатида олинг. У ерда миллат отаси деб тан олинган Нельсон Мандела Жанубий Африка миллий озодлиги учун курашган ажойиб бир инсон. Ҳамиша кураш жараёнида у курашчи сифатида менинг кўз олдимга келарди. Чунки Мандела 27 йил қамоқда ётиб, озодликка чиқса ҳам ватанни ташлаб чиқиб кетмади. Унда ўз жонини сақлаб қолиш ёки четдан туриб ўша жараёнларни бошқариш имконияти бор эди. Лекин у ватанни ташлаб чиқиб кетмади. “Буларни мен ватанни ташлаб чиқиб кетмадим, мен қаҳрамонлик кўрсатдим”, деган маънода айтаётганим йўқ. Вацлав Гавелни олинг. Чехия қамоқхоналарида нима дардларни кўрган одам. Охир-оқибатда у Чехиянинг президенти бўлди ва халқ энг кўп ҳурмат қиладиган инсон бўлиб етишди. Мана шулардан келиб чиқиш керак, менимча, бошқа мисолларнинг кераги ҳам йўқ.
Жараён: Ҳар бир одамда эзгу ният, орзу-ҳаваслар бўлади. Яқинда тўй қилиб, фарзандингизни уйлабсиз. Бу ҳам бир ота сифатида эзгу ният, орзу-ҳавасларнинг ушалиши, дейиш мумкин. Энди бир ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида, бир инсон сифатида, бир ўзбекистонлик ўзбек сифатида энг катта орзуингиз нима, Бахтиёр ака?
Бахтиёр Хамраев: Ўзбекистон ривожланишдан жуда орқада қолиб кетди. Менинг орзуим, бу кунларни кўрамизми-йўқми, бу бир ёки икки йиллик нарса эмас, бунга йигирма-ўттиз йил керак бўлади. Орзуим Ўзбекистон келажаги порлоқлигини кўриш. Бунда мен Ўзбекистонни бир алоҳида мамлакат сифатида қарамайман.
Юз йиллар мобайнида талаш бўлиб келаётган Марказий Осиёда Оллоҳ томонидан берилган табиий бойликлар жуда кўп. Марказий Осиёдаги бешта мамлакат иқтисодий бирликдан келиб чиқиб, ҳудди Европа Иттифоқидек дунё жамоатчилигига чиқишини ва халқларнинг фаровонлиги ошишини истайман. Шуларни кўришни истайман.
Жараён: Бир фуқаро сифатида гўзал орзуларингиз бор экан. Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида орзуларингиз қандай?
Бахтиёр Хамраев: Келинг, бир ҳуқуқ ҳимоячиларининг тарихига бир назар солайлик. Уларнинг тарихини иккига бўлсак бўлади. Андижон қатлиомигача бўлган давр ва Андижон фожиасидан кейинги давр. Буларнинг иккиси бир-биридан умуман фарқли. Ўзбекистонда Андижон фожиасигача жуда катта ишлар олиб борилаётган эди. Аста-секинлик билан кўп ишлар амалга оширилаётган эди. Минг афсуски, Андижон фожиасидан кейин инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича жуда оғир аҳволда қолдик.
Ҳозир мамлакатда саноқли ҳуқуқ ҳимоячилари қолди, холос. Аммо улар ҳам ўз курашини давом эттираяпти. Вақти келади (аммо ҳали бунга анча бор), ҳақиқат учун курашаётган, халқ учун курашаётган, келажак учун курашаётган, ватаним деган инсонларнинг орзу-ҳаваслари албатта амалга ошади. Шу мени орзуим. Ҳозир соғлиғимнинг мазаси йўқ. Аммо бу “дардни Оллоҳ берди, ўзи олади” деб ётиш дегани эмас. Албатта курашиш керак. Ҳаётимда шундай оғир кунлар ўтганки, аммо мен ҳеч қачон тушкунликка тушадиган одам эмасман. Мен жараён яхши томонга боришига ва орзуларимиз ушалишига албатта ишонаман.
Жараён: Интервьюингиз учун катта раҳмат, Бахтиёр ака. Биз ҳам ўз жамоамиз номидан сизга мустаҳкам соғлиқ тилаб қоламиз.
Front Line Defenders нинг хавф остидаги ҳуқуқ фаоллари учун мукофотининг лауреати жорий йили кечроқ Дублиндаги тақдимотда эълон қилинади.
Fikr bildirish