Тожикистонда пошнасиз пойабзалли толибалар дарсга қўйилмаяпти
Тожикистонда пошнасиз пойабзал кийган талаба қизларнинг дарсларда қатнашиши таъқиқланди.
Тожикистон собиқ таълим вазири, ҳозирда Душанбедаги Педагогика университети ректори Абдужаббор Раҳмонов шундай буйруқ берган.
27 март куни ректорнинг янги буйруғидан хабарсиз, одатдагидек пошнасиз пойабзалда университетга борган толибалар дарсга киритилмаган ва ноилож уй-уйларига қайтиб кетганлар.
Садриддин Айний номидаги Педагогика университети ректори Абдужаббор Раҳмонов “Тожньюс” хабар агентлиги мухбирига берган интервьюсида бу тадбир республика Таълим вазирлигининг 2012-2013 ўқув йиллари дастури доирасида амалга оширилаётганини билдирган.
“Бошқа томонда бу даргоҳ физкультура институти эмас, қизларимиз чешки ёки кедида дарсга қатнашгани. Бу даргоҳнинг ўз қоида-талаблари бор. Бу вазирликнинг талабалар учун ягона кийим-бош жорий қилиш тўғрисидаги кўрсатмаси асосида амалга оширилаётган тадбирдир”, дея таъкидлаган ректор Раҳмонов.
Эндиликда Раҳмоновнинг буйруғига биноан 5–10 сантиметр баланд пошнали пойабзал кийган қизларгина дарсларга киритилади.
“Мокасинка” кийгани учун чоршанба кунги дарсларда қатнашишдан мосуво бўлган талаба қизлар ректорнинг янги буйруғи ўзлари учун янги муаммолар туғдиришидан хавотир билдирган.
“Бугунга қадар ҳамма қизлар бир хил рангдаги кийим кийиши шарт қилиб белгиланган эди. Энди эса баланд пошнали пойабзал кийиш талаб қилинаяпти. Шахсан биз юриш осонроқ бўлган паст пошнали оёқ кийим кийишга одатланганмиз. Биз билган кўпчилик қизлар баланд пошна киёлмайди, баъзилари оёқ оғриғидан шикоят қилади”, дейди Тожик филологияси факультети талабаси Дилрабо.
“Бошқа томондан биз мана шу пойабзалимизни 60 сомонийдан (тақрибан 12 АҚШ доллари – “Жараён”) олганмиз. Ректорнинг янги буйруғидан сўнг бозордан яна 60 ёки 80 сомонийдан янги туфли олишимиз керак. Бу биз студентлар учун катта маблағ саналади бугунги шароитда. Кўп оилаларнинг бунга қурби етмайди”, деган бошқа талаба қиз Мавзуна маҳаллий журналистларга.
Қизларнинг айтишича, буйруқни бажармагани учун дарсларга киритилмаган толибалар дарсларга сабабсиз қатнашмаганлик важи билан университетдан ҳайдалиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Тожик жамиятида ўзининг ғайриоддий қарорлари билан “танилган” Абдужаббор Раҳмоновнинг кечаги буйруғи жамиятда катта норозилик уйғотди.
“Ректорлар, домлалар ҳеч қачон студентларнинг билимига эътибор бермайди, уларни фақат қизлар бошига нима ўрагани ёки оёғига нима кийгани қизиқтиради, холос. Мана шунинг учун биз тожикистонликлар Марказий Осиёда энг қашшоқ ва энг саводсиз халққа айланиб қолмоқдамиз”, дея нолийди умрини болалар тарбиясига бағишлаган Саврихон ая.
Кекса педагог ўз даврида ҳукумат фуқароларнинг саводхонлигини оширишга катта аҳамият қаратганини, кийим бош эса иккинчи даражали мавзу бўлганини айтади.
Абдужаббор Раҳмонов 2007 йил, яъни Тожикистон таълим вазири лавозимида ишлаган пайтида ҳижобли толибаларнинг дарсга қатнашишини таъқиқлаб қўйган эди.
“Бу Ислом университети эмас, балки замонавий университет”, деганди ўшанда Раҳмонов.
Аммо кейинчалик Раҳмонов Тожикистон Ислом университетида ҳам янгича қонун қоидаларни жорий қилди. У республикадаги ягона диний олий ўқув юрти бўлган бу даргоҳ талабаларига соқол қўйишни таъқиқлаб, унинг ўрнига галстук тақишни тавсия қилганди.
Fikr bildirish