Қарши милицияси Хайрулло Турсуновнинг адвокатини қўрқитишга уринган

Қаршилик ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жорий йилнинг баҳорида Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган ўзбек қочқини Хайрулло Турсуновни ҳимоя қилишга ёлланган адвокатни қўрқитишга ҳаракат қилган.

Ўзбекистон ичкарисидаги “Жараён” манбасининг маълум қилишича, шу йил март ойида Олмаотадан Тошкентга экстрадиция қилинган ўзбек қочқини Хайрулло Турсунов шу кунда Қаршининг Шайхали поселкасидаги қамоқхонада сақланаяпти.

– Икки-уч кун аввал қариндошлари унга передача беришга муваффақ бўлишибди. Улар адвокат ёллашган. Адвокат Хайруллонинг опаларидан унинг паспорти нусхасини олиб келиб беришни сўраган. У ҳужжатларни расмийлаштириб, терговчи билан гаплашиб, укалари билан учрашув уюштириб беришни ваъда қилган. Ҳозир шуни кутишаяпти.

Хайруллонинг аҳволи ҳақида нима дейишим мумкин? Аҳволи, албаттаки, яхши эмас. Ҳозир уни жуда оғир жиноятларда айблашаяпти. Аслида эса у бу жиноятларни содир этган эмас. У соддагина бола, ҳатто пашшагаям озор бермайди. Шунчаки у жуда диндор, намоз ўқийди, – деди 9 апрель куни Хайрулло Турсунов оиласи билан яхши таниш бўлган Қаршидаги манбамиз.

Европа мамлакатларидан бирида яшаётган ўзбек қочқинларидан бири эса қаршилик милиционерлар Хайрулло Турсуновнинг адвокатини қўрқитишга уринганлари ҳақида гапиради.

– Терговчилар унинг қариндошларига умуман учрашув беришмаяпти. Мелисалар унинг адвокатига: “Сен умуман бу ишга аралашма”, деб айтишган. Аммо адвокат Турсуновни ҳимоя қилиш фикридан воз кечмаган. Таҳдидларга қарамай, адвокат: “майли, мен уни ҳимоя қиламан”, деб айтган, – дейди ўзбек қочқини.

Асли қаршилик бўлган 38 ёшли Хайрулло Турсунов 2012 йилнинг апрель ойида поездда оила аъзолари яшаётган Россияга кетаётган пайтда Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида ҳибсга олинганди. Унинг қўлга олинишига Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Турсуновни қидирувга берганлари асос бўлган. Ўзбекистонда унга оғир жиноятлар содир этганлик, жумладан, конституциявий тузумга тажовуз, террорчи гуруҳларга аъзолик ва Олмаота шаҳрида тузилган ноқонуний диний жамоатга алоқадорлик каби айбловлар қўйилган. Шу боис Ўзбекистон томони Хайрулло Турсуновни Қозоғистондан экстрадиция қилишни сўраб келган.

Аввалроқ Турсуновни яхши таниган ва билган кишилар “Жараён”га ўзбек қочқини ҳеч қандай оғир жиноят содир этмагани, фақат ўзининг диний қарашлари учун Қашқадарё вилоят Миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг бетўхтов таъқиб, босим ва таҳдидлардан сўнг Ўзбекистондан қочишга мажбур бўлган диндор хотини Нодира Бўриева боис ўзбек махфий хизматлари томонидан таъқиб қилинганини айтишганди. Уларга кўра, ўзбек махфий хизматлари Турсуновни ҳибсга олиб, шу йўл орқали хотинини ҳам қўлга киритишни режалаганлар.

Қарийб бир йил давомида Хайрулло Турсунов аввал Ақтўбедаги, сўнг эса Олмаотадаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида тутиб турилди.

Бу орада “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги бошқармасига бошпана изловчи Хайрулло Турсуновнинг иши бўйича якка тартибдаги шикоятни жўнатганди.

Шу йилнинг 28 февраль куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари олий комиссарлиги бошқармаси “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева номига мактуб йўллаб, унда Хайрулло Турсунов иши бўйича ташкилот тайёрлаган шикоят қабул қилингани, улар шикоят кўриб чиқиладиган муддат давомида ўзбек қочқинини Ўзбекистонга қайтиб юбормасликни, яъни эстрадиция қилмасликни сўраб, Қозоғистон расмийларига мурожаат қилганларини билдиргандилар.

Аммо, БМТ талабига қарамай, жорий йилнинг 13 март куни расмий Остона Хайрулло Турсуновни Тошкентга экстрадиция қилди. Бу эса Қозоғистон ўз бўйнига олган халқаро мажбуриятларни қўпол равишда бузиб, қочқинларни қийнаш ва таҳқирлаш ҳолатлари систематик характерга эга бўлган Ўзбекистонга бериб юбориши бўйича биринчи ҳолат эмас.

2011 йили Қозоғистон расмийлари бир йил давомида Олмаотадаги ҳибсхоналарда сақлаб келинган 29 нафар қочқинни Тошкентга бериб юборганди. Ўзбекистон томони уларни оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айблаганди. Ҳозир уларнинг кўпчилиги Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаяптилар ва қамоқхона нозирлари уларни қийноққа солиб, таҳқирлаётганларидан шикоят қилмоқдалар.

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳозирда Хайрулло Турсунов иши юзасидан ишни давом эттириш билан бирга, БМТ ва халқаро ҳуқуқ меъёрларини умуман назар писанд қилмайдиган Қозоғистон ҳукуматининг қай йўл билан БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлиб қолганлигини аниқлаш лозимлигини айтади.

– Чунки Қозоғистонни БМТга аъзоликка таклиф қилган мамлакатни аниқласак, кўп нарса ойдинлашади, деб ўйлайман. Албатта, у мамлакатни аниқлаган тақдиримизда ҳам бу Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноққа дучор этилаётган қочқинларга ҳеч нарса бермайди.

Лекин қайси бир қудратли давлат халқаро ҳуқуқ меъёрларини оёқости қилаётган Қозоғистонни қўллаб-қувватлаётганлигини аниқлаш муҳим, деб ҳисоблайман, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.