Тожикистон расмийлари Amnesty International халқаро ташкилоти мурожаатига жавоб берди
Хатлон вилояти ҳуқуқ-тартибот идора расмийлари орадан қарийб икки ҳафта вақт ўтиб Салимбой Шамсиддиновни излаш билан боғлиқ тадбирлар натижа бермаганини маълум қилди.
Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Хатлон вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Эминжон Жалилов Салимбой Шамсиддиновнинг хавфсизлик ходимлари томонидан ўғирланганига оид жамиятда урчиётган гап-сўзлар асоссизлигини уқтирди.
“Салим Шамсиддиновнинг ўғли томонидан бошқармамизга берилган ариза асосида бу фуқарони қидириш тадбирлари давом этмоқда. Вазирликка тегишли тизимларда Шамсиддинов ҳибсга олингани аниқланмади. Агар куч ишлатиш бошқа тизимлари Шамсиддиновни ҳибсга олганида, бу борада бизга маълумот берилган бўларди”, – дея билдирган Хатлон вилоят милицияси расмийси Жалилов.
Ҳукумат расмийси шунингдек, Amnesty International халқаро ташкилотининг Шамсиддиновнинг ўғирланиши сиёсий мақсадларга асосланган, деган мурожаатини рад қилди.
“Ўзбеклар жамияти раҳбарининг йўқолишига ҳукуматнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ, хорижий ташкилотлар ва бошқа алоҳида шахсларнинг бу масалани сиёсийлаштириши бемаъниликдан бошқа нарса эмас”, – деган Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъули Жалилов.
Хатлон вилояти ўзбеклар жамиятининг раиси Салимбой Шамсиддинов шу йилнинг 15 мартидан буён дараксиз қолмоқда.
Тожикистон Социал-демократлар партияси раиси Раҳматулло Зоировнинг “Жараён”га билдиришича, Салимбой Шамсиддинов ўзининг милиция ва хавфсизлик ходимлари томонидан тақиб қилинаётганини айтган.
“Шамсиддиновнинг яқинлари ва қариндош уруғи билан деярли ҳар кун алоқада бўлиб турибман, ҳозирча икки-уч гипотезадан ташқари бошқа бирор хабар йўқ”, -деди 28 март куни “Жараён”га гапирган Зоиров.
58 яшар Салимбой Шамсиддинов ўтган йил баҳорида номаълум кишилар ҳужумига учраган эди.
Унинг ўзи бу ҳужумга маҳаллий матбуотда Тожикистон ҳукумати юрғизаётган нотўғри сиёсат ва бунинг ортидан қўшниси Ўзбекистон билан муносабатларининг боши берк кўчага кириб қолгани ҳақида билдирган фикрлари сабаб бўлганини айтганди.
Салимбой Шамсиддинов маҳаллий ва хорижий хабар агентликларига берган интервьюсида аҳолисининг умумий сони 8 миллион бўлган Тожикистонда қарийб 1,5 миллион ўзбек яшашини, лекин расмий статистикада ўзбеклар сони атайлаб озроқ кўрсатилаётганини иддао қилиб келган.
Тожик хавфсизлик хизматлар томонидан ўғирлангани тахмин қилинаётган Шамсиддинов йўқолишидан олдин Хатлон вилоятида яшовчи ўзбеклар ҳуқуқларининг маҳаллий мулозимлар томонидан оёқости қилинаётгани борасида матбуот анжумани беришга тараддуд кўриб юрган.
2012 йил “Миллат” мустақил рўзномасига берган эксклюзив интервьюсида Шамсиддинов Тожикистон ҳукуматини “миллатпараст” ликда айблаган эди. Ўша суҳбатида у президент Имомали Раҳмон мамлакат ташқи сиёсатини ўзгартириши ва Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаши зарурлигини таъкидлаган эди.
Социал-демократлар лидери Раҳматулло Зоировнинг айтишича, Шамсиддинов Хатлон вилоят ўзбеклар жамияти раиси сифатида бу ҳудудда яшовчи ўзбекларни жорий йил кузига белгиланган президентлик сайловларида Раҳматулло Зоировга овоз беришга даъват қилиб келган.
“Шамсиддиновнинг дараксиз йўқолиши мамлакатда президентлик сайловларга тараддуд бошланган бир вақтга тўғри келди. Хатлон вилоят ўзбеклар жамоаси раҳбарининг ғойиб бўлиши ортида сиёсий сабаблар бор”, дея баёнот берган эди 27 март куни Amnesty International халқаро ташкилоти.
Аммо бу мурожаат тожик расмийлари томонидан рад этилди.
Fikr bildirish