Тожикистон ҳукуматини танқид қилган ўзбек бедарак йўқолди
Тожикистондаги Ўзбеклар жамиятининг Хатлон вилоят бўлими раиси Салимбой Шамсиддинов икки кун аввал изсиз ғойиб бўлган.
58 ёшли ҳуқуқшунос Шамсиддиновнинг бедарак йўқолгани билан боғлиқ маълумотни Қўрғонтепа шаҳар Ички ишлар бўлими масъуллари тасдиқлади.
“Қўрғонтепа шаҳри фуқароси Шамсиддинов Салимбой 15 март куни эрталаб соат 6 да уйидан чиққан ва шунинг билан қайтиб келмаган. Шамсиддиновнинг ўғлидан шу мазмундаги ариза тушган. Уни қидириш билан боғлиқ тадбирлар ҳозирча натижа бергани йўқ”, деди Қўрғонтепа шаҳар Ички ишлар бўлими навбатчиси “Жараён”га берган интервьюсида.
Тожикистон Социал-демократик партияси раиси Раҳматулло Зоиров мамлакат Омбудсмени Зариф Ализода, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Саймумин Ятимов ва Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимов номига ёзган аризасида ўзбеклар жамияти раиси Шамсиддиновнинг йўқолиши сиёсий хусусиятга эгалигини таъкидлаган.
Жумладан, Зоиров ўз аризасида ўзбеклар жамияти лидерининг икки кун аввал йўқолганини қайд этаркан, “Шамсиддинов мухолифатдаги партия билан ҳамкорлик қилгани сабабли миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, Душанбе шаҳрига олиб кетилган, дея тахмин қиламан”, дея билдирган.
“Шамсиддинов ҳақиқатан биз билан яқиндан ҳамкорлик қилган. Тожикистон ҳуқуқий консорциуми раиси сифатида ўзбеклар жамиятининг 2012 йил ноябр ойида Қўрғонтепа шаҳрида бўлиб ўтган конфренциясида иштирок этгандим. Шаҳар ҳукумати вакиллари ҳам қатнашган ўша тадбир ниҳоясида вилоят ўзбеклар жамияти билан ҳуқуқий консорциум ўзаро ҳамкорлик қилишига келишиб олинганди.
Ана шу ҳамкорлик доирасида Салим Шамсиддинов президентликка сайлов қонунига ўзгартиш киритиш мавзусига бағишлаб жорий йил 12 январида Душанбе шаҳрида ўтказилган давра суҳбатида қатнашди. Телефон орқали бўлган сўнгги суҳбатимизда Салимбой Шамсиддинов ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўзига босим ўтказаётганидан шикоят қилганди”, дея билдирган Социал-демократлар партияси лидери Зоиров.
Унинг эътироф этишича, Шамсиддинов мазкур партия сафида эмасди.
“Бизнинг ҳамкорлигимиз фақат ҳуқуқий хусусиятга эга эди. Энди эса у сиёсий тус олди. Шу сабабли мен ҳуқуқий консорциум раиси сифатида эмас, балки бир сиёсий партия раҳбари сифатида мурожаат қилиб айтаманки, расмий қайддан ўтмаган Миллий ҳаракат ташкилоти Раҳматулло Зоировни республика президентлигига ягона номзод сифатида кўрсатганидан сўнг Шамсиддиновга нисбатан босим янада кучайди”, деб ёзади Зоиров давлатнинг тегишли идоралари ва Омбудсменга йўллаган аризасида.
Салимбой Шамсиддинов ўтган йилнинг май ойида ўз уйи яқинида номаълум кишилар ҳужумига учраган эди.
Ўшанда маҳаллий ва хорижий матбуотга интервьюсида Шамсиддинов бунга Тожикистон ҳукуматининг бугунги сиёсатини матбуотда очиқ танқид қилгани сабаб бўлганини айтганди.
“Тожикистон ҳукумати юргизаётган нотўғри сиёсат ортидан Ўзбекистон билан муносабатлар кескин совуди. Ана шу совуқ муносабат ортидан айрим тожик мулозимлари биз – тожикистонлик ўзбекларнинг ҳуқуқларини очиқдан-очиқ топтамоқда”, деган эди Шамсиддинов “Миллат” мустақил рўзномасига берган интервьюсида.
Тожикистон Ўзбеклар жамияти ва мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида юзага келган можаро ортидан Салимбой Шамсиддинов Ўзбеклар жамиятининг навбатдан ташқари ўтказилган йиғинида жамият раиси ўринбосари ҳамда Хатлон вилоят ўзбеклар жамияти раиси лавозимида четлаштирилгани эълон қилинган эди.
Аммо Салимбой Шамсиддинов бу иддаоларни матбуот орқали чиқишида кескин рад қилиб, фақат Хатлон вилоят ўзбеклар жамиятигина уни вазифасидан озод қилиш ҳуқуқига эгалигини таъкидлаганди.
Fikr bildirish