Акбар Ҳусаинов: Қозоғистон ҳукумати мигрантларсиз бирор натижага эришиб бўлмаслигини тушуниб етмоқда
Қозоғистон 2013 йилда хориждан келган меҳнат муҳожирларига енгиллик яратиш мақсадида бир неча қонуний асосларни қабул қилди. 2012 йилнинг декабрь ойида Қозоғистон ҳукуматининг юридик шахсларга хорижлик ишчиларни жалб қилиш борасида 100 мингдан ортиқ квота бериши ортидан яна бир муҳим қонун қабул қилинди.
“Меҳнат миграцияси бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун меҳнат муҳожирларига яратиладиган енгиллик, дея қаралмоқда. Қонун парламентда бир овоздан тасдиқланди ва у президент Нурсултон Назарбоев имзосидан сўнг кучга киради.
Биз Қозоғистон Республикаси меҳнат муҳожирларининг мослашишига кўмак бериш жамғармаси раҳбар ўринбосари, ушбу қонун муҳокамасида фаол иштирок этган ўзбекистонлик тадбиркор Акбар Ҳусаиновдан мазкур қонуннинг афзалликлари ҳақида сўрадик.
Жараён: Жаноб Ҳусаинов, қабул қилиши кутилаётган қонуннинг ўзбек меҳнат муҳожирлари учун қандай афзал томонлари бор, деб ўйлайсиз?
Акбар Ҳусаинов: Қозоғистон худди Россия сингари четдан келадиган кўплаб мигрантларнинг иш бозорига айланди. Қозоғистонда бу каби мигрантларга эҳтиёжи бор. Лекин ҳозирги кунгача қонунлар яхши ўйланмаган ва ишчи мигрантларнинг аҳволини оғир қилиб қўядиган қонунлар эди. Ҳозирги қабул қилинган қонун уй хўжалигида ишлатиш учун имтиёзлар беради.
Қонуннинг бизлар учун яхши томони – у бир қисм мигрантларга ўзларига қонуний равишда нормал иш топадиган имкониятни беради. Қонун бўйича мигрантлар жисмоний шахсларнинг қўлида қурилиш ва уй юмушларини амалга ошириши мумкин.
Жараён: Унда меҳнат муҳожирларини ижтимоий ҳимоялаш ва тиббий суғурталаш каби ҳолатлар кўзда тутилганми?
Акбар Ҳусаинов: Афсуски, бу қонун янгилиги учун унинг ишланадиган жойи ҳали кўп. Бу қонун фақат фуқароларга ишчи ёллаш учун ҳуқуқ беради. Лекин энг катта эҳтиёж бу юридик шахсларда. Қурилиш компаниялари, агрохолдинглар ва шунга ўхшаган иқтисоднинг соҳаларида жуда кўп мигрантлар керак ва афсуски, бу қонун ҳали шу муаммони ечишдан анча йироқ. Бизнинг фикримизча, юридик шахслар учун ҳам осонроқ йўллар билан ишчи олиб келиш йўлини енгиллатиш керак, биз бу борада курашаяпмиз.
Жараён: Сиз қонунга ўзгартиришлар киритилиши кераклигини айтаяпсиз, бу нималардан иборат бўлиши керак?
Акбар Ҳусаинов: Бу йил 100 мингдан ортиқ ишчи мигрантларни олиб келиш учун юридик шахсларга квота берилди. Лекин бу рақам жуда оз. Чунки бозорнинг ҳақиқий талаби 1 миллион одамга боради. Ишчи мигрантнинг келишига сабаб битта – бу ишнинг мавжудлиги. Биз айтаяпмизки, квоталар сонини талабга таққослаб, кўпайтириш керак.
Ундан ташқари, меҳнат муҳожирларининг ижтимоий ҳуқуқлари таъминланиши лозим. Мана, масалан, бизнинг жамғарма меҳнат муҳожирларининг уюшмасини тузиш таклифи билан чиқаяпти. Мигрантлар бу уюшма орқали ётоқ жой билан таъминланиши, соғлиғини қаратиши ва бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилиши мумкин.
Жараён: Қозоғистонда, расмий маълумотларга кўра, 1 миллиондан кўпроқ мигрант ишлайди. Қонун кучга кирса, уларнинг қанчаси иш билан таъминланади?
Акбар Ҳусаинов: Менимча, ҳозирги қонунга тўғри риоя қилинса, бу рақам 20-25 фоиздан ошмайди. Чунки энг катта эҳтиёж бу юридик шахсларда.
Жараён: Ўзбекистон фуқаролари мавжуд қонунлари бўйича 60 кунгача Қозоғистонда рўйхатга олиниши мумкин. Ушбу қонун қабул қилингандан сўнг бу муаммо қандай ечилади?
Акбар Ҳусаинов: Афсуски, охирги пайтда бу рақам 30 кунга тушиб қолган. Ўзбекистон фуқаролари 30 кун туриб, кейин чегарадан чиқиши ва яна қайтиб келиши лозим. Янги қонуннинг бир яхши томони шундаки, ишчилар ишлаш учун рухсат олади ва ойига 21 доллар солиғини тўлаб, иш муддати тугагунча Қозоғистонда бўлишга ҳаққи бўлади. Яъни узоғи билан бир йилгача Қозоғистон ҳудудида қонуний қолиши мумкин.
Жараён: Қозоғистон бундан бир неча йил олдин иқтисодий инқироз сабаб четдан ишга келаётган мигрантлар оқимини тўхтатиш мақсадида ишлаш ҳуқуқини бекор қилганди. Қозоғистон нима учун яна четдан келаётган ишчиларга рухсат бериш йўлига қайтаяпти?
Акбар Ҳусаинов: Бунинг катта сабаби – иқтисодий эҳтиёж. Қозоғистон иқтисодий инқироздан чиқиб, анча ўзига келаяпти. Президент томонидан жуда катта дастурлар қабул қилинган. Келгуси 5-10 йилнинг ичида Қозоғистон кескин суръатларда индустризациялашишга юз тутади. Завод, фабрика ва янги объектлар қурилиши керак. Бу ишларни ички куч билан қилиб бўлмайди.
Бу ерда ишсизлик дунёдаги энг паст кўрсатгичлардан бирига тўғри келади. Ишлайман деган қозоғистонликка иш жуда кўп. Ҳозир четдан келадиган мигрантларга қарши лоббилар бўлса-да, ҳукумат бу ишчиларсиз бирор натижага эришиб бўлмаслигини тушуниб етмоқда. Мисол учун, бундан 7-8 йил муқаддам Остона шаҳрида ярим миллионга яқин мигрантлар ишлаб, шаҳарни қуришган.
Жараён: Кузатувчилар меҳнат муҳожирлари билан бирга жиноят сони ҳам ортишидан хавотир билдиришади.
Акбар Ҳусаинов: Бу эскириб қолган фикрдир. Қўлимизда статистика бор. Жамғармамизнинг бу борадаги сўровига ИИВнинг жавоби келган. 2012 йилда ишчи мигрантлар томонидан 0,8 фоиз қонунбузарлик содир этилган. Уларнинг ичида энг каттаси бу маъмурий қонунбузарликлардир. Тўғри мигрантларнинг орасида оз бўлса-да, қонунбузарликлар бор. Буларнинг ечими битта – ишлашни қонунийлаштириш.
Жараён: Жаноб Ҳусаинов, суҳбатингиз учун раҳмат.
Fikr bildirish