Ўзбек расмийлари “экстремизм”да айблаётган фуқаро Подмосковьеда қўлга олинди
2013 йилнинг 30 январь куни Москва вилоятининг Серпухов шаҳрида 30 ёшли ўзбекистонлик қўлга олинди.
Полиция ходимлари Нозимбек Умаржонович Болтабоев кетаётган машинанинг йўлини тўсиб қўйганлар. Полициячилар унинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 244-моддаси 2-банди (диний-экстремистик ташкилотларда иштирок этганлик) бўйича айбланиб, қидирувга берилганини маълум қилганлар.
Маълумотларга кўра, қўлга олинган шахс 2009 йилдан буён пул топиш мақсадида Россияда яшаб юрган ва Ўзбекистонга бормаган. 2012 йилнинг июнь-июль ойларида эса унинг фотосурати кутилмаганда Болтабоев туғилиб ўсган Андижон вилоятига қарашли Асака шаҳридаги Ички ишлар бўлими стендида пайдо бўлган.
Унинг қариндошлари ҳодисага аниқлик киритиш мақсадида милицияга мурожаат қилганлар, бунга жавобан ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари Болтабоев Россияда жиҳодчилар билан алоқа ўрнатгани, уларнинг бири Андижонда қўлга олингани, икки нафари эса Саудия Арабистонига чиқиб кетганини билдиришган. Милициячилар гумонланувчининг ихтиёрий равишда Андижонга учиб келишини талаб қилганлар.
Болтабоевни таниганлар унга қўйилган айбловлар сохта эканини, у диндор киши бўлмагани, намоз ўқимагани ва спиртли ичимликлар истеъмол қилганини айтишмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда “экстремизм” айблови бўйича қўлга олинганлар қийноқлар остида ўзларига таниш бўлган гастарбайтерга туҳмат қилиши кузатилаяпти, шундан сўнг ўша кишиларни халқаро қидирувга бериш бўйича топшириқлар берилмоқда.
Дейлик, 2013 йилнинг 6 февраль куни Андижон шаҳрида Миллий хавфсизлик хизмати ва милиция ходимлари 2010 йилдан буён Россияда ишлаётган 36 ёшли Козимбек Ваҳобовнинг ота-онаси уйида тинтув ўтказганлар.
Қариндошларига эса Ваҳобов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз қилганлик), 244-модданинг 1-банди (жамоат хавфсизлигига хатар солувчи материаллар тарқатганлик), 244-модданинг 2-банди (диний-экстремистик ташкилотларда иштирок этганлик) айбловлари бўйича қидирувга берилганини маълум қилишган.
Сўнгги уч йил давомида айбланувчи бирор маротаба ҳам Ўзбекистонга бормаган. Ваҳобов Жиноят кодексининг айнан мана шу моддалари бўйича айбланмиш ва ўтган йили Россиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинмиш Жамшид Абдуллаев томонидан ноҳақ айбланган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Виталий Пономарёв,
“Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказининг Марказий Осиё дастури директори
Fikr bildirish