Ажнабий билан турмуш қуришга қизларни йўқчилик мажбур қилмоқда
Кореяликларга келин бўлган ўзбек қизлари бир қанчаси ватанга қайтиб кетаяптилар.
Бу ҳақда ўз кузатувлари билан ўртоқлашган андижонлик Давлатой Муродованинг айтишича, 2003 йилдан кейин Кореяга келин бўлиб тушган ўзбекистонлик қизларнинг сони кескин ошган.
– Ҳозир кореялик йигит билан никоҳдан ўтаётганлар ҳам, яна орқага қайтиб кетаётганлари ҳам анчагина. Бу ёққа келиб, ватан соғинчига чидамай, қайтиб кетаётганлар жуда кўп. Айримлари ота-онасини хабар олиш учун Ўзбекистонга бориб, қайтиб келмаяпти. Агар бу ерда ажрашиб кетса, боласини олиб қолишади, – дейди кўп йиллардан буён Кореяда ишлаётган Давлатой.
Унинг айтишича, корейс оилаларга келин бўлган ўзбекистонлик қизларнинг яшаш шароити ўз ватанидагидан анча яхши.
– Хоҳласа ишлайди, ойлиги ўзига қолади. Ота-онасига юбориб туради. Унга эри: “Пулни қаёққа сарфлаяпсан”, демайди. Уриш-сўкиш ҳам йўқ. Баъзи оилаларни биламан – эри бошқа шаҳарда ишлагани учун ҳафтада бир марта уйига келади, – дейди Давлатой.
“Хўш, унда нега шунақа яхши шароит ва эркинликни ташлаб кетишмоқчи?” дея сўраймиз суҳбатдошдан.
– Чунки қизларимиз ўзга юртда яккамозор бўлиб қолишдан қўрқишаяпти. “Бу ғайридинлар билан яшаб, ўзбекона урф-одат, исломий қадриятдан бенасиб бўлдим. Ҳеч бўлмаса, қишлоғимнинг қабристонида кўмилайин”, деган ўйда булар. Мен қизларимизнинг қисматига ачинаман. Чунки болали бўлиб қолгандан кейин кетиш иложини қила олмай, сарсон бўлганлар ҳам бор, – дейди Давлатой.
“Айб қизларимизда эмас”
– Мана шу ерга эрга тегаётган ўзбек қизларининг 99 фоизи камбағал оила фарзандлари. Буларни Ўзбекистондаги оғир иқтисодий шароит мажбур қилаяпти. Корейс йигитига эрга текканлар орасида министр, прокурор, ҳоким ёки налогнинг қизи йўқ. Ҳаммаси камбағал оилалардан. Энди нима қилсин булар ҳам. Фоҳишалик қилиб, ҳаром егандан кўра, никоҳдан ўтиб, корейс бўлса ҳам бировнинг хотини бўлгани яхши эмасми? Ватанимизда иш бўлса, тирикчилик ўтиб турса, булар ҳам олис юртларга турмушга чиқармиди?
Ўзбек қизларининг мана шундай сарсон бўлишига президент ва маҳалла амалдорларини қоралайман. Қизларимизда айб йўқ. Лекин булар Ўзбекистондаги системадан нолимайди, қўрқишади. “Пешонам экан”, деб қўйишади. Мен эса қўрқмайман, жонга тегди бунақа яшаш. Юртдошларимизнинг ҳар ерда хўрланишини кўриш жонга тегди, – дейди андижонлик суҳбатдошимиз.
Давлатой Ўзбекистонда сўнгги йилларда қўзиқориндек кўпаяётган расмий-норасмий агентликларни ёпиб ташлаш керак, дея фикрда.
– Корейслар ўз ватандошига уйланиши учун катта харажат қилиши керак. Бошқа томондан, ўзбек қизлари эрига итоатли бўлгани учун ҳам кореяликлар айнан ўзбек қизларини танлашади. Ўзбекистонга қиз ахтариб борган битта корейсга ўнта, ҳатто ундан ҳам кўп қиз кўрсатилади.
Уйланмоқчи бўлган корейс йигит ўшаларнинг орасидан энг чиройлисини танлаб олади. Қизларда эса куёвни танлаш ҳуқуқи йўқ. Улар нима бўлсаям, Кореяга келин бўлиб кетишни ўйлайди. Лекин мана бу ерга келгандан кейин афсус-надомат қилиб, қайтиб кетаяпти. Бу ернинг иқлими, овқатларига ўрганиша олмаяпти, – дейди Давлатой.
“Кореяга эрга тегишдан мақсад Ўзбекистондаги оиласини боқиш экан, қизлар контракт билан ишлаш учун бу ерга келса бўлмайдими?” деб сўраймиз андижонлик суҳбатдошимиздан.
– Бўлади, лекин бу жуда қимматга тушади. Масалан, контракт асосида келиш учун жетон олиш керак, имтиҳондан ўтиш керак. Бунинг ҳаммаси пул. Бунга кўпчиликнинг қурби етмайди. Эрга тегиб, Кореяга келиш – энг осон йўл. Ўзи жойлашиб олганидан кейин отасини ёки акасини виза қилиб чақиртиради. Улар уч ойлик виза билан бу ёққа келиб, бемалол ишлаб, оз бўлса ҳам камчилигини қилиб кетаяпти, – дейди Давлатой.
“Ўзбегим қизларига ёруғ кунлар келади”
Андижондаги олий ўқув юртларидан бирини битирган Давлатойнинг ўзи ўзбек йигитига турмушга чиққан. Уч ўғилнинг онаси бўлган суҳбатдошимиз бир кун келиб, ўзбек қизларининг юзи ёруғ бўлишига ишонишини айтади.
– Яхши кунлар келади. Фақат президент ва система ўзгарса. Албатта бугун Ўзбекистонда Каримов кетиб, ўрнига бошқаси келса, ҳаммаёқ дарров яхши бўлиб кетади, демайман. Чунки мамлакатда энг пастки қатлам мулозимигача порахўр бўлиб кетган.
Биринчи ўринда халқнинг тинкасини қуритаётган мана шу иллат томирига болта уриш керак. Ана ўшанда ҳамма нарса ўз ўрнига тушади. Давлат мулки толон-тарож қилинмайди, иш ўринлар кўпаяди. Ватан соғинчида яшаётган юртдошларим ўз яқинлари ёнига қайтадилар.
Бугун дунёга сочилиб кетган ва жинсий хизмат бозорларида пулланаётган ўзбек қизлари “фоҳиша”, деган таъна-дашномлардан покланади. Лекин мен уларнинг “чет элдан европача кийинишни ўрганиб келдим” деб эмас, балки “ўз ҳуқуқимни ҳимоя қилишни ўрганиб келдим”, дейишларини хоҳлайман, – дейди андижонлик суҳбатдошимиз Давлатой.
Fikr bildirish