Толиб Ёқубов: Сиз менинг тинчлигимни бузаяпсизлар, мен сизларнинг ҳаётингизни бузаман (2-қисм)

Аслида “Бирлик” халқ ҳаракати ва “Эрк” партиясининг давлат рўйхатидан ўтказилиши 1991 йил 29 декабрга белгиланган умумхалқ президентлик сайловлари олдидаги Каримовнинг чуқур ўйланган найранги эди. Уни биров тушунди, биров тушунмади.

Баъзи зукко одамларнинг “Бу рўйхатга олиш узоққа чўзилмайди, яқинда бекор қилишади” деганини эшитганман.

Шундай бўлиб чиқди ҳам. 1989 йил ва 90-чи йиллар бошида Каримовнинг тинчлигини биринчи бўлиб бузган икки ташкилотнинг қўлига рўйхатдан ўтганлиги ҳақида гувоҳнома бериб сиёсий майдонда бемалол “ўйнатиб” қўйиш унинг “Сенлар менинг тинчлигимни буздинг, мен сенларнинг ҳаётингни бузаман” деган принципига мутлақо тўғри келмас эди.

Ўша пайтларда диндорлар орасида Каримовнинг тинчлигини бузганлар сони, назаримда, шу “гуноҳ”ни содир этган дунёвий мухолифат вакиллари сонидан анча кам эди. Мусулмонлар дунёвий мухолифат каби оммавий митинглар, кўча юришлари, пикетлар ва бошқа хилдаги оммавий норозилик тадбирларини ташкил қилганлари йўқ. Ўша пайтларда Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида мачитлар намозхонларга тўлиб тошган бўлса-да, бироқ андижонлик Абдували-қори Мирзаев, Тошкентда яшовчи Обидхон-қори Назаров, наманганлик ва қўқонлик бир неча диний уламолар каби коммунистик раҳбар Каримовнинг асл моҳиятини яхши тушунганлар ва ўз амру-маъруфларида намозхонларни бу моҳиятни тушунишга чақирганлар кам эди. Шундай бўлса-да, Каримовнинг асосий шиоридан энг кўп азият чекканлар намозхонлар бўлди. Шу боис жамиятдаги айни қатламнинг қатағон қилиниши масаласига батафсилроқ тўхталаман.

Ҳокимиятни эгаллаган коммунист Каримовнинг калласига “Менинг бошқарувимда Ўзбекистон демократик мамлакатга айланади” деган фикр ақалли бир марта ҳам келган эмас. Суяги коммунистик жамиятда раҳбарлик лавозимларида қотган, унинг барча ғоявий, мафкуравий ва молиявий “мазаси”ни тотиб кўрган бирор бир шахс давлат бошига келса яккам-дуккам ҳолларни ҳисобга олмаганда коммунистик дарё оқимини демократия томон ўзгартиргани кузатилган эмас.

Коммунистик тузумни чуқур анализ (тахлил) қилган тарихчи Андрей Амальрик ўзининг 1969 йили ёзган “СССР 1984 йилгача сақланадими?” номли мақоласида бундай фикрни айтади: “Германлар, византиялилар ва мўғуллар томонидан ташкил қилинган буюк шарқий славян империя ўз ҳаётининг охирги ўнйилликларини бошидан кечирмоқда. … Бу империя қулагандан кейин ҳам Ўрта Осиёда коммунистик идеология, фразеология ва расм-русумларни шарқона деспотизм билан уйқаштириб давом эттирадиган давлат узоқ вақт сақланади”. А.Амальрик “славян империя” деганда, у, табиий, СССРни назарда тутмоқда. А.Амальрикнинг бу башоратига Ўзбекистон ва Туркманистон қолипдай мос тушишади.

Ўзбекистонда Каримов ташкил қилган давлатчилик тўлиқ моҳияти билан авторитар (яккаҳокимлик) давлатдир. Дунёдаги барча авторитар давлатларнинг умумий, энг асосий хусусиятларидан бири – давлат бошлиғи ўз нутқларида дам-ба-дам гапирадиган, мамлакат оммавий ахборот воситалари тез-тез эслатиб турадиган, кучишлатар органлари доимо таъқиб қиладиган, мамлакат ривожланишига тўсқинлик қилиб, унинг ютуқларини “кўролмайдиган” ички ва ташқи душманнинг мавжудлигидир. Ҳар бир авторитар давлат раҳбарлари ўз шароити, халқининг менталитети (зеҳнияти), атроф давлатлар билан муносабатидан келиб чиқиб ички ва ташқи душманни танлайди, бундай душман бўлмаса – ўйлаб топади.

Бошдан-бош Каримов ички ва ташқи душман сифатида мусулмон диндорларни танлади. Мамлакатнинг салкам 90 фоиз аҳолиси мусулмонлар бўлгани учун ғирт коммунист бўлган Каримов учун аҳолининг бу қатлами катта хавф эди, бошқача айтганда “ички душман” тайёр эди. Каримовга фақат “ташқи душман”ни ташкил қилиш зарур эди, холос. Кучли давлатлар ташқи душман сифатида кучли давлат (лар)ни танлайдилар. Мас., Россия АҚШни ўзига ташқи душман сифатида қарайди. 90-чи йиллар бошида Ўзбекистон энди ташкил бўлган, оёқда юриш у ёқда турсин, ҳатто эмаклашга ҳам қодир бўлмаган давлат бўлгани учун Каримов ташқи душманни ҳам ичкаридан топиб, уни ташқарига чиқариб юборишга мажбур эди.

Каримов мусулмон намозхонларга биринчи қақшатқич зарбани Наманганда 1992 йил март ойида берди. Бирмунча олдинроқ, 1990 йилда Наманганда “Адолат”, Қўқонда эса “Одамийлик ва инсонпарварлик” ташкилотлари тузилиб, аҳоли орасида диний маърифатга чорлаш, ўғирлик, фоҳишалик, босқинчилик ва бошқа ижтимоий иллатларга қарши кураш йўналишларида самарали иш олиб боришаётган эди. Масалан, мен 1992 йил март ойида Наманган педагогика институтига борганимда, наманганлик ўқитувчилар шаҳарда ўғирлик, босқинчилик, фоҳишабозлик, талон-тарожлик ва бошқа жиноятчилик кескин пасайганлиги, одамлар ҳатто машинасини кўчада эшигини қулфламасдан ташлаб кетишларини гапириб беришди.

Адолатчилар милиция ходимлари билан бирга шаҳарда патруллик қилишни йўлга қўйишган. Бироқ “Адолат” раҳбарлари орасида ихтилоф чиқиб, бу ташкилотдан бир қисми ажралиб чиқди. Ажралиб чиққанлар соф исломий ғояни тарғибот қилувчи ташкилотга бирлашдилар. Ташкилот номи “Ислом лашкарлари” бўлиб, унга Тоҳир Йўлдошев ва Жумабой Ҳожиев бош бўлдилар. Ўзбекистонлик бирқанча одамлар, хусусан мен ҳам, Каримов билан Тоҳир Йўлдошев орасида яширин келишув мавжуд, деб ҳисоблар эдик. Бу муҳим масала бўлиб, агар у ҳақиқатан шундай бўлса, у ҳолда бу иттифоқ мусулмонларнинг шафқатсиз қатағон қилиниши илдизларини очиб беради.

Дарҳақиқат, Тоҳир Йўлдошевнинг ҳатти-ҳаракатларига эътибор қаратайлик.

1991 йил 1 декабрь куни Каримов сайловолди учрашувлари ўтказиш учун Наманганга келади.  Тоҳир Йўлдошев Каримовдан ўзининг гуруҳи билан учрашишини талаб қилади, Каримов рози бўлади. Бироқ сайловолди учрашувини ўтказгач, Каримов Тошкентга жўнаб кетади. Бундан ғазабланган бир неча минг диндор шаҳар компартияси биносини босиб олишади. Тоҳир Йўлдошев Каримов Наманганга қайтиб келишини яна талаб қилади. Каримов Наманганга қайтиб келади. Каримов компартия биносига яқинлашганда Тоҳир Йўлдошев ўз одамларини ташқарига чиқариб “жонли коридор (йўлак)” ташкил қилади ва одамларга: “Ким Каримовнинг бошидан битта сочини тўкса, мен ўша одамни пешонасидан отиб ўлдираман” деб огоҳлантиради. Каримов “жонли коридор” ичидан ўтиб бинога киради. Тоҳир Йўлдошевнинг Каримовга “жонкуярлиги” мутлақо тушунарсиз!

1) Мажлисда Тоҳир Йўлдошев Каримов олдига 10 дан ортиқ шарт қўяди, жумладан Ўзбекистонни шариат давлати деб эълон  қилинишини талаб қилади – Каримов унинг шартларини қабул қилади. Тоҳир Йўлдошев эса мусулмон диндорларни сайловда Каримовга овоз беришга даъват қилади. Бу – олдингисидан ҳам ажабланарли;

2) Сайлов (1991 йил 29 декабрь) ўтгандан кейин Наманганда қама-қама бошланди. “Адолат”нинг деярли барча раҳбарлари, жумладан раиси Ҳакимжон Сатимов ҳам, қамоққа олинди [Ҳакимжон Сатимов қамоқда ўлдирилди], бироқ Тоҳир Йўлдошев ва Жумабой Ҳожиев ўз сафдошлари билан ҳеч қандай қийинчиликсиз Тожикистонга ўтиб кетишди. Буни қандай тушунтириш мумкин? Қўқондаги “Одамийлик ва инсонпарварлик” ташкилоти бутунлай йўқ қилинди, унинг кўпсонли аъзолари қатори раҳбари Қаҳрамон Ҳамидов ва унинг бир неча укалари ҳам қамоққа олинди, Қаҳрамон Ҳамидов қамоқда ўлдирилди.

3) Афғонистонга ўтганга қадар Тоҳир Йўлдошев ва Жумабой Ҳожиев ўз сафдошлари билан Тожикистонда бораётган урушда қатнашишган. Улар Каримов режимини диндорларга ва умуман ўзбек халқига душман, деб ҳисобласа, Тожикистонда улар ким томонда туриб урушганидан қатъий назар, нега унинг ўрнига қуролланган тўда Ўзбекистонга ҳужум қилмади? Тожикистонда ҳам урушда бу тўда талофотга учраган бўлиши керак-ку! Ўша талофот Ўзбекистонда динни қутқариш йўлида берилиши афзал эмасмиди?

4) Афғонистонда Жумабой Ҳожиев ўлдирилди. Маълумотларга қараганда у билан Тоҳир Йўлдошев орасида кескин зиддият чиққан ва уни америкаликлар эмас, Тоҳир Йўлдошевнинг ўзи отиб ўлдирган. Балки пайти келиб Жумабой Ҳожиев адашганини, Тоҳир Йўлдошев у ўйлаган одам эмаслигини англаб қолгандир?

5) Ўзбекистон ҳукумати Тоҳир Йўлдошев бошқараётган “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” 1999 йили Қирғизистоннинг Боткен вилоятига, 2000 йилда эса Сурхандарёнинг тоғли Сариосиё ва Узун туманларига ҳамда Тошкент вилоятининг Янгибозор шаҳарчасига кириб келганини иддао қилади. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти бу маълумотлар ғирт ёлғон эканлигини, аслида биринчи ҳолда Сариосиёнинг тоғли Киштут қишлоғи яқинида Тоҳир Йўлдошев жангарилари эмас, Афғонистондан наркотик моддалар ортилган карвон ва уни қўриқлаб келаётган МХХнинг 15-20 та қуролланган вакиллари бўлганлиги ҳақида такрор ва такрор ёзган эди. ЎИҲЖнинг бу маълумотини Ўзбекистон ҳукумати бирор кўринишда инкор қилган эмас. 1992 йилнинг ўрталаридан бери Тоҳир Йўлдошевнинг ўзи ҳам, унинг қўшини ҳам Ўзбекистон ҳудудига бир қадам ҳам ташлаган эмас!

6) Яқинда бир дўстим менга 10-15 та расм юборди. Бу расмлар Афғонистон ва Покистонда Тоҳир Йўлдошев одамлари томонидан олинган ва сайтга қўйилган экан. Расмлар жуда даҳшатли – уларнинг ичида Тоҳир Йўлдошевнинг одами қўли орқасига боғланган бир туркман йигитни ер тубан ётқизиб молга ўхшатиб пичоқ билан сўяётгани тасвирланган. Пичоқ ҳали йигитнинг кекирдагини кесаяпти, қизил қон шариллаб отилпяпти. Мен шу ёшга кириб одамни сўяётганда олинган расмни кўрмаган эканман. Расмлар ичида Тоҳир Йўлдошевнинг қатор сафдошлари ҳам бор – афти-ангори маҳлуққа ўхшайди, одам қиёфасини йўқотган бандалар.

Тоҳир Йўлдошев одамларининг фаолияти шундай бўлса, у ёвузлик ва мустабидликда Каримовдан қолишмас экан, деган хулосага келдим мен. Мустабид ва ёвуз одамларнинг ўзаро келишуви инсоният тарихида беҳисоб марта кузатилганини эътиборга олинса, 1992 йилда (балки олдинроқ) Каримов ва Тоҳир Йўлдошев орасида машъум бир келишув тузилганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Уларнинг “Биз – мусулмонмиз” – деб иддао қилаётганлари ёлғон эканлиги яққол кўриниб турибди. Каримов ҳам баъзи чиқишларида “ИншаАллоҳ” деганини кўпчилик эшитган, чамаси, у ҳам мусулмончиликка даъво қилади. Агар мен билган бир неча одамлар, хусусан менинг ҳам, Каримов ва Тоҳир Йўлдошев ўртасида жинояткорона келишув мавжудлиги тахмини тўғри бўлса, бу келишувда Каримов Тоҳир Йўлдошевга нима ваъда қилганини Тоҳир Йўлдошев вафотидан кейин ҳеч ким ҳеч қачон била олмайди.

Менинг хулосам:  Тоҳир Йўлдошев “Биз Каримов тузумини қуролли жиҳод қилиб ағдарамиз” дея такрор ва такрор эълон қилган бўлса-да, у ўзининг “жиҳоди” билан Каримов тузумига заррача зиён етказган эмас. Аксинча, у Каримов дунё демократик ҳамжамиятига қарата: “Мана, кўраяпсизларми, мен бекорга мусулмонларга қарши курашаётганим йўқ, улар Ислом динини ниқоб қилиб, аслида биз қураётган демократик жамиятни йўқ қилмоқчи” дейишига дастак бўлмоқда. Зулмкор давлат раҳбари билан мусулмонликни даъво қилаётган одамнинг жинояткорона келишуви содда қилиб айтганда қуйидагича бўлган бўлиши мумкин: “Сен четда туриб “Биз Каримов тузумини қуролли жиҳод қилиб ағдарамиз” дея баёнотлар бераверасан, сен диндорлар орасида ўз ролингни яхши ўйнаб келгансан, бундан кейин ҳам ўша ролни ўйнашни давом эттиравер, буёғини менга қўйиб бер”.

Тоҳир Йўлдошев ва Жумабой Ҳожиев билан бирга Ўзбекистондан чиқиб кетган одамларнинг катта қисми мазкур келишувдан бехабар бўлгани ва улар ҳақиқатан Каримовнинг худосиз тузумига қарши эътиқод билан курашганлари бўлиши мумкин. Тоҳир Йўлдошев Тожикистоннинг Тавилдара ҳудудида “МХХнинг жосуслари” дея 15 дан ортиқ одамни қатл қилгани маълум.Қатл қилинган бу одамлар кимнинг кимлигини англаб қолган одамлар бўлиши мумкин? Мумкин. Бундан бошқа ҳам қатллар бўлганлигиҳақида мен юқорида мисол келтирганман.

 

(Давоми бор).

Толиб ЁҚУБОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.