Қозоқ полицияси ўзбек мигрантининг қотилини топди
Жанубий Қозоғистон вилоят полицияси 17 ёшли ўзбекистонлик Достонбек Маҳмуталиевнинг ўлимига оид жиноятни фош қилганини очиқлади.
Маҳаллий тадбиркор фарғоналик меҳнат муҳожирини ўлдириб, мурдасини 3 метрлик чуқурга кўмиб, яширишга ҳаракат қилган. 2012 йилнинг апрелида содир этилган жиноят орадан тўққиз ой ўтгач, фош этилди.
Мақтаарал туман полицияси 1-бўлимига Жанубий Қозоғистон вилоят прокуратурасидан ўзбекистонлик фуқаро Достонбек Маҳмуталиев бедарак йўқолгани ҳақидаги ариза асосида хабар келиб тушади.
2012 йилнинг 1 ноябрида ёзилган ушбу аризада Фарғона вилоятидан бўлган ота- она фарзандлари Достонбек 2012 йилнинг февраль ойида ўртоғи билан Қозоғистонга иш излаб кетганча, ҳануз қайтмаганини баён этган.
Олиб борилган қидирув натижасида маҳаллий каналларни қазиш билан шуғулланувчи чимкентлик тадбиркор қўлга олинади.
Аввалига тадбиркор унинг қўл остида қидирувдаги ўсмирнинг ишлагани, аммо кейинчалик уйига қайтиб кетганини ва унинг ҳозир қаердалигини билмаслигини айтади.
“Тадбиркор ўзидан гумонни соқит қилиш ва тартиб посбонларини чалғитиш учун ҳаракат қилди. Бироқ полиция томонидан синчковлик билан ўтказилган суриштирув ўз натижасини берди. Далиллар билан кўрсатилган босим остида эркак киши қилмишларини тўла бўйнига олди.
У полициячиларга болани қаерга кўмганини кўрсатиб берди. Полиция чуқурдан вояга етмаган ўсмирнинг тана қисмларини олиб чиқди”, – дейди Жанубий Қозоғистон Ички ишлар департаменти матбуот котиби Салтанат Қаракўзова.
Маълум бўлишича, 1995 йилда туғилган фарғоналик Достонбек Маҳмуталиев 2012 йилнинг февраль ойида иш излаб Жанубий Қозоғистон вилоятига келади.
У канал қазиш билан шуғулланувчи маҳаллий тадбиркор қўлида оддий ишчи бўлиб ишлай бошлайди. Жиноят содир этилган вақтда улар Бестам овулида канал қазиш билан шуғулланаётган бўлишади.
2012 йилнинг 1 апрель куни иш берувчи унинг челакда тупроқ кўтариб кетаётганини кўради ва унга “Овқат емаганмисан?” дея танбеҳ бериб, кўкрак қафасига мушт туширади.
Йиқилиб тушган Достонбек челакдаги қумни иш берувчига қараб сепади. Сўнг айбланувчи унинг кўкрак қафасига яна бир бор уради ва ўсмир зарба натижасида жон таслим қилади.
Дастлабки тергов натижаларидан маълум бўлишича, айбланувчи содир этган жиноятидан қўрқиб кетади ва уни яширишга ҳаракат қилади.
Яна икки ишчини кўндирган ҳолда, Достонбекнинг танасини ёнилғи цистернаси ёнидан 3 метрлик чуқур қазиб кўмади. Сўнг ўсмирнинг кийимларини олиб, бошқа бир ишчига кийдиради ва машининг орқа ўриндиғига ўтқазиб, овул бўйлаб айлантиради. Дуч келган одамга бу ишчини уйига қайтариб юбораётганини айтади.
Орадан саккиз ой ўтгач, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ариза бўйича Достонбек Маҳмуталиевни қидира бошлайди ва 2013 йилнинг январь ойида юқорида номи тилга олинган тадбиркор қўлга олинади.
Ҳодиса юзасидан Қозоғистон Республикаси Жиноий Процессуал Кодекси 96-моддаси – “қотиллик” бўйича жиноий иш очилган. Айни вақтда тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятнинг оғирлиги ва ишсизлик кенг тарқалгани кўплаб ёшларни иш излаб, хорижий мамлакатларга чиқиб кетишга мажбур қилмоқда.
Ҳар йили юзлаб ўзбек гастарбайтерлари турли сабабларга кўра чет элларда ҳаёт билан видолашмоқдалар. Ўзбек меҳнат муҳожири вафот этган мамлакатдаги Ўзбекистон элчихонаси майитни ватанига транспортировка қилишда камдан-кам ҳолатларда ўлганнинг оиласига ёрдам беради.
Fikr bildirish