Қийноқдан ўлгани даъво қилинаётган Сафаралининг бевасига товон тўланади
Тожик милиционерлари томонидан ҳибсга олинган чоғида жон таслим қилган душанбелик Сафарали Санговнинг оиласига республика Ички ишлар вазирлиги 10 000 АҚШ доллари миқдорида товон тўлайди.
Душанбе шаҳрининг Сино туман суди бунга оид қарорини ортда қолган ҳафта сўнгида эълон қилди.
Марҳумнинг яқинлари Сафарали Сино туман Ички ишлар бўлим милиция ходимлари томонидан аёвсиз калтакланиши оқибатида ҳалок бўлганини даъво қилганди.
Сафарали Сангов 2011 йилнинг март ойида ўта оғир аҳволда шаҳар касалхоналардан бирига ётқизилган ва орадан тўрт кун ўтиб жон берган эди.
“Сафарали Санговнинг турмуш ўртоғи Ички ишлар вазирлиги устидан маҳкамага шикоят қилиб, унинг оиласига етказилган моддий ва маънавий зарар учун 150 минг сомоний (31.500 АҚШ доллари атрофида – “Жараён”) миқдорида товон пули ундириб беришни сўраган эди. Маҳкама ҳодисага оид барча далилларни ўрганиб чиқиб, вазирлик Сангов оиласига 46.500 сомоний миқдорида товон тўлаши борасида қарор чиқарди”, дер экан Сафаров адвокати Гулчеҳра Холматова жабрланган оила суд қароридан розилигини айтди.
Адвокат хоним Ички ишлар вазирлиги суд қарори устидан шу йилнинг 5 апрелига қадар кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эгалигини ҳам қўшиб қўйди.
Кўпроқ вақтинча ҳибсхоналарда сақланаётган гумонланувчиларга нисбатан қийноқ ва ғайриинсоний муносабатда бўлаётганларидан бонг ураётган тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари “қийноқдан жон берган маҳбус оиласи учун давлат идорасидан товон ундирилиши мамлакатда илк бор кузатилаётанини қайд этмоқдалар.
Сафарали Сангиновнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат Тожикистонда қийноқ учун жазолашни кўзда тутган қонун қабул қилинишидан аввалроқ содир бўлган эди. Бу ҳодисада масъул кўрилган милиция ходимлари Абудураҳмон Ёқубов ва Қодир Ҳасанов Тожикистон Жиноят кодексининг 322-моддаси билан айбдор, деб топилди, аммо кўп ўтмай бу икки маъмур авф қилинди.
Тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Сино туман судининг сўнгги қарори бу мамлакатда қийноқларга қарши курашиш учун ижобий таъсир қилиши мумкинлигига ишонмоқда.
“Бундай қарор республика қамоқхоналарида мавжуд қийноқларга қарши курашиш учун ижобий таъсир қилади, деб ўйлайман. Зеро, давлат муассасалари қийноқ учун жарима тўлашдан манфаат кўрмайди, шу боис қийноқ қўллашдан тийилиши мумкин”, деди ҳуқуқ ҳимоячиси Наргиз Зокирова.
Бир неча кун аввал тожикистонлик яна бир оила билан Тожикистон Адлия вазирлиги ўртасида бир йил давом этган маҳкама жараёни томонларнинг ўзаро келишуви билан ниҳоясига етди.
Уч фарзанднинг онаси душанбелик Савринисо Гулова республика қамоқхоналарининг бирида жазо муҳлатини ўтаган эри Исмоил Бачажонов қийноқлардан жон берганини даъво қилиб, Адлия вазирлигидан 655 минг сомоний миқдорида товон талаб қилган эди.
Аммо мазкур вазирлик Бачажонова хонимни ўттиз минг сомоний ёки олти минг доллардан кўпроқ маблағ бериш билан аризасини қайтариб олишга кўндирди.
Айни пайтда қийноқлардан ўлгани иддао қилинаётган яна бир собиқ маҳбус – Баҳромиддин Шодиевнинг яқинлари республика Ички ишлар вазирлигидан товон пули ундириб беришни сўраб, маҳкамага ариза ташлади.
Эслатиб ўтамиз, Баҳромиддин Шодиев Тожикистонда систематик тус олган қийноқдан жон таслим қилган маҳбус экани 2011 йилда халқаро баҳсларга сабаб бўлганди. Шунга қарамай, мазкур воқеа ортида турган уч милиция ходимидан фақат биттаси маҳкамага тортилган, қолган икки милиционер эса ҳайфсан билан қутилиб қолганди.
Fikr bildirish