Бахтиёр Ҳамро оламдан ўтди
4 май тонгида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилоят бўлими раиси, 59 ёшли Бахтиёр Ҳамро вафот этди.
Қарийб 1,5 йилдан бери йўғон ичак саратони билан оғриган дўстимиз шифохоналарда узоқ даволанди, хасталикни матонат билан енгишга ҳаракат қилди. Аммо, начора, тақдири азал…
“Жараён” мухбирларига маълум бўлишича, Бахтиёр Ҳамро бугун аср намозидан сўнг Жиззах шаҳар Заргарлик маҳалласида тупроққа берилади.
Бахтиёр Ҳамро мустақилликнинг дастлабки йилларидан мухолифатчилик ҳаракатларига қўшилди, сўнгра ҳуқуқ ҳимоячилиги йўналишида фаолият кўрсатиб келди.
Ўзининг сўнгги 16 йиллик фаолияти мобайнида Бахтиёр Ҳамро мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятига доир кескин чиқишлари билан танилган, бу борада кўплаб ҳисоботлар муаллифи эди. У қамоқда қолаётган ҳуқуқ ҳимоячилари ва уларнинг оилалари ўртасида ўзаро боғлаб турувчи ҳалқа ролини ўйнади, ҳуқуқ ҳимоячиларининг қамоқдаги аҳволи, уларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар ва шафқатсиз муносабат ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка тарқатди ҳамда уларнинг оилаларига юридик ва молиявий кўмак олишларида ёрдам кўрсатиб келди.
Ҳуқуқ фаоли шу йил бошида Frontline халқаро ташкилоти мукофотига номзод бўлганди.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ва “Жараён” таҳририяти Бахтиёр Ҳамронинг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади.
Дўстимизнинг охирати обод бўлсин!
Fikr bildirish