Туркман чегарачилари тўналган Қозоғистон фуқаросини Ўзбекистонга бадарға қилди

Жорий йилнинг 19 февраль куни туркман чегарачилари Қозоғистон фуқароси бўлмиш Роман Пугачёвнинг мобил телефони ва пулини олиб қўйиб, ўзини Ўзбекистонга бадарға қилди. “Жараён” мухбирига бу беадабона воқеа тафсилотлари маълум бўлди.

 

Пугачёвнинг гувоҳлигига кўра, Туркманистон куч ишлатар тузилмалари ходимлари у билан жуда қўпол муомала қилганлар. Ҳатто бир муддат ҳибсга олиниш хавфи ҳам пайдо бўлган.

“Шовот” назорат-ўтказиш пункти орқали туркман-ўзбек чегарасидан ўтган қозоғистонлик фуқаро ўз танишларига қўнғироқ қилолмаган, чунки барча рақамлар мобил телефони хотирасида бўлган. Пугачёвнинг ночор вазиятидан ўзбекистонлик таксичи фойдаланиб қолган. У чорасиз қозоғистонликни мисли кўрилмаган катта пул эвазига Тошкентгача олиб боришга розилик берган.

Кейинроқ маълум бўлишича, Туркманистон махфий хизматлари Пугачёвни Дашоғуз шаҳридан кузатиб келганлар. Уларга диндор қозоғистонликнинг маҳаллий протестант насронийлар билан учрашгани ёқмаган. Улар қозоғистонликнинг мобил телефони ва пулини олиб қўйишган ҳамда унга “ўз Худосига ёрдам сўраб” мурожаат қилишни маслаҳат беришган.

Туркман куч ишлатар тузилмалари ходимлари фикрича, диндошлар билан учрашув катта жиноят бўлиб, бунинг учун қозоғистонлик қаттиқ жазоланиши керак эди. Ўша кун Туркманистон давлат байроғи куни бўлгани учунгина улар Пугачёвга мурувват кўрсатишган.

Маҳаллий куч ишлатар тузилмалари ходимлари Ашхободнинг изнисиз бирор ҳаракат қилишмаган бўлса керак.

Туркман расмийлари 2012 йил ноябрида чегарани ноқонуний кесиб ўтганлари учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган Қозоғистон фуқаролари билан боғлиқ чигалликни яқиндагина ҳал қилгандилар. Улар президент Бердимуҳаммедовнинг байрам муносабати билан чиқарган авф фармонига кўра озод қилинганди.

Эслатиб ўтсак, аввалроқ қатор оммавий ахборот воситалари ўтган йилнинг 19 октябрь куни туркман чегарачилари етти нафар Қозоғистон фуқаросини қўлга олгани ҳақида хабар қилганди. Улардан тўрт нафари Қозоғистоннинг Туркманистон билан чегарадош Манғистау вилояти Қарақиян туманида ишловчи миграция полицияси ходимлари, қолган уч нафари эса Жетибай қишлоғида яшаган овчилар бўлган.

Қозоғистонлик полициячилар Бўлашақ станциясига иш билан кетаётган бўлганлар, йўлда эса уларга овчилар келиб қўшилган. Ортга қайтаётганда қозоғистонликлар йўлдан адашиб, бехосдан чегаранинг нариги томонига ўтиб кетганлар. Пировардида улар туркман чегарачилари томонидан қўлга олинган.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.