“Ўш садоси” бош муҳаррири уй қамоғига чиқарилди

2010 йил қирғинида одам ўлдирганликда гумонланиб қўлга олинган “Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоиловга суд уй қамоғи эҳтиёт чорасини белгилади.

Гувоҳларнинг айтишларича, Муҳаммадсоли Исмоилов ва у билан биргаликда қўлга олинган Қорасув туман Шарқ қишлоқ ҳукуматидаги Имомота маҳалласида яшовчи уч кишига нисбатан эҳтиёт чорасини белгилаш юзасидан суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтган.

Суд 2 апрел куни соат 19 дан кейин бошланган.

– Судга гумонланувчилардан бошқа ҳеч кимни киритишмади. Бир-бир ярим соатлардан кейин суд Муҳаммадсоли Исмоиловга тергов жараёни тугагунига қадар эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғини белгилади. Қолган гумонланувчиларнинг тақдири нима бўлганини билмаймиз, – деди “Ўш садоси” газетаси муҳаррирининг ўринбосари Салтанатхон Файзуллаева.

“Ўш садоси” газетаси муҳаррирининг яқинлари Муҳамадсоли Исмоилов уй қамоғида бўлгани сабабли “Жараён” мухбири билан суҳбатлаша олмаслигини билдирган.

Исмоилов ва унинг бир қатор маҳалладошлари ўз қўшнисини ўлдирганликда гумонланиб, 31 март куни Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Ҳудудлараро бош бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.  Айрим манбаларда 7 киши, бошқа маълумотларда 6 киши ҳибс қилингани айтилмоқда.

Исмини айтишимизни истамаган ишончли манбанинг билдиришича, аввалроқ қўлга олинган уч киши Ўш вилоят прокуратурасининг қарори билан ҳибсдан озод қилинган. Қолган гумонланувчилар эса эҳтиёт чорасини белгилаш учун судга олиб борилган. Муҳаммадсоли Исмоилов билан бирга судга олиб борилган уч кишига қандай эҳтиёт чораси белгилангани ҳозирча номаълум қолмоқда.

Гувоҳларга кўра, Муҳаммадсоли Исмоиловнинг маҳалладошларидан бири бўлган ўзбек миллатига мансуб Анвар Маҳмудов 2010 йилги воқеадан сўнг йўқолиб қолган. Йўқолган одамнинг турмуш ўртоғи Ажар Маҳмудова эса ўз эрини сўнгги марта кўрган маҳалладошларини қотилликда айблаб, милицияга ариза берган.

– Йўқолиб қолган одам 2010 йилги қирғин кунлари ўзини осмоқчи бўлган. Буни маҳалладаги ёш болалар кўриб қолиб, катталарга хабар беришган. Шундан кейин қўни-қўшнилар бу одамни қутқариб қолишган. Аммо орадан кўп ўтмай, бу киши йўқолиб қолди. Маҳалладагилар ариза ёзган одамга моддий кўмак кўрсатиб, пул йиғиб, доим ёрдам кўрсатиб келганмиз. Энди бу хотин уйини сотмоқчи бўлаяпти.

Уйини сотиш учун эса йўқолган эрининг ўлгани ҳақида ҳужжат керак экан. Маҳалламиздагиларнинг баъзилари эса бу хотин ҳукуматдан 1 миллион сўм товон пули олиш учун эрини ўлдига чиқармоқчи бўлаяпти, деган гапларни айтишаяпти. Мана шу пул учун бу аёл маҳалламиздаги обрўли 7 одамнинг устидан мелисага ариза ёзиб берибди, – деди Муҳаммадсоли Исмоиловнинг ўз исмини айтишимизни истамаган маҳалладошларидан бири.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Жўрабой  Абдраимовнинг  айтишича, Муҳаммадсоли Исмоилов 2010 йилги Ўш қирғинида иштирок этганликда гумонланиб қўлга олинган.

– У гўёки 2010 йил воқеаларига аралашганлиги учун қўлга олинган. Воқеалар пайтида бир одам йўқолиб қолган. Муҳаммадсоли Исмоилов ўша пайтда воқеага алоқадор гуруҳга раҳбарлик қилган, деб гумонланаяпти, – деди Жўрабой Абдраимов.

Расмий маълумотларга кўра, Ўш воқеасида бедарак йўқолган одамни ўлдиришда иштирок этганлик айби билан Қирғизистон Жиноят кодексининг 97-моддаси (одам ўлдириш) асосида жиноят иши очилган.

Ўш вилоят прокурори Айбек Турғанбаев “Ўш садоси” газетасининг бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмолиовнинг қўлга олиниши унинг касбий фаолияти билан боғлиқ эмаслигини билдирди.

Ўшда ўзбек тилида чоп этилувчи “Ўш садоси” газетаси Ўш вилоят ҳокимиятига қарашли бўлиб, Қирғизистондаги энг кекса нашрлардан бири ҳисобланади. Аввалроқ “Пахта учун”, “Ленин йўли” номлари билан чиққан, мустақилликдан сўнг эса “Ўш садоси” номи билан чоп этила бошлаган газета бу йил ўзининг 81 йиллигини нишонлайди.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.