Ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Стокгольмга кетишга муваффақ бўлди
Швеция пойтахтида хавф-хатарга рўбарў келаётган ҳуқуқ фаоллари учун халқаро анжуман ўз ишини бошлади. Бундан аввал ўзбек расмийлари ўзининг мазкур тадбирда иштирок этишига тўсқинлик қилаётгани ҳақида маълум қилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева Тошкентдан Стокгольмга учиб кетишга муваффақ бўлди.
Сешанба, 2 апрель куни Швеция пойтахти Стокгольм шаҳрида Civil Rights Defenders томонидан уюштирилган “Ҳуқуқ фаоллари кунлари – хавф-хатарга рўбарў келаётган ҳуқуқ ҳимоячиларининг потенциалини мустаҳкамлаш” деб номланган тўрт кунлик анжуман ўз ишини бошлади.
Ташкилотчиларга кўра, мазкур тадбир инсон ҳуқуқлари соҳасида энг кўп муаммоларга дуч келаётган минтақа ва мамлакатлардан келган ҳуқуқ фаоллари учун ўтказилмоқда. Шунингдек, ташкилотчилар хавф-хатарга дуч келаётган ҳуқуқ фаолларининг халқаро миқёсда тан олиниши учун уларни жипслаштирадиган ва имкониятларни мустаҳкамлайдиган ҳар йиллик форумни таъсис этиш ниятидалар.
Бу тадбирда иштирок этиш учун ўзбекистонлик икки ҳуқуқ ҳимоячиси – “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳамда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева ҳам таклиф қилинган.
– Мен бу анжуманда асосан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммолари, ҳуқуқ ҳимоячиларига бўлаётган босимлар ва қамоқхоналардаги сиёсий маҳкумлар масаласини кўтараман. Амнистия билан қамоқдан озод қилинмаганлар бўйича фактларни келтираман, – дея маълум қилганди “Жараён”га Стокгольмдаги анжуманга жўнаб кетишдан аввал Мўътабар Тожибоева.
Бу орада Елена Урлаева Швецияда анжуман ўтказилиши арафасида оммавий ахборот воситаларига ўзбек расмийлари унинг мазкур тадбирда иштирок этишига тўсқинлик қилаётганлари ҳақида маълум қилганди.
1 апрель куни Урлаева журналистларга қуйидагиларни ёзиб жўнатганди:
“Бугун, 1 апрель куни Тошкент шаҳрининг Буюк Ипак Йўли кўчасидаги 481-уй, 6-хонадонда яшайдиган қўшним ва Абдусамад исмли участка нозири томонидан менга нисбатан провокациялар бўлди.
Ҳозир участка нозири менинг 7-рақамли хонадоним эшиги олдида турибди ва мени безориликда айблаб, эшикни очишни, акс ҳолда, руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштиришини, эрим Мансур Машуровни ишхонасидан чақиртиришини айтиб, таҳдид қилмоқда.
Бугун халқаро анжуманда иштирок этиш учун Швециянинг Стокгольм шаҳрига учиб кетишим керак ва мен ўзбек расмийлари Ўзбекистондан учиб кетишимга атайлаб тўсқинлик қилаяптилар, деб ҳисоблайман.
Мен анжуман ташкилотчилари, Европа Иттифоқи давлатлари вакиллари, АҚШ элчихонаси вакиллари ва халқаро ташкилотларни зудлик билан бу вазиятга аралашишларини ва мени Ўзбекистон расмийлари хуружларидан ҳимоя қилишларини сўрайман”.
Елена Урлаеванинг мазкур мурожаатидан кейиноқ Civil Rights Defendersнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари дастурлари раҳбари Жоанна Курос (Joanna Kurosz) Ўзбекистон ички ишлар вазири Баҳодир Матлубовга зудлик билан ҳуқуқ фаоли Елена Урлаевани таъқиб этишни бас қилиш чорлови билан расмий мактуб йўллагани маълум бўлди.
“Ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси Елена Урлаеванинг “Ҳуқуқ фаоллари кунлари – хавф-хатарга рўбарў келаётган ҳуқуқ ҳимоячиларининг потенциалини мустаҳкамлаш” деб номланган анжуманда иштирок этиш учун Стокгольмга учиб кетиши олдидан таъқиб қилинаётгани юзасидан жиддий хавотирдалар. Биз Ўзбекистон ички ишлар вазири жаноб Баҳодир Матлубовни Елена Урлаева Стокгольмга жўнаб кетишига ишонч ҳосил қилиши ва айни пайтда уни таъқиб этиш зудлик билан бас қилинишига чақирамиз.
Биздаги маълумотларга кўра, бугун эрталаб Елена Урлаеванинг қўшнилари ва маҳаллий милиция бўлими раҳбари унга ҳужум қилганлар. Улар ҳуқуқ фаолини “безорилик”да айблаганлар, милиция ходими эса уни руҳий касалликлар шифохонасига тиқиб қўйишини айтиб, таҳдид қилган. Аввал ҳам Елена Урлаева ўз касбий фаолияти туфайли руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран ётқизилгани боис, бу галги таҳдидлар унинг қаттиқ стресс ҳолатига тушишига олиб келган. Худди шу каби воқеа Урлаева бир неча куни аввал Германия элчихонасидан ўз визасини олиб кетиш учун бормоқчи бўлганида ҳам содир бўлган. Ўшанда бу каби таҳдидлар туфайли ҳуқуқ фаолининг қон босими ошиб кетган, оқибатда у ўша куни визасини олиш учун элчихонага боролмай қолган.
Ҳуқуқ фаолини таъқиб қилиш вақтини эътиборга олган ҳолда, бизда буларнинг барчаси унинг (Урлаеванинг – “Жараён”) ҳуқуқ фаоллари учун Швецияда бўлиб ўтадиган анжуманга кетиши билан боғлиқ, деб ҳисоблашга жиддий асослар бор.
Шунинг учун ҳам биз сизни Елена Урлаева келажакда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ўзининг муҳим ишини давом эттира олиши учун унга нисбатан таъқиблар тўхтатилганига ҳамда у тўсқинликсиз Тошкентни тарк этганига ишонч ҳосил қилишга чақирамиз”, – деб ёзилган Ўзбекистон ички ишлар вазири Баҳодир Матлубов номига Civil Rights Defenders ташкилоти масъули томонидан ёзилган мактубда.
2 апрель куни “Жараён” журналисти Елена Урлаеванинг яқинлари билан телефон орқали боғланганида улар ҳуқуқ фаоли 1 апрель куни Стокгольмга учиб кетишга муваффақ бўлганини маълум қилишди.
Айтиб ўтиш жоизки, ўзбек расмийлари бундан аввал ҳам ҳуқуқ фаоли Елена Урлаеванинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида уни мажбурий даволаниш учун бир неча бор руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирган эдилар.
Fikr bildirish