Қозоқ расмийларининг мулоҳазалари “Чегара билмас мухбирлар” вакилларида истеҳзо уйғотди
“Вақт қанча мўл бўлса, иш ҳам шунча мўл бўлади” матали давлатнинг энг муҳим ва масъул идораси бўлмиш Ташқи ишлар вазирлигининг баъзи амалдорлари учун тўғри келмайди. Афтидан, улар “қанча кам ишласанг, иш шунча камаяди” қабилидаги бошқача принципга амал қилган ҳолда ишлайдилар.
Бу Қозоғистондаги сўз эркинлиги вазиятидан ташвишланиб, мамлакатга кириш изни олган “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти ходимларининг Париждан интернет орқали Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига расмийлар билан учрашиш учун имконият яратиб бериш бўйича ёзилган хат сканерини жўнатишгач, маълум бўлди.
Орадан бир ҳафта ўтгач, Ташқи ишлар вазирлиги девонхонаси хатларни электрон почта орқали қабул қилмаслиги – ҳужжат айланиши эса алмисоқдан қолган усул – факс орқали амалга оширилиши маълум бўлди.
Аммо факс орқали жўнатилган хат ҳам бир ҳафтача бир чеккада қолиб кетган: вазирликнинг бир ходими қайнонасининг дафн маросимида банд бўлган, бошқалари эса хатнинг қайд рақамини эсдан чиқарганлар ёки ҳужжат билан ишлайдиган одамни топа олмаганлар.
Ниҳоят, ҳужжат билан ишлайдиган одам топилган, у французларга “ҳеч кимдан қарзи йўқ”лигини билдирмиш “клерк” Ануар Мирзатиллаев бўлиб чиққан. Буни нақ бизнинг ижромиздаги 1812 йилги Ватан уруши деса бўлади!
Аслида биздаги жорий дипломатик протоколга кўра, барча хорижий делегациялар давлат аппарати ёки депутатлик корпуси вакиллари билан учрашиш учун Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилишлари керак, чунки Ташқи ишлар вазирлиги изнисиз чет элликларнинг хатлари на парламентда, на вазирликларда, на-да Олий судда қабул қилинади.
Аммо ялқов “клерк” хатларни керакли идораларга жўнатмай қўя қолган. У тиниб-тинчимас француз репортерларига “амалдорларнинг улар билан учрашишга вақти йўқ”лигини билдириб, давлатнинг масъул шахслари учун қарорни ўзи қабул қилиб қўя қолган – кейинроқ ўтказилган текширув давлатнинг бирорта ҳам идорасига Ташқи ишлар вазирлигидан дипломатик ҳужжат келиб тушмаганини кўрсатди.
Аммо вазиятни ўнглашга уринган Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Усен Сулеймен “Чегара билмас мухбирлар” саволларига жавоб беришга қарор қилди ва бу учрашувга Бош прокуратура вакилини ҳам таклиф қилди. Мулоқот далилларга асосланган ва кишида ишонч уйғотадиган бўлиши мумкин эди, аммо ҳурматли элчининг ўзи учрашувдан олинажак таассуротни қасдан расво қилди.
Аввалига у ғарблик бир журналистнинг фикрини келтирган ҳолда вазиятдан хабардор эканлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди, сўнг эса “Чегара билмас мухбирлар” МРБ (Марказий разведка бошқармаси) жосуслари экани борасида алламбало хулосасини очиқлади. Кейин эса у мутлақо “ёйилиб кетди” ва французларга инсоний ўлчов бўйича ишчи гуруҳга кирувчи расмий шахслар билан учрашувга фақат итоаткор журналистларгина киритилишини маълум қилди. Бу учрашув “Чегара билмас мухбирлар” вакилларида истеҳзо уйғотди, холос.
Биз эса кадрлар бозорида кучли танқислик борлигини – ишчи қўллар тиқилиб ётгани билан, ақл мутлақо етишмаётганини тушунган ҳолда, мамлакатимиз имижи хаёлига нима келса, сўзлайверадиган амалдорларимиз ихтиёрида эканидан нолишимиз мумкин, холос. Балолар эса, маълумки, ақлдандир. Калтабин ақлдан…
Розлана ТАУКИНА
Fikr bildirish