Урганчлик ўн мингдан зиёд йигит-қиз йил бошидан буён бепул ишчига айланди

Расмийлар Урганчни қайта қуриш бўйича оламшумул режаларни амалга ошириш бўйича синалган воситадан фойдаланмоқдалар.

Январь ойидан бошлаб мактаб, лицей ўқувчилари ва талабалар дарс вақтининг ярмини қурилишдан қолган ахлатни тозалаш, кўча супуриш, ер чопиш ва кўчат ўтқазишга бағишлаяптилар.

Ўтган йили ҳукумат вилоят марказининг янги қиёфасини яратиш учун 112 миллиард сўм ажратганди. Урганчда шу кунда 400 дан ортиқ бино бузилаяпти, гаражлар ва қўшимча қурилган бинолар йўқ қилинаяпти, томорқаларнинг тўсиқлари олиб ташланаяпти. Маъмурий ва турар-жой бинолари шитоб билан тиккаланаяпти.

Иш устидан назоратни амалга ошириш учун мамлакатнинг бошқа вилоятларидан Хоразмга 300 дан зиёд ходим келган. Маҳалла фаоллари ва турли маҳаллий амалдорлар армияси қабатида турган бу одамлар асосий назоратчиларга айланган.

– Ўтган уч ой ичида шаҳар манзараси жуда ўзгариб кетди, – деди “Жараён” мухбири билан телефон орқали суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири. – Биноларни бузиш бўйича ишлар тўхтамаяпти. Ўнлаб самосвал темир-бетон қурилмалари бўлакларини олиб чиқиб кетди. Ҳозир майда ахлат уюмлари қолган, холос.

Бинолари бузилган урганчликлар ғишт ва тўсинларни сотиб юборишган, ғишт бўлаклари ва бошқа ахлат уюмларини тозалашни эса исташмаяпти. Ҳокимият вакиллари уларга ер уларники эмас, балки давлатники эканини айтишган. “Шунақа бўлганидан кейин ўзлари тозалашсин”, дея қарор қилганлар бузилган мулкнинг собиқ эгалари.

Эрталабки соат 10-11 дан тортиб тушки соат 3 гача шаҳар кўчаларида гўё кўнгилли ёрдамчилардан ташкил топган кўплаб гуруҳлар ишлаяпти.

Бу маълумотни бошқа урганчликлар ҳам тасдиқлайди. Уларнинг сўзларига кўра, ўқувчилар ўз мактабларидан унча узоқ бўлмаган жойларда ўқитувчилар назорати остида ишламоқдалар. Талабалар ва лицей ўқувчилари чекига эса янада ифлосроқ иш тушган. Уларга коржома кийишга рухсат беришмаяпти – ёшлар ўқишга қайси кийимда келган бўлсалар, ўша кийимда ишлашга мажбур бўлаяптилар.

– Ишимизни текширгани тез-тез прокуратурадан одамлар келиб турибди. Улар давоматни текшириб кетишаяпти, ҳозир бу иш қаттиқ назорат остига олинган, – дейди мактаблардан бирининг маънавият ва маърифат бўйича директор ўринбосари. – Биз 100 фоизлик давоматни таъминлаб беришга ҳаракат қилаяпмиз. Ёшлар қадрдон шаҳрига ёрдам беришининг ҳеч бир ёмон жойи йўқ. Китобини эса кейин сал кўпроқ ўқиб олишаверади.

Ўзбек фемидасини 14-15 ёшли болалар меҳнатидан ноқонуний фойдаланиш ҳодисаси қизиқтирмайди. Одамларни ғайриихтиёрий меҳнатга мажбуран жалб қилиш совет давридан бери давом этиб келаётган эски анъанадир.

– Ўқув йилининг энг муҳим чорагидан расмийлар ҳали шу пайтгача бу қадар уятсизларча фойдаланмагандилар, – дейди Урганчдаги 14-мактаб ўқитувчиси Зулхумор Раззоқова (респондентнинг исм-фамилияси хавфсизлик андишасида ўзгартирилган).

Наманган кўчасида яшовчи аёл содир бўлаётган воқеалардан ҳайронлигини яширмайди.

– Қўшни ҳовлидаги полизчилар ерини чопиш учун ўқувчи болаларни уч марта олиб келишди. Уларни симёғочларни худди кўчат каби оқлашга мажбур қилишгани мени ҳайрон қолдирди. Ўзингиз айтинг, бунақа ақлсизликни қандай изоҳлаш мумкин? Белкураклари ҳам кам экан, ҳаммасига етмаяпти, йигитлар бекор туришибди, – дейди аёл.

Хоразмлик амалдорлар фикрича, президент Каримов келгунча ҳаммаёқ ёғ тушса ялагудек бўлиши керак. 1 апрел куни Тошкент вилоят Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида у ёшларни иш билан таъминлаш зарурлигини таъкидлаган. Мамлакат раҳбари “маҳаллий раҳбарларнинг фаолияти улар аҳолини, энг аввало, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласини қандай ҳал қилаётганига қараб баҳоланиши”ни алоҳида қайд этиб ўтган.

Ҳозирча эса хоразмлик ҳақ-ҳуқуқсиз ёшлар катталарнинг буйруқларини миқ этмай бажармоқдалар. Урганчни қайта қуриш бюджетида ободонлаштириш учун сарфланажак меҳнатга ҳақ тўлаш кўзда тутилмаган. Бу иш учун вилоят ва шаҳар ҳокимиятлари масъул.

Урганчда 31 та мактаб, 16 та коллеж, битта университет ва Тошкентдаги олий ўқув юртларининг филиаллари бор. Бу масканларда ўқийдиган бўлажак мутахассислар, муҳандислар, шифокорлар ва педагогларнинг бутун бошли дивизияси шу кунда ифлос ва баъзан эса бадбўй ахлат уюмларини тозалаш билан машғул.

Аслида кўп минг кишилик меҳнат резерви борлиги аввал-бошдан маълум эди. Бу резерв ўқиш ўрнига пахтани ҳам теради, ахлат аравасини судрашни ҳам уддалайди.

Шу ўринда президентнинг “…биринчи навбатда, вазифада ўтирган раҳбарлар ёшларнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларга кенг йўл очиб бериш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқаришлари зарурлиги” борасидаги мулоҳазалари бошқача маъно касб этади.

Афтидан, амалдорлар бу мулоҳазаларни “биринчи апрель ҳазили” деб қабул қилганга ўхшайдилар…

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.