Эри таъқибидан қочган ўзбек аёли Туркиядан бошпана изламоқда
Кузатувчилар сўнгги йилларда оиладаги зўровонлик қурбони бўлган ўзбек аёлларининг бошпана ахтариб Туркияга бош олиб қочаётгани кузатилаётганини айтишаяпти.
“Ишонинг мана шу ёқларга қандай келиб қолганимни билмайман. Эрим бошимга роса муштлаб урарди. Деворнинг қиррасига пешонамни урарди. Авваллари “эр, турмуш шу, ҳамманинг ҳам эри уради”, деган ўйда ўзимни тинчлантирардим. Кейин бошим оғрийдиган, уйқум қочиб, қон босимим ошиб кетганидан бўлиб қолди, эр муштига тоқатим қолмади. Ота-онамнинг уйига қочиб кетардим. Тундаям бўлса бориб, ўша ердан уриб-уриб, уйга олиб келарди. Бир амаллаб суд орқали ажралиб олдим. Лекин барибир тинч қўймади”, дейди наманганлик Умидахон.
Аёлнинг айтишича, собиқ турмуш ўртоғи уни ўлдиришга жазм қилган.
“Ишонсангиз, ҳар бир қадамимни пойларди. Ўзим якка бирор ерга боролмасдим, бир ерга бориб ишлашга ботинолмасдим. Болаларим ҳам бирор кишининг кузатувисиз мактабга боролмай қолди. “Ушлаб олсам, ўлдираман” деб, ёнида болтами, пичоқми олиб юрарди. Азбаройи жонимдан ўтиб кетганидан икки марта дори ҳам ичдим “ўлсам, ўлиб кетаверай” деб”, дейди уч боланинг онаси Умидахон.
Бу таъқиблар ортидан у уч боласини яқинлари қарамоғида қолдириб, яшаб турган жойини тарк этгани ва икки йил аввал Туркияга бориб қолганини айтди.
Турк тилини яхши билмаган ўзбек аёли Умидахон ўртоқлари ёрдамида Истанбулдан иш топди.
“Қария парвариш қилдим, касал чолга қарадим, бола боқдим, уй тозаладим, хуллас, ҳамма ишни қилдим бу ерда. Ҳозир мана икки ой бўлди – бир аёлнинг икки яшар боласига қараяпман. Озиқ-овқат ва изн (Туркия ҳудудида яшаш учун расмий рухсат – “Жараён”) ичида 750 АҚШ доллари атрофида иш ҳақи оламан. Лекин болакай роса шумтака, асабларим чидамай кетади. Турк болаларининг табиати бизникиларга сира ўхшамайди. Булар роса тантиқ, жуда эркин болалар, чидаш қийин. Боланинг ота-онаси ярим тундаям чақираверади, баъзида роса қийнаворишади. “Ватанга қайтиб кетай” десам, эримдан қўрқаман, қолай десам, роса қийналиб кетдим. Турк халқи бизга кўпам ишонавермайди, бунга ҳам сабаб ўзимиз. Бошқа томондан болаларимни роса-роса соғиндим”, дер экан Умидахон юзини кафтлари орасига олиб хўрсиниб йиғлайди.
Умидахон эрининг таъқибидан бутунлай қутилиш ва болаларини ҳам Истанбулга олиб келиш учун Туркия давлатидан бошпана сўраганини айтади.
“Бунинг эвазига Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечдим, қоидаси шунақа экан. Агар илтижойим қабул бўлса, Туркия давлати мен ва болаларимни бутунлай ўз қарамоғига олади. Ўшандан кейин эримнинг зулмидан қутиламан, болаларим билан мана шу ерда тинч-осуда ҳаёт кечириш имконига эга бўламан”, дейди Умидахон.
Ўз болалари тарбияси билан шуғулланиш имконидан маҳрум бўлиб, мажбуран ватанини тарк этган ўзбек аёли шу кунларда боши қаттиқ оғриётганини айтади.
“Лекин шундай бўлса-да, турк болакайнинг инжиқликларига чидашга мажбурман, чунки шундан келаётган даромад эвазига Наманганда қолган жигарбандларимни боқаяпман”, дейди у.
Умидахоннинг гапларидан хулоса қиладиган бўлсак, оиладаги зўровонлик қурбони бўлган ўзбек аёллари бошпана ахтариб Туркиянинг турли шаҳарларига бош олиб қочаётгани, кўп бўлмаса-да, кузатилади.
“Яқинда бир ватандошим билан гаплашиб қолдим. Улар Эскишаҳарда яшаётган экан. Ўзи билан бирга опаси ҳам ана шунақа муштумзўр эридан қочиб, бу ёқларга келиб қолган экан. Унинг эри қамоқдан чиққанидан кейин: “мен қамоқдалигимда юриб қўйгансан, ўлдираман сени”, деб таъқиб қилганмиш. Ўшанга бу ерларда яшириниб юрибди. Ҳозир ўша опа-сингиллар ҳам БМТнинг қочқинлар идорасига мурожаат қилган эрларнинг таъқибидан қутулиш учун. Агар ижобий жавоб берилса, шу жойда ерлашишади”, дейди суҳбатдошимиз Умидахон.
БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги Анқара ваколатхонаси ходимларининг билдиришича, турли сабаблар билан бу идорага мурожаат қилиб, Туркиядан бошпана сўраётганлар сони ўтган йилларга нисбатан кўпроқ.
“Булар орасида Эрон, Бангладеш, Туркманистон ва Ўзбекистон каби мамлакатлар фуқаролари бор”, дейди ўзаро суҳбатда БМТ ходими.
Fikr bildirish