Суэр Белхассен, FIDH президенти: Бахтиёр Ҳамроевни хотирлаб

Инсон ҳуқуқлари учун халқаро федерациясидаги ҳурматли дўстлар, ҳамкасблар!

Бугун Сизларга ҳазин сабаб билан ёзмоқдамиз – 4 май куни Ўзбекистонда яқин дўстимиз, жасоратли ва серғайрат ҳуқуқ фаоли, кўпчилигингизга умумий семинарларимиз ва сафарларимиз орқали яхши таниш бўлган Бахтиёр Ҳамроев оламдан ўтди.

Бу ажойиб ва жуда камтарин инсоннинг кўплаб маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар каби FIDH олдида ҳам қилган хизматлари катта.

У беомон ва оғир касаллик туфайли тўшакка михланиб қолганига қарамай, умрининг сўнгги кунигача қамоқдаги ҳуқуқ фаолларига ёрдам кўрсатиб келди, ҳали ётиб қолмаган пайтида уларнинг оила аъзоларига қўнғироқ қилиб, доимий равишда ҳолидан хабар олиб турди, қамоқдаги ҳамкасбларининг аҳволи, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий аспектлари, оилаларига зарур бўлган ёрдам ҳақида хориждан туриб олиш қийин бўлган маълумотларни халқаро ташкилотларга етказиб турди – унингсиз биз ўнлаб ҳуқуқ фаоллари ва улар қариндошларига ёрдам кўрсатишимизнинг имкони бўлмасди. Унинг принципиаллиги ва ҳалоллиги кўрсатилаётган ёрдам айнан муҳтож одамларга етиб бориши учун энг яхши кафолат эди.

Бахтиёр бир неча бор ҳужум ҳамда махфий хизматларнинг сурбетларча ва очиқ-ошкор таъқибларига учраган, уйи махфий хизматлар одамларининг машиналари билан қуршаб олингани боис ташқарига ҳам чиқа олмасди. 2001 йили Бахтиёр Ҳамроев қаттиқ калтаклаб кетилганди, 2005 йили эса унинг уйига бостириб кирган бир неча ўн киши ҳуқуқ фаолини фожеали Андижон воқеалари ҳақида “ёлғон-яшиқ маълумот” тарқатаётгани учун уни дўппослашганди. Ҳамроевга 2006 ва 2009 йиллари ҳам ҳужум қилишганди, бир сафар эса унинг уйида хорижлик дипломатларнинг бўлишига қарамай, ҳужумчилар ҳуқуқ фаолининг бошини ёришгача борган эдилар.

Бизнинг Қийноқларга қарши халқаро ташкилот билан ҳуқуқ фаолларини ҳимоя қилиш бўйича олиб бораётган Обсерватория деб номланган ҳамкорликдаги дастуримиз кўп ҳолларда бу таассуфга лойиқ ҳодисаларни текширар ва уларга нисбатан муносабат билдирарди. Аммо бу доим ҳам осон кечмасди – Бахтиёр кўпинча бошқа инсонларнинг мусибати ҳақида батафсил маълумот етказар, аммо ўз аянчли аҳволи ҳақида эса жуда кам ва хоҳламай гапирарди.

Бахтиёр олти нафар фарзандни тарбиялади, у доим фарзанларининг тақдири ҳақида қайғурарди. Афсуски, улар ҳам режим диққат марказига тушиб қолдилар – 2006 йили “безорилик” учун Бахтиёр Ҳамроевнинг ўғли Ихтиёр уч йилга қамалиб қолди. Кузатувчилар фикрича, бу отасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борган фаолияти учун бир жазо эди. Қамоқда Ихтиёрни қаттиқ дўппослашган, бир сафар эса пичоқлаб кетишган.

Аммо бу тўхтовсиз босимларга қарамай, Бахтиёр ўзининг бебаҳо, баъзан эса кимсага сезилмайдиган, аммо жуда керакли ва жасоратли курашини давом эттирди ва умрининг сўнгги кунигача ўз идеаллари, дўстлари, оиласи ва ҳамкасбларига содиқ қолди. Уни баъзи яқин дўстлари томонидан қўллаб-қувватланган фитна кампаниясигина адо қилди шекилли, аммо бу ҳам уни ишдан юз ўгиртиролмади ва у “ҳар ёмоннинг бир яхшилиги борлиги”га бўлган ҳайратангиз ишончини йўқотмади.

Касалликка қарши курашда ҳам Бахтиёр унсиз жасорат кўрсатди, у дўстлари ва ҳамкасбларини юпатар ва ҳеч қачон ўзининг уқубатлари ҳақида гапирмас, фақат бошқа одамлар учун ёрдам сўрар эди.

Федерациямиз жуда яқин кишисини йўқотди ва биз ҳаммамиз мотам кайфиятидамиз. Шахсан мен Бахтиёр Ҳамроев билан Грузияда, у билан биргаликда 2008 йили сиёсий маҳбуслар вазияти бўйича ишлаган пайтимизда танишиш бахтига муяссар бўлгандим. Мен унинг қариндошлари, дўстлари ва Ҳамроев билан яқиндан ҳамкорлик қилган Федерациямизнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлимидаги ҳамкасблари қайғу-аламларига шерикман.

Биз унинг қамоқдаги ҳамкасбларимиз, биз ва умуман ҳуқуқ муҳофазаси ҳаракати учун қилган барча ишларини ҳеч қачон унутмаймиз. Хусусан, бир пайтлар айнан у FIDH томонидан амалга оширилган ва ўшандан буён ҳамкасбларимиз ёрдамида икки тилда мунтазам равишда тўлдириб борилаётган веб-аппликация яратилиши бўйича ташаббус кўрсатганди. Мазкур веб-аппликация Ўзбекистондаги маҳкум ҳуқуқ фаоллари аҳволига бағишланган ва пировардида қамоқдан озод бўлган кишилар тақдирини кузатиб боришга ёрдам берувчи лойиҳадир.

http://www.fidh.org/2011_UZ

Биз ҳар доим ҳам унга қилаётган иши учун ўзимизнинг бениҳоя миннатдорлигимизни билдира олмасдик, чунки бу унинг сира ҳам тарк этишни истамаган мамлакати ичкарисидаги оғир аҳволини янада қийинлаштириши мумкинлигидан хавотирланардик. Аммо у ўзи ва қилаётган иши биз учун қанчалик муҳимлигини биларди.

Биз ҳаммамиз унинг ажойиб инсоний ҳислатлари – унинг ҳазилкашлиги, илиқ табассуми, барчани ҳам сўзда, ҳам амалда қўллай олиш, унсиз камтарлиги ва ҳақиқий жасурлигини доим ёдда тутамиз.

Суэр Белхассен,

FIDH Президенти

FIDH котибияти ва 164 та аъзо ташкилотлар номидан

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.