Туркманистонда президентни “етарли даражада” яхши кўрмайдиган уч мусулмон қўлга олинди
Уч нафар ёш йигит Туркманистоннинг Тошовуз шаҳридаги тергов ҳибсхонасига шу йилнинг март ойида тушиб қолган. Аммо бу ҳақда фақат 7 майга келиб маълум бўлди.
Йигитлар ҳаддан ортиқ диндорлик ва президент Қурбонқули Бердимуҳаммедовга нисбатан муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатмаганликда айбланмоқда.
Ўзбек миллатига мансуб бўлган бу йигитлар ярим йилча аввал Туркиядан қайтиб келишгач, киракашлик ва кичик тадбиркорлик билан шуғулланишган. Улар қўшни аёл билан маиший масалада жанжаллашганларидан кейин унинг туҳмати билан махфий хизматлар диққат-эътиборига тушиб қолганлар.
Эндиликда расмийлар бу мусулмонларни диний экстремизмда айблаб, уларга қарши жиноий иш сохталаштирмоқчилар.
“Жараён” бўлиб ўтган воқеа ҳақида тўла маълумотга эга эмас, зеро, Туркманистон дунёнинг энг ёпиқ мамлакатлари сирасига киради. Бизга ҳозирда қўлга олинганларнинг яқинлари жонларини жабборга бериб, йигитларни тергов ҳибсхонасидан чиқариб олишга ҳаракат қилаётганлари маълум, холос.
Тошовуз вилоятида истиқомат қиладиган аҳолининг 30 дан 50 фоизигачасини ассимиляцияга маҳкум, маданий анъаналарини ривожлантириш ва она тилида таълим олиш ҳуқуқидан мосуво бўлган ўзбеклар ташкил қилади. Айнан шу кишилар ҳеч бир истисносиз фақат туркманлар хизмат қиладиган махфий хизматларининг доимий диққат-эътиборида бўлиб келадилар.
Туркманистоннинг бошқа давлат корхоналарида ҳам ўзбеклар ва туркман миллатига мансуб бўлмаган бошқа кишилар деярли ишламайди.
Fikr bildirish