Amnesty International Тожикистонда ўзбеклар жамияти лидерининг йўқолишига сиёсий тус берди
Халқаро майдонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Amnesty International ташкилоти 26 март куни тарқатган баёнотида Хатлон вилоятидаги Ўзбеклар жамияти раиси Салимбой Шамсиддиновнинг дараксиз йўқолишини сиёсий одам ўғирлаш, дея изоҳлаган.
Маркази Лондонда жойлашган бу нуфузли ташкилот экспертлари фикрича, Шамсиддиновнинг йўқолиши сиёсий хусусиятга эга.
58 ёшли Шамсиддинов шу йилнинг 15 март куни эрталаб уйидан чиқиб кетганича қайтиб келмаган. Шамсиддиновнинг яқинлари 16 март куни Қўрғонтепа шаҳар милициясига ариза ёзиб, уни топишга кўмаклашишни сўради.
Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти баёнотида Салимбой Шамсиддинов ўтган йилнинг 5 майида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Хатлон вилоятидаги идораси ёнида нотаниш одамлар томонидан аёвсиз калтакланганини эслатилади.
Amnesty International ташкилоти ходимларининг ёзишича, ўшанда маҳаллий манба Шамсиддинов оммавий ахборот воситаларига Тожикистон ҳукумати миллатчилик сиёсатини юритаётгани ҳақида интервью бергани сабабли ҳужумга учраганини билдирган.
Тожикистонлик ҳуқуқшунос, Салимбой Шамсиддиновни яқиндан таниган Шуҳрат Қудратовнинг “Жараён”га айтишича, воқеадан 12 кун ўтган бўлса ҳам, Салимбой Шамсиддиновнинг дараги ҳали-ҳамон чиққани йўқ.
“27 феврал куни у киши билан Қўрғонтепада учрашгандим. Ҳақиқатан Шамсиддинов халқ дардини гапирадиган одам, ҳозир бунақа одам жуда оз. У кишини президент билан учрашиши кутилаётган эди. Лекин мана бунақа ишлар бўлди. Шунча кун бўлди дараги чиқмаяпти, биз жуда хавотирдамиз”, – дер экан ҳуқуқшунос Шуҳрат Қудратов Салимбой Шамсиддиновнинг йўқолишига оид жиноят иши очилганини қўшимча қилди.
Хатлон вилоят Ўзбеклар жамияти раиси Салимбой Шамсиддиновнинг дараксиз йўқолгани ҳақида илк маълумотни Социал-демократлар партияси раиси Раҳматулло Зоиров Тожикистон тегишли идораларига ёзган расмий мактуби орқали эълон қилганди.
Зоиров ўз мактубида Тожикистон сайловларига ўзгартиш киритиш тадбирларида фаол қатнашган Шамсиддиновнинг йўқолиши сиёсий хусусиятга эгалигини таъкидлаган.
Шамсиддинов тожикистонлик ўзбекларни шу йилнинг ноябр ойида Тожикистонда бўлиб ўтиши кутилаётган президентлик сайловида Раҳматулло Зоировга овоз беришга чақирган эди.
Айтилишича, Шамсиддинов йўқолиб қолишидан аввал Хатлон вилоятида яшовчи ўзбекларининг маҳаллий мулозимлар томонидан таҳқирланаётгани ва улар ҳуқуқларининг оёқости қилинаётгани ҳақида матбуот анжумани беришга тайёргарлик кўриб юрган.
Тожикистон ҳукуматининг фаол сиёсий мухолифларидан бири Шамсиддиновнинг дараксиз йўқолганидан ташвиш билдираётган Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти тожик расмийларини зудлик билан бу ҳодисага ойдинлик киритишга ва тергов натижаларини эълон қилишга даъват этган.
“Агар Шамсиддинов давлат қамоқхонасида бўлса, ҳукумат буни эълон қилиши ва яқинларига унинг билан кўришишга рухсат бериши ҳамда адвокат билан таъминлаши лозим бўлади. Зарурат туғилган тақдирда, Шамсиддиновга тиббий ёрдам кўрсатилиши шарт”, дейилади Amnesty International баёнотида.
Fikr bildirish