Дилмурод Саййид ошиғич тиббий ва ҳуқуқий ёрдамга муҳтож

Навоий вилоятидаги 64/36 жазо муассасасида қамоқ муддатини ўтаётган таниқли журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти фаоли Дилмурод Саййид ошиғич тиббий текширув ва малакали муолажага муҳтож.

Дилмурод Саййиднинг аҳволи оғирлиги ҳақидаги маълумотни мустақил оммавий ахборот воситаларига шу йил март ойи ўрталарида ҳуқуқ фаоли билан учрашган укаси Обид Саидов тақдим этган. Ака-ука учрашуви журналист оғир хасталик туфайли келтирилган Тошкентдаги махсус колонияда (Сангородда) бўлиб ўтган.

Обид Саидовнинг айтишича, Дилмурод силнинг оғир кўринишидан азият чекмоқда, у жуда озиб кетган ва ҳозирда унинг вазни 52 килограммга тушиб қолган. Учрашув чоғида хаста ҳуқуқ ҳимоячиси укасига феврал ойида «қамоқхона тартибини бузгани учун» 10 кунга карцерга ташланганини ҳам айтиб берган. Бу жазога ҳуқуқ фаолининг қамоқхона ташқарисига хат чиқаргани учун белгиланган жисмоний нормативларни бажаришдан бош тортгани сабаб бўлган.

Пенитенциар муассасаларнинг норматив қоидаларига кўра, касал маҳкумни изоляторга қамаш мутлақо мумкин эмас. Мазкур тартибга мувофиқ, маҳкумни карцерга жойлаштириш учун қамоқхонада ишловчи тиббиёт ходимлари бу одамнинг соғлом эканини тасдиқлашлари шарт.

Ҳуқуқ ҳимоячиси атрофида юзага келган оғир вазиятни ҳисобга олган ҳолда, биз Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги доирасида ҳужжатларни сохталаштириш воситасида Дилмурод Саййидни жазо изоляторига жойлаштирган тиббиёт ходимлари ва қамоқхона мулозимларининг жавобгарликка тортилишини талаб қиламиз.

Биз унга ҳуқуқий ёрдам ҳам кўрсатилиши зарур, деб ҳисоблаймиз. Бу ёрдам доирасида ҳуқуқ фаолини изоляторга жойлаштириш ҳаракатларининг нақадар қонуний бўлганини аниқлаш керак бўлади.

Ҳуқуқ фаоли ва журналист Дилмурод Саййиднинг аҳволи оғирлигидан келиб чиққан ҳолда, «Ўтюраклар клуби» халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Халқаро Қизил Хоч қўмитаси, «Чегарасиз шифокорлар» халқаро тиббий инсонпарварлик ташкилоти ва бошқа гуманитар ташкилотларни ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси билан боғлиқ вазиятга аралашишга ҳамда унинг тўла текширувдан ўтказиш ва даволаш мақсадида у билан учрашиш учун зарур чораларни кўришга, шунингдек, ҳуқуқ фаолига тиббий ва гуманитар ёрдам кўрсатишга чақиради.

Мазкур нуфузли халқаро ташкилотларнинг Дилмурод Саййид ишига аралашмаслиги ҳуқуқ фаолининг оғир аҳволини янада ёмонлашувига сабаб бўлишига аминмиз, чунки малакали тиббий ёрдам олиш мақсадида унинг қамоқхона тиббиётчиларига аввал қилган барча мурожаатларига зарур бўлган даражада эътибор қаратилмаган.

Биз мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши курашган ва қонун устиворлигини ҳимоя қилган маҳкумларга нисбатан пенитенциар муассасаларда қийноқ ва ғайриинсоний муносабат усуллари қўлланилишини рағбатлантирувчи ўзбек расмийларининг тафаккури ва ўзини тутиши ҳақида жуда яхши тасаввурга эгамиз.

Ўз вақтида тиббий текширувдан ўтказиш ва даволаш бўйича шикоятлар қамоқхона нозирлари томонидан эътиборсиз қолдирилиши натижасида жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва бошқа сиёсий маҳбуслар моҳиятан соғлиғи ва иш қобилиятини йўқотаяпти. Бу эса Ўзбекистон расмийларининг пировард мақсади бўлиб ҳисобланади.

Биз Ўзбекистон билан Ғарб мамлакатлари ўртасидаги ҳозирги геосиёсий конъюнктура Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ва «Чегарасиз шифокорлар» халқаро тиббий гуманитар ташкилоти вакилларининг Дилмурод Саййид ва ўзбекистонлик бошқа сиёсий маҳбуслар билан учрашиш учун қамоқхоналарга қўйилишига умид қилишга имкон беради, деб ўйлаймиз.

Мўътабар Тожибоева,

«Ўтюраклар клуби» халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.