Қозоғистонда ўзбек мактаби битирувчиларига берилган енгиллик бекор қилинади
Шу вақтгача ўзбек мактабларини битирганлар ўз она тили билан бирга қўшимча тилни ўрганган ҳолда комлекс тестлар топшириб келган эди. Бу йилги имтиҳонларда эса улар бошқа битирувчилар қатори ягона миллий тест топширишларига тўғри келади. Бу уларни қўшимча равишда яна бир тилни ўрганишларига мажбур қилади.
Бу ҳақда Қозоғистон таълим ва илм вазири маълум қилган.
“Балки биз олдин қаердадир ягона миллий тест, қаердадир комплекс тест топширишга рухсат бериб, эркин қўйиб берган бўлсак, кейинги йилдан янги қоидалар жорий бўлади. Биз ўтган йили уларнинг (ўзбек битирувчиларнинг) ягона миллий тест топширишини истаган эдик, аммо депутатлар мослашиб олишига вақт сўрашди. Бу йилдан бошлаб улар Қозоғистоннинг бошқа мактаб битирувчиларига ўхшаб, ягона миллий тест топширишади”, – дейди вазир Бақитжан Жумагулов.
Вазирга кўра, ўзбек мактабларини битирганлар бошқа битирувчилар билан бирдек ҳуқуққа эга бўлиб, улар истаган олийгоҳига имтиҳон топшириши мумкин бўлади.
Ягона миллий тестнинг комлекс тестдан фарқи шундаки, унда битирувчи қўшимчасига иккинчи тил сифатида қозоқ ёки рус тилларидан бирини танлаши шарт.
Комплекс тестларнинг тузилиши шундан иборат бўлганки, агар ўзбек мактаби битирувчиси рус тилида имтиҳон топширишни танлаган бўлса, фақат тўртта фандан имтиҳон топширган ва натижасига кўра олийгоҳга кирган.
Ягона миллий тестда эса ўқувчи олдида бешинчи фан сифатида иккинчи тилни танлаш шарти қўйилади. Агар ўқувчи рус тилида ўқиган бўлса, қозоқ тилидан ҳам имтиҳон топширишга мажбур бўлади.
Ўзбек битирувчилари олийгоҳга кириш учун энди қўшимча равишда яна бир тил ўрганишга мажбур.
Ўзбек тилида чоп этилувчи “Сайрам сабоси” газетаси бош муҳаррири Абдумалик Сармонов яна бир тилни ўрганиш ўқувчиларга қийинчилик туғдириши ва бу олийгоҳларга кириш бўйича статистикага салбий таъсир қилиши мумкинлигини айтади.
“Иккита бегона тилни чуқур ўрганиш қийин нарса. Масалан, авваллари комплекс тестни топширган вақтда русча ёки қозоқча топширарди, шуни ҳисобга олган ҳолда, ўша тилни ўрганишга куч берарди. Энди бу кўринишда бўладиган бўлса, иш бироз қийинлашади”, – дейди Абдумалик Сармонов.
Жанубий Қозоғистон вилоятида 59 та соф ўзбек тилидаги ва 82 та аралаш тиллардаги ўрта мактабларда 80 мингга яқин ўқувчи ўқийди.
Жанубий Қозоғистон вилоятида икки тилда чоп этилувчи “Туркистон тонги” ва “Туркистан тани” газеталари бош муҳарир ўринбосари Ботир Норбоев ўзининг туркчил қарашларга эга эканлигини ва қардош ҳалқларнинг бир-бирининг тилини билиши яхши ҳолат эканлингини айтади.
Аммо унинг фикрича, демократик давлатларда миллий жиҳатдан озчиликни ташкил қилувчи миллат истаган тилда ўқиши учун имконият яратилиб берилиши керак.
“Демократик давлатларда аҳоли зич яшайдиган жойларда ўзи хоҳлаган тилда ўқиши ва тест топшириши керак. Қозоғистон – ярим демократик мамлакат. Қозоқ халқи оз бўлгани учун ҳаддан ташқари қозоқ тилига эътиборни кучайтириб, бошқа миллатларни камситиш ҳоллари бўлади.
16 миллион аҳолининг ичида 11 миллионигина қозоқлар. Шунинг учун ўзининг тилини қаттиқ сақлашга ҳаракат қилаяпти. Ҳатто керак бўлмаган жойда ҳам қозоқ тилини ҳаддан ташқари улуғлаш бўлаяпти”, – дейди Ботир Норбоев.
Норбоевга кўра, қозоқ тилини ўргатилиши ва тарғиб қилиниши яхши, аммо бу нарса ашаддий миллатчиликни келтириб чиқармаслиги керак. Унинг фикрича, баланд минбарлардан туриб айтилаётган баландпарвоз гаплар халқ ичида миллатчилик уруғининг сепилишига сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Fikr bildirish