Душанбедаги қамоқхонадан ёш маҳбуснинг жасади чиқди

Шу йил 2 февралидан 3 февралига ўтар кечаси Тожикистон пойтахтида жойлашган 1-сонли қамоқхонада 21 ёшли Маҳмадшариф Насриддинов ўз жонига қасд қилган.

Маҳмадшарифнинг яқинларидан бири Аъзамшоҳ Солеҳовнинг маҳаллий ахборот воситаларига айтишича, қамоқхона ходимлари маҳбуснинг ёнидан мобил телефони топиб олган. Бунинг ортидан маҳкум қамоқхона нозирлари томонидан ваҳшийларча қийноққа солинган.

Аъзамшоҳ Солеҳовнинг иддаосига кўра, қийноққа чидай олмаган Маҳмадшариф тунги соат 2 да ўз камерасида чойшаб билан ўзини осган.

“Қамоқхона нозирлари жасадни бизга топшираётиб, “у руҳий носоғлом эди”, деб айтди. Лекин Маҳмадшарифнинг ота-онаси бир неча ҳафта аввал у билан учрашганида соғлиғидан мутлақо шикоят қилмаган”, деган “Азия плюс” хабар агентлигига гапирган Солеҳов.

Айни пайтда Тожикистон Адлия вазирлигининг республика Қамоқхоналарини назорат қилиш бош бошқармаси масъуллари мазкур воқеадан хабарсиз эканликларини билдирди.

Тожикистонлик маҳбусларнинг қамоқхонада ўз жонига қасд қилиш ҳолати илк бор қайдга олинаётгани йўқ. Бундан аввал, аниқроғи декабр ойи охирида Ваҳдат туманида жойлашган “Кирпичний” қамоқхонасида Файзулло Мансуров ҳам ўзини осиш билан ҳаётига нуқта қўйган эди.

Расмий маълумотларга кўра, 2012 йилда айнан ўша қамоқхонада яна уч маҳкум ўз жонига қасд қилган.

Тожик расмийлари маҳбусларнинг ўз-ўзини ўлдиришларига муносабат билдириб, “қамоқхона курорт жой эмас, ўзига яраша қийинчиликлари борлиги учун маҳкумлар бардош бера олмайди”, дейди.

Бироқ мустақил кузатувчилар фикрича, Тожикистон қамоқхоналарида қийноқлар кенг ва систематик тус олгани бунинг асл сабабларидан биридир.

 

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.