Ҳайдарали Йўлдошев: Ўзбек маъмурларига эътирозим йўқ
Тожикистонлик Ҳайдарали Йўлдошев ўтган олти ой давомида Тошкент шаҳридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ва кейинчалик шаҳар атрофидаги бошқа ҳибсхоналарда тутиб турилган.
Сўғд вилоятининг Ашт тумани фуқароси Ҳайдарали Йўлдошев ўтган йилнинг август ойи охирларида Тожикистоннинг Ўзбекистон билан шимолий чегара постидан ўтаётган пайтда ҳибсга олинган.
– Йиллардир уч ўғлим билан Челябинскдаги қурилишларда ишлаймиз. Россия ҳудудига Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали ўтиш бизга тахминан 1000 рус рублига тушади. Ўтган йили ёзида турмуш ўртоғимнинг йил ошини бергач, айнан шу йўл билан ортга қайтаётган эдим. Декларацияга Қуръоннинг арабча варианти ёзилган флеш-картамни киритмаганим сабабли ўзбек чегарачилари мени ҳибсга олди, – дея хотирлайди ўша воқеани 55 ёшли тожикистонлик Ҳайдарали.
Бугун Ўзбекистон қамоқхонасидан соғ-саломат чиққан Ҳайдаралининг айтишича, ўзбек чегарачилари уни воқеа жойида сўроқ-савол қилган ва араб матни билан боғлиқ масалага аниқлик киритилгунича, қамоқда қолишини таъкидлаган.
– “Ойбек” чегара постида бир кеча-кундуз ушлаб турилганимдан кейин, Ўзбекистон хавфсизлик ходимлари мени Тошкент шаҳар вақтинча сақлаш қамоқхонасига олиб кетди. Шундан кейин уч-тўртта қамоқхонага кўчиришди. Ўтган бу муддатда менга жуда яхши муносабатда бўлдилар. Кунига уч маҳал иссиқ овқат, тоза тўшак ва ювинишим учун иссиқ-совуқ сув билан таъминланган эдим. Қамоқхона назоратчилари бирор марта менга овозларини баланд қилгани йўқ. Мен улардан жуда миннатдорман. Тергов гуруҳи менинг гуноҳсизлигимни исботлаб, озодликка чиқарганидан жуда хурсандман, – дейди беш фарзанднинг отаси Ҳайдарали Йўлдошев.
Ҳайдаралининг ўғилларидан бири Алишер отасининг чегара постида изсиз йўқолиб қолиши оила аҳлини қаттиқ қайғуда қолдирганини хотирлайди.
– Отам Россия фуқаролигини олган. Шу сабабли отамни топишга кўмаклашишни сўраб, Россиянинг Тожикистондаги ва Ўзбекистондаги элчихоналарига ёзма мурожаат қилдик. Айнан россиялик дипломатлар ёрдами билан бугун отам озодликка чиқди. Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўзбек расмийларидан отамни озодликка чиқаришни сўраган, – деди Алишер Йўлдошев.
17 йилдан буён меҳнат муҳожирлиги ортидан умргузаронлик қилаётган Ҳайдарали ака ҳафта бошида иккинчи ватани – Россияга жўнаб кетди.
Ўзбекистон ва Тожикистон чегара ҳудудларида йўловчиларнинг икки мамлакат чегарачилари томонидан ҳибсга олиниши тез-тез кузатилади.
Таҳлилчилар мулоҳазасича, сўнгги йиллар турли омиллар туфайли Ўзбекистоннинг Тожикистон билан муносабатлари кескинлашиши ортидан бу икки қўшни мамлакат ўртасида ўзаро “жосус-жосус ўйини” бошланиб кетган. Норасмий маълумотларга кўра, айни кунларда ана шундай “ўйин” қурбони бўлган ўнлаб ўзбекистонлик ва тожикистонлик бегуноҳ кишилар қамоқхоналарда қолмоқда.
Тожикистон расмийларидаги маълумотларда айтилишича, 2006 йилдан буён Тожикистонда Ўзбекистон фойдасига жосуслик қилган қирққа яқин киши қўлга олиниб, узоқ йилларга қамалган.
Аммо оддий аҳоли чегара ҳудудларда йўловчиларнинг ҳибсга олиниши сабабларини ҳар иккала мамлакатда ҳам гуллаб-яшнаётган коррупция билан боғлайди.
– Кўп ҳолатларда одамларимизни ҳеч бир сабабсиз ўзбек чегарачилари қўлга олади. Бир муддат ушлаб туради. Кейин унинг соҳиби чиқиб, арз-дод қилса, маълум бир миқдор пул талаб қилиш билан уни қўйиб юборади. Қамалганлар орасида чўпониям бор, ўтин териб юрган аёл ва болалар ҳам бор, овчиям бор. Хуллас, бу ҳаммаси пул юлиш мақсадида қилинади, – дейди исмини ошкор қилишимизни истамаган конибодомлик суҳбатдошимиз.
Унинг айтишича,Ўзбекистон қамоқхоналаридан озодликка чиқиб келганларнинг кўпчилиги у ерда ўзларига нисбатан ёмон муносабатдан ва бу туфайли саломатлигини йўқотганидан шикоят қилади.
Fikr bildirish