Тожикистон собиқ бош вазири келаси йилгача Киев қамоқхонасида қолади
Собиқ тожик мулозими Абдумалик Абдуллажонов Украинадаги қамоқхоналарининг бирида яна бир йилгача қолишига оид ҳукм ўтган ҳафта Киевнинг Шевченко туман маҳкамасида ўқиб эшиттирилди.
19 йил аввал ватанини тарк этган ва Америкадан сиёсий бошпана олган Абдуллажонов шу йилнинг 5 февралида Киевдаги “Бориспол” аэропортида Интерпол сўрови асосида ҳибсга олинганди.
Расмий Душанбе Киевдан Абдуллажоновни Тожикистон ихтиёрига топширишни сўради.
Тожик ҳукумати Абдумалик Абдулажонов уюшган жиноий гуруҳ тузганлик, қотиллик, қонуний ҳокимиятни ағдаришга уриниш, давлат раҳбарига суиқасдда айблаб келади.
Бироқ Абдуллажонов ўзига нисбатан эълон қилинган бу айбловларга сиёсий тус бериб: “Мен Украина ҳудудига ҳеч бир тўсиқсиз кириш ҳаққига эгаман. Зеро, бунинг учун расмий виза олганман. Шу йилнинг кузида Тожикистонда президентликка сайлов бўлиб ўтади. Тожикистон ҳукумати менинг халқ орасида қандай обрўга эга эканимни яхши англайди. Шуни назарга олган ҳолда, ишонч билан айтаманки, бу ишнинг орқасида тожик ҳукуматига яқин гуруҳлар турибди”, дейди Абдуллажонов.
Абдуллажоновнинг адвокати Андрей Федур ҳимоясидаги шахс 1999 йилнинг 17 июнида Америкадан сиёсий бошпана олганини тасдиқловчи ҳужжатни Шевченко туман судига топширганини маълум қилар экан: “Украина қонунларига мувофиқ, Абдуллажонов ўзи туғилган мамлакатга экстрадиция қилинмаслиги керак”, дейди.
Ўтган ҳафтада Amnesty International ва БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги ҳам Украинадан собиқ Бош вазир Абдумалик Абдуллажоновни Тожикистонга топширмасликка ва тез фурсатларда уни озод қилишга даъват қилиб, баёнот тарқатганди.
Шунга қарамай, куни кеча Киевнинг Шевченко туман маҳкамаси Абдуллажоновнинг экстрадицияси билан боғлиқ масала ҳал этилгунга қадар уни узоғи билан 12 ойгача панжара ортида қолдиришга қарор берди.
“Мен Украинани европача демократик давлат, деб ўйлардим. Украина ўз қонунлари, қолаверса, халқаро қонунларни ҳурмат қилиши керак. Менинг ватанга экстрадициям ўлим билан баравар”, деган танаффус чоғида “Интерфакс–Украина” хабар агентлиги мухбирига интервью берган Абдуллажонов.
Шунингдек, собиқ бош вазир жорий йилнинг феврал ойида АҚШ фуқаролигини олиши кутилганини, аммо бунга улгурмай қолганини ҳам билдирган.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг ашаддий мухолифи, 90-йилларда тожик жамиятида “республика аждаҳоси” лақаби билан танилган Абдумалик Абдуллажонов 1949 йил Сўғд вилоятининг Хўжанд шаҳрида дунёга келган.
Собиқ шўро ҳукумати даврларидаёқ мансаб пиллапояларидан нисбатан тезлик билан кўтарилган Абдумалик Абдуллажонов 1992 йил баҳорида Тожикистонда бошланиб кетган низолар чоғида Душанбени тарк этди.
Кўп ўтмай, Хўжанд кланини жонлантириш истагида бўлган миллий ҳукумат раҳбарларининг таклифи билан Тожикистонга қайтди ва бош вазир курсисини эгаллади.
1994 йилги президентлик сайловида Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг асосий рақиби бўлган Абдумалик Абдуллажонов сайловда Имомали Раҳмон эмас, балки ўзи ғолиб чиққани ва бунга етарли далиллари борлигини даъво қилди.
Тожик расмийлари Абдуллажоновни 1996 йилда Имомали Раҳмонга уюштирилган суиқасдда айблагандан кейин у иккинчи марта ватанни тарк этди.
Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари 1998 йилда Хўжанд шаҳрида Маҳмуд Худойбердиев ва унинг жангарилари уюштирган давлат тўнтаришига уриниш тепасида айнан Абдумалик Абдуллажонов турганлигини иддао қилади.
Fikr bildirish