Пахтанинг янги нави теримчилар саломатлиги учун янги хатарлидир
Оролбўйида галдаги уруғ қадаш мавсумида пахтанинг янги навларининг экилиши далада ишлаётган кишиларнинг ўпкасига салбий таъсир қилади, хусусан, бу теримчилар орасида бронхиал астма (зиқнафас) касаллиги кўпайишига сабаб бўлади.
Қорақалпоғистонлик олимлар ана шундай қарорга келганлар. Нукус университети ходимининг 23 март куни телефон орқали суҳбатда «Жараён»нинг Тошкентдаги мухбирига билдиришича, «янги навларни пестицидлар билан тез-тез қайта ишлаб туриш кўзда тутилган, улар орасида инсон саломатлиги учун энг зарарли бўлган дефолиантлар ҳам бор».
Кимёвий моддаларнинг шилинган терига тушиши яралар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айни пайтда терим чоғида қўлқоп кийиш ҳам қўлларни шилинишдан сақлаб қололмаслиги мумкин.
Расмий маълумотларга кўра, бу йил пахта етиштирадиган қорақалпоғистонлик деҳқонлар омборларини чигитнинг олтита янги нави тўлдирган. Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дефолиантлар қўлланилганда кўпроқ самара бериши учун ҳаво ҳарорати юқори бўлиши керак.
Айнан шу пайтда далада пахта териш учун мажбуран олиб чиқилган теримчилар бўлади. Уларнинг аксариятини бюджет ташкилотлари ходимлари, коллеж ва олий ўқув юртларининг 15 ёш ва ундан катта бўлган талабалари ташкил қилади. Диққатга сазовор жойи шундаки, пахтанинг янги навларидан бири «Келажак» деб номланади.
Расмийларга хайрихоҳ бўлган «Туркистон-пресс» агентлигининг хабар қилишича, Қорақалпоғистонда «бу янги навлар учун олимлар тавсиясига мувофиқ равишда қайта ишланмиш 100 ва 2 минг 200 гектар суғориладиган ер ажратиб бўлинган». Бошқа янги навлар чигитлари эса Қорақалпоғистоннинг қарийб барча туманларида экилади.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида, расмийлар таъкидича, самарали «хавфсиз» дефолиантлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 2008-2011 йиллар мобайнида истеъмолчиларга 25 минг тоннадан кўпроқ дефолиант юборилган. Бу кимёвий моддалар билан дефолиация қилиниши лозим бўлган пахта далаларининг 65 фоиздан кўпроғи қайта ишланади.
Fikr bildirish