Озода – Толиб Ёқубовлар: Орамиздан ажойиб инсон кетди

4 май куни тонгги 714 да қўл телефоним жиринглади. Қарасам, Бахтиёр аканинг номери. Ҳар сафар Бахтиёр ака менга қўнғироқ қилса, менинг кўнглим кўтарилар эди.

Шунинг учун мен Бахтиёр ака қўнғироқ қиляпти, деб ўйлаб, телефонни хурсанд бўлиб кўтардим. Лекин телефондан Бахтиёр аканинг овози эмас, ўғли Ҳусаннинг овози келди ва «Озода опа, мен Ҳусанман, дадамни ҳозир тонгда бериб қўйдик», деб айтди.

Мен бу гапни эшитиб, шок ҳолатга тушиб қолдим, чунки биз ажойиб инсон Бахтиёр Ҳамроевдан айрилиб қолганимизни тушуниб етдим.

Бугун мен 9 май «Хотира ва Қадрлаш куни» муносабати билан Бахтиёр Ҳамроевни эсламоқчиман. Бахтиёр ака ҳақиқатан ҳам ажойиб инсон эди. У киши мен каби оила аъзолари қамалган одамларга қўлидан келганча ёрдамини аямасди.  Менга: «Озода, мен укам учун қўлимдан келган ҳар қандай ишни қиламан», дерди. Ҳар сафар Бахтиёр аканинг уйига борсам, биринчи навбатда: «Аъзамжоннинг соғлиги яхшими?» деб сўрар эди. Мен «Жаслиқ»қа кетсам ҳам, келсам ҳам: «Келяпсанми, етиб келдингми, кирдингми, кўриб чиқдингми?» деб, тинимсиз қўнғироқ қилиб турар эди. Мендан соғлигини эшитиб: «Асосийси соғлиғи яхши бўлса, ҳаммаси яхши бўлади», деб айтар эди.

Ўзининг соғлиғи яхши бўлмаса-да, қамоқда қолган инсон ҳуқуқи ҳимоячиларини соғлиғи ҳақида қайғурар эди. Касаллигини эшитиб, 2-3 марта уйига кўргани бордим. Лекин ҳеч ҳам «ўламан» деб айтмас эди. Мен тушкунликка тушсам, у киши менга: «Ҳали Аъзамжон чиқади, ўғлингнинг тўйида ўйнаймиз», деб айтар эди. Охирги марта, адашмасам 10 апрел куни, Бахтиёр аканинг уйига борганимда зўрға юриб, қоғоз қалам олиб, ёзишга тушди. «Аъзамжоннинг чиққанини кўрармиканман?» деб айтди.

Мен: «Бахтиёр ака, ундай деманг, сиз албатта кўрасиз» деб айтган эдим. 10 ёки11 апрел куни «келиб кетгин» деб қўнғироқ қилувди. Озодбек икковимиз бориб келдик, бирга чой ичдик. «Озодбек худди дадасининг ўзи-я!» деб, Озодбекни ўпиб, ёнига ўтқазиб: «Чой ичамиз икковимиз», деди. Мендан: «Аъзамжоннинг соғлиги ҳақида гапириб бер» деб, айтганларимни ёзиб олди. Мен «Жаслиқ»қа борсам, Озодбекнинг дадаси ҳам биринчи навбатда «Бахтиёр ака қандай?» деб сўрар эдилар.

Бахтиёр ака: «Акам яхшими?» деб, мендан дадамни ҳам жуда кўп сўрар эди. Ўзининг шунча дарди бўлса-да, мен каби юраги дардга тўла одамларнинг дардини тинглар ва уларга далда бўлар эди. У киши ҳуқуқ ҳимоячилик фаолияти давомида жуда кўплаб тазйиқларга учради. Лекин шунда ҳам ўз фаолиятидан кечмади.

Сўнгги дамгача инсон ҳуқуқлари учун хизмат қилиб кетди. «Оёқдан йиқилгунимча, Аъзамжон учун курашаман» деб таъкидлар эди. Ҳақиқатан ҳам Бахтиёр ака оёқдан йиқилгунча инсон ҳуқуқлари учун курашди. Қатор халқаро ташкилотларнинг йиғилишларида, элчихона ходимлари билан бўлган учрашувларда у қамоқдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини озод этилишини сўраб, мурожаатлар қилиб келди.

Бахтиёр ака кўролмай кетган яхши кунларни фарзандлари кўришини, Оллоҳ жойларини жаннатдан қилишини сўраймиз. Биз сиз қилган хизматларни ҳеч қачон унутмаймиз. Ҳар доим бизнинг ёдимизда бўласиз. Охиратингиз обод бўлсин!

Озода Ёқубова,

7 май 2013 йил,

Жиззах.

Қизимнинг хатига қўшимча

Жиззахдаги уйимга ён қўшни бўлган хонадонда Икромжон исмли бир йигит оиласи билан яшайди. Олий маълумотли врач, ўз вақтида танилган шифокор бўлган бу йигит негадир руҳий хасталикка учраган. Эрталабдан кечгача уйи олдида сигарет чекиб, ўтган-кетганга қараб ўтиради, деярли гапирмайди.

Бир сафар Тошкентдан келганимда у касалига доир бир иш билан Тошкентга бормоқчи бўлиб турган экан. Қайтишда уни машинамга миндириб олиб кетдим. Ҳамроҳинг гапирмаса, одам зерикар экан. Мен унга гапира бошладим. Кафедрада бирга ишлайдиган, асли тўйтепалик Муртазо Бўрибоев деган дўстим бор эди. Мен уни, у эса мени “ҳақиқий дўстим” деб ҳисоблардик. Ўша сафаримдан сал кун илгари Муртазо жигар циррози туфайли оламдан ўтган эди. Муртазо ажойиб инсон, кучли математик эди.

У касалхонада ётганида мен уни 2-3 марта кўргани бордим. Охирги марта борганимда у ўлим билан юзма-юз экан: бурни, қулоғи ва оғзидан қон оқаётган экан. Унинг овози зўрға эшитиларди. У менга: “Толибжон, Қуръони Каримнинг сураларидан биттасини ўқинг”, деди. Мен ўқидим. Мендан кейин катта қийинчилик билан у ҳам битта сурани ўқиди. Шу пайт мени врач чақириб қолди.

Олдига кирсам: “Сиз Бўрибоевга ким бўласиз?” деб сўради. Мен: “Дўсти бўламан, нима гап?” дедим. Врач: “Дўстингизнинг вафот этишига 1-2 кун, балки соатлар қолди. У кишининг оила аъзоларига бориб айтинг, олиб кетишсин. Охирги соатларни оила аъзолари олдида ўтқазсинлар”, деди. Шундай қилдик. Муртазо икки кундан кейин вафот этди. Уни Тўйтепадаги қабристонда онаси Тожихон аянинг ёнгинасида қабрга қўйилди.

Мен Икромжонга шу қайғули воқеани гапириб бердим. Икромжон бир фурсат жим ўтирди ва мен кутмаганда гапира бошлади: “Яхши инсон бу дунёга ҳам керак, нариги дунёга ҳам керак. Шунинг учун Аллоҳ яхши одамларни тезроқ Ўз ҳузурига чорлайди”, деди. Мен қотиб қолдим – бу чуқур фалсафани мен илгари эшитмаган эдим. Мен қизимнинг фикрига тўлиқ қўшиламан: Бахтиёр ҳақиқатан ажойиб инсон эди. Унинг охиратини Аллоҳ обод қилсин! Амийн.

 

Толиб Ёқубов,

7 май, 2013 йил,

Франция.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.