Озода Ёқубовадан ГУИН бошлиғи Абдукарим Шодиевга Шикоят

 ЎзР ЖИКнинг 4-моддаси (ЖИ қонун ҳужжатлари ва халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар)нинг 1-қисмида “Жиноят-ижроия қонун ҳужжатлари халқаро ҳуқуқнинг жазони ижро этиш ва маҳкумлар билан муомалада бўлишга тааллуқли принциплари ва нормаларини инобатга олади” дейилган. Мазкур модданинг шу қисми Олий Мажлис томонидан бекор қилинмаганми? Бекор қилинган бўлса айтинг, билиб олайлик.

ЖИЭББ бошлиғи А.Шодиевга
Нусхаси:
УЯ 64/71 ЖИЭМ бошлиғи Кенжаевга
Мазкур ЖИЭМда сақланаётган сиёсий махбус
Азам Фармоновнинг турмуш ўртоғи
Озода Якубовадан
—————————————————-
Гулистон ш., 3-микрорайон, 16-уй, 2-хонадон

ШИКОЯТ

Муҳтарам бошлиқ!

Мен 2-3 апрель кунлари турмуш ўртоғим Азам Фармонов олдида бўлдим ва жуда оғир таассурот билан қайтдим.

Улар қуйидагилар:

1.2012 йил 5 декабрда Ўзбекистон Республикаси Сенати қабул қилган Амнистия актининг 4-бандига асосан Азам Фармонов сўзсиз озодликка чиқиши керак эди. Мазкур амнистиягача “ЖИЭМ ички тартибини бузган” деган сохта “нарушение” Азам Фармоновга 2011 йилнинг ноябрида қўйилган.

Мен бу ҳақда 2012 йил 12-13 декабрь кунлари турмуш ўртоғимни кўргани борганимда эшитганман. Ўша сафаримдан олдин мен Сизнинг номингизга Илтимоснома йўллаб [нусхаси Сенатга юборилган], Азам Фармоновни амнистия муносабати билан озодликка чиқаришни сўраган эдим. ЖИЭББдан келган жавобга кўра “Азам Фармонов ЖИЭМ ички тартибини бузди” деган бебурд айб билан амнистия қўлланилмаган.

Жаноб бошлиқ, ушбу саволларга жавоб бера оласизми?

МАХБУСНИНГ ЎЗИГА АЙТМАЙ, ЭЪЛОН ҚИЛМАЙ УНИНГ ДЕЛОСИГА “НАРУШЕНИЕ” ЁЗИБ ҚЎЙИШ БЕБУРДЛИК ЭМАСМИ? СИЗ БОШҚАРАЁТГАН ЖИЭББ СИСТЕМАСИДА БЕБУРДЛИК БИЛАН КИМ ШУҒУЛЛАНАДИ? ЎША ШАХСНИНГ ИСМИ-ШАРИФИНИ БИЛСАК БЎЛАДИМИ?

Ўша бебурд ходимингиз Азам Фармоновга бир эмас ИККИТА “нарушение” ёзиб қўйибди. Биттаси “ҲАРБИЙ ХОДИМ БИЛАН ТОРТИШДИ” деган БЕБУРДЛИК экан. Иккинчисини эса ҳозирга қадар билдиришмабди. Бу қонунбузарликка қарши Азам Фармонов 28 декабардан бошлаб очлик эълон қилган ва колония бошлиғи қабул қилишини талаб қилган, лекин бошлиқ Кенжаев қабул қилмаган. Азам Фармонов МХХ ходими билан учрашишни талаб қилган, бироқ МХХ ходими ҳам учрашишни истамаган.

Охири замполит билан учрашишга эришган ва у сизни фош қилган: “Фармонов, ҳамма нарсани биласан-ку, сенинг озодликка чиқишинг бизга боғлиқ эмаслигини, юқорига боғлиқ-ку! Билиб туриб нима қиласан бунақа қилиб? Бизга қолса сени ушлаб ўтирармидик?” дебди.

Сиз бошқараётган системада тўғри гапирадиган битта ўғил бола (замполит) бор экан ва у Азам Фармонов бошига ёғдирилаётган ноҳақлиликлар манбаъи, яъни сизни кўрсатибди. Сиз бўлмасангиз, у ҳолда “юқори” ким? ЖИЭББда сиздан бўлак “юқори” борми? Ёки Баҳодир Матлубов қилаяптими? Айтинг!

Мен “Жаслиқ”дан битта нарсани аниқ билиб қайтдим: 2011 йил декабридан 2012 йил декабригача Азам Фармонов ЖИЭМ ички тартибини БУЗГАН ЭМАС! Уни 2012 йил декабрь амнистиясига илинтирмаслик учун сизнинг буйруғингиз билан унинг делосига иккита “нарушение” ёзиб қўйишган! Сиз қора мақсадингизга эришибсиз, жаноб бошлиқ! БИРОҚ…

А) Бу жиноий ҳатти-ҳаракатингизга қарши мен ўзимнинг КЕСКИН норозилигимни билдираман.

Б) Азам Фармоновга 2011 йил декабри ва 2012 йил декабри орасида жиноий йўл билан ёзилган иккита “нарушение”ни бекор қилишингизни талаб қиламан.

В) Азам Фармоновга Ўзбекистон Республикаси Сенатининг 2012 йил 5 декабрда қабул қилган Амнистия актини қўллаб уни озодликка чиқаришингизни талаб қиламан.

2.Турмуш ўртоғим қаттиқ грипп бўлган, бироқ уни ЎзР ЖИКнинг 87-моддасини бузган ҳолда даволашмаган. Азам Фармоновнинг чап пастки жағ тиши касалланган ва тешилган, у санчастьга 2-3 марта мурожаат қилган, бироқ шу пайтгача эътибор ҳам қилишмаган. Бу разиллик ҳам сизнинг буйруғингиз билан қилинаяптими? Яна қандай қасдингиз бор? Айтинг, билайлик!

3.УЯ 64/71 ЖИЭМдаги махбусларга бундан буён АСАЛ, ҚУРИТИЛГАН СУТ, ОВҚАТГА СОЛИНАДИГАН ЗИРАВОРЛАР, РОЛЛТОН (бир зумда пишадиган овқат)ЛАР олиб боришни ҳам таъқиқлабсиз. Бу таъқиқни ўзингиз ўйлаб топдингизми ёки “юқори”дан тушдими?

ЎзР ЖИКнинг 4-моддаси (ЖИ қонун ҳужжатлари ва халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар)нинг 1-қисмида “Жиноят-ижроия қонун ҳужжатлари халқаро ҳуқуқнинг жазони ижро этиш ва маҳкумлар билан муомалада бўлишга тааллуқли принциплари ва нормаларини инобатга олади” дейилган. Мазкур модданинг шу қисми Олий Мажлис томонидан бекор қилинмаганми? Бекор қилинган бўлса айтинг, билиб олайлик.

Интернетнинг айтишича бекор қилинган эмас. Шу модданинг 3-қисмида “Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида жиноят-ижроия қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартноманинг қоидалари қўлланилади” дейилган.

Мен халқаро ташкилотлардан: “АҚШ, Франция, Германия, Англия каби демократик мамлакатларда ҳам АСАЛ, ҚУРИТИЛГАН СУТ, ОВҚАТГА СОЛИНАДИГАН ЗИРАВОРЛАР, РОЛЛТОН (бир зумда пишадиган овқат)ЛАР қамоқхоналарга олиб бориш тақиқланганми-йўқми” деб сўраб кўраман.

Улар “Йўқ, таъқиқланмаган” дейишса, у ҳолда мазкур модданинг 2-қисми: “Жиноят-ижроия қонун ҳужжатларининг нормалари маҳкумларни қийноққа солиш ва бошқа ғайриинсоний ёки камситувчи муомала турларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро ҳужжатларга зид бўлиши мумкин эмас”га кўра сиз юқорида келтирилган озиқ-овқатларни олиб боришни таъқиқлаб ўзбекистондаги маҳкумларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа ғайриинсоний ёки камситувчи муомала турларини қўллаётганингиз ошкор бўлади.

Мен турмуш ўртоғимнинг олдига олдимиздаги ИЮЛЬ ойининг бошида бораман. Ўша пайтга қадар мен сиздан АСАЛ, ҚУРИТИЛГАН СУТ, ОВҚАТГА СОЛИНАДИГАН ЗИРАВОРЛАР, РОЛЛТОН (бир зумда пишадиган овқат)ЛАР каби озиқ-овқат турларига сизнинг таъқиқингиз ҳамон кучдами-йўқми эканлиги ҳақида маълумот-хат оламан, деган умиддаман.

9 апрель, 2013 йил.

Озода Якубова

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.