AI Россияда бедарак йўқолган ўзбекистонлик Азаматжон Эрмаков тақдиридан ташвиш билдирди
Amnesty International халқаро ташкилоти 2012 йилнинг 2 ноябрида Россиянинг Нижний Новгород ҳибсхонасидан озод этилгач, бедарак йўқолган Ўзбекистон фуқароси Азаматжон Эрмаков махсус хизмат томонидан ўғирлаб кетилган бўлиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.
Ташкилотнинг 13 март куни тарқатган баёнотида таъкидланишича, Азаматжон Эрмаковнинг Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилганини тасдиқловчи билвосита гувоҳликлар бор.
Россия Тергов қўмитасининг Нижний Новгород бўлими Amnesty International ташкилотининг бедарак йўқолган ўзбек қочқини тўғрисидаги сўровига “Эрмаков ўз ихтиёри билан 2012 йилнинг 2 ноябрида Россия ҳудудини тарк этгани ва айни пайтда Ўзбекистонда экани”ни билдирган. Жавобда айтилишича, Эрмаков Москвадаги аэропортлардан бирида Тошкентга чипта сотиб олган ва учиб кетган.
Amnesty International Тергов қўмитасининг Нижний Новгород бўлимидан олинган расмий мактубга шубҳа билдиради. Ташкилот баёнотида айтилишича, Азаматжон Эрмаковнинг ўз ихтиёри билан Тошкентга қайтишига ҳеч қандай асос йўқ эди. Чунки Ўзбекистонда “диний экстремизмда айбланаётган Эрмаков ўз ватанида қўлга олиниши, қийноқларга солиниши ва узоқ муддат ёзишма ҳуқуқисиз қамалиб кетишини жуда яхши билган”.
“Бундан ташқари, Азаматжон Эрмаков ҳибсдан озод этилганида унинг пули бўлмаган, у фақат ягона ҳужжат – паспортга эга бўлган, холос. Унинг, шунингдек, совуқлардан асровчи иссиқ кийими ҳам бўлмаган. Ушбу омиллар ва рус тилида мутлақо сўзлаша билмаслиги ҳам унинг Ўзбекистонга қайтиш учун чипта сотиб олишига тўсқинлик қилган бўлур эди.
2012 йилнинг 2 ноябрида Азаматжон Эрматовнинг адвокати Нижний Новгороддаги ҳибсхонага ўз ҳимоясидаги одам билан учрашиш учун келган, аммо адвокатга учрашиш учун рухсат берилмаган. Адвокат 5 ноябр куни яна ҳибсхонага келган, унга Азаматжон Эрмаков 2 ноябр куни озод қилинганини айтишган. Азаматжон Эрмаков Ўзбекистонда пайдо бўлмагунича унинг қаерда экани номаълумлигича қолган”, дейилади Amnesty International баёнотида.
Шундан келиб чиққан ҳолда, халқаро ташкилот Азаматжон Эрмаков “айни пайтда Андижон ҳибсхонасида сақланаётган бўлиши мумкин”, деган тахминни илгари суради.
Шунингдек, баёнотда Россия ҳукумати Азаматжон Эрмаковнинг ноқонуний ўғирланиши ёки ноқонуний тарзда Ўзбекистонга топширилиши юзасидан тезкор, холис ва самарали тергов ўтказишга чақирилади. Ўзбекистон ҳукуматидан эса халқаро қонунчилик меъёрларига амал қилган ҳолда, Азаматжон Эрмаковни қийноққа солмаслик, унга нисбатан адолатли судлов ўтказилишини таъминлаш талаб қилинади.
Баёнот Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин ва Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбов номига жўнатилган.
Азаматжон Эрматов 2011 йилнинг 1 июлида Нижний Новгород шаҳрида Ўзбекистон сўровига асосан қўлга олинган эди. У 18 ой ҳибсда сақланган. Европа суди Россияга Азаматжон Эрматовни Ўзбекистонга экстрадиция қилишни таъқиқлаганидан сўнг, у 2012 йилнинг 2 ноябрида ҳибсдан озод қилинган, лекин ўша куниёқ бедарак йўқолган.
Ўзбекистонда 40 ёшли Азаматжон Эрмаков диний мотивлар билан айбланиб, халқаро қидирувга берилган эди.
Fikr bildirish