Тўлеқан Исмаилова Тошкентдан Олмаотага учиб кетишга муваффақ бўлди
Тошкент аэропортида тутиб қолинган Қирғизистондаги “Бир дунё – Қирғизистон” нодавлат ташкилоти раҳбари, таниқли ҳуқуқ фаоли Тўлеқан Исмоилова Тошкентдан Олмаотага учиб кетишга муваффақ бўлди.
Тўлеқан Исмоилованинг қизи Лира Исмоилованинг “Жараён” мухбирига маълум қилишича, 25 июнь куни ҳуқуқ фаолининг яқинлари унга Тошкентдан Олмаотага учиб кетиши учун электрон чипта сотиб олган.
– Бугун кундузги соат 12 ларда онам Тошкентдан Олмаотага учиши керак. Биз Ташқи ишлар вазирлиги ва Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан фақат бугун эрталаб телефон орқали боғлана олдик ва улардан онамга электрон чиптани етказишда кўмак беришларини сўрадик. Чунки бугун эрталаб мен билан телефон орқали гаплашган ўзбек чегара хизматининг ходими улар онамга ҳеч нарса бериб қўя олмасликларини айтди. Мен ундан базалари орқали онамга сотиб олинган чиптани текшириб кўришини ва онамга у Тошкентдан учиб кетиши мумкинлигини етказиб қўйишни сўрадим. Чегарачи эса улар бундай қилишга ҳақли эмасликлари ва бизга фақат қирғиз элчихонаси ходимлари ёрдам бериши мумкинлигини айтди. Элчихона ходимлари эса аэропортга ўз вакилларини юборганлари ва у киши онамга электрон чиптани бериб қўйишини маълум қилди, – деди 25 июнь куни “Жараён”га Лира Исмоилова.
Унинг айтишича, Тўлеқан Исмоилова Тошкентга франциялик ҳамкорлари ҳамроҳлигида учиб кетган.
– Онам Тошкентга бу ерда ижтимоий кўмак кўрсатиш бўйича катта ишларни олиб бораётган ва фаолияти кўпроқ қонун билан можароси бўлган ўсмирларни қўллаб-қувватлашга қаратилган франциялик ҳамкорларимизга ҳамроҳ бўлиб кетганди. Тошкентда уларнинг бир қанча учрашувлари бўлиб ўтиши керак эди. Бугун эса уларнинг Тошкентдаги Франция элчихонаси вакиллари билан учрашувлари бўлиб ўтиши керак эди. Мен франциялик ҳамкорларимиз билан боғландим, улар чегарани ҳеч қандай муаммосиз кесиб ўтганларини айтишди, Тошкентга фақат Тўлеқан Исмоилова киритилмаган, – деди Лира Исмоилова.
Озодлик радиосининг Қирғиз хизмати эса Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Қанатбек Шаршенбекка таянган ҳолда бугун тушдан кейин ҳуқуқ фаоли Тўлеқан Исмаилова Тошкентдан Олмаотага учиб кетишга муваффақ бўлганини маълум қилди.
Бугун Тошкентдан Бишкекка рейслар бўлмагани учун Тўлеқан Исмоилова Олмаотага учиб кетди, дея тушунтирди дипломат. Унга кўра, элчихона ходимлари Тўлеқан Исмоилова билан учрашган ва ҳуқуқ фаолининг соғлиғи жойида, руҳий аҳволи эса яхшилигига амин бўлган.
Лира Исмоилованинг айтишича, 24 июнь куни кечки соат 11 ларда унинг электрон почтасига онасидан мактуб келган. Унда Тўлеқан Исмоилова қизига Тошкент аэропортида тутиб қолингани ҳақида маълум қилган.
– Онам унга тутиб қолингани бўйича ҳеч қандай изоҳ беришмагани ва сабабларини ҳам келтиришмаганини ёзди. Фақат ўша ердаги чегара хизмати ходимлардан бири онамнинг “қора рўйхат”да эканини, шунинг учун уни тутиб турганларини айтган. Онам фақат битта электрон хат йўллай олган. У телефон орқали қўнғироқ қилолмаган, чунки роуминги йўқ эди. У чегара хизмати ходимларидан битта мактуб йўллашга рухсат беришларини сўраган. Биз аэропорт хизмати ходимлари билан телефон орқали боғланишга ҳаракат қилдик, аммо улар бизга ҳеч қандай маълумот берганлари йўқ, – деди Лира Исмоилова.
Эслатиб ўтсак, бир қатор оммавий ахборот воситалари 25 июнь куни Тўлеқан Исмоилованинг Тошкент аэропортида тутиб қолингани ва Ўзбекистонга киритилмай энг яқин рейс билан депортация қилиниши ҳақида хабар тарқатдилар.
Бу ўзбек расмийлари ўзлари учун номақбул бўлган шаҳсларни мамлакатга киритмаганлари бўйича биринчи ҳолат эмас. 2005 йили мамлакатга киритилмай, Тошкент аэропортидан москвалик журналист Игорь Ротарь депортация қилинганди. 2012 йили эса ўзбек чегарачилари Ўзбекистонга учиб келган BBC мухбири Наталья Антелава ва Москвада чиқадиган “Новая газета” фотомухбири Виктория Ивлевани ҳеч қандай сабаб келтирмасдан Тошкент аэропортидан ортга қайтариб юборганди.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева Тўлеқан Исмоилованинг ўзбек расмийлари “қора рўйхати”га тушиб қолганидан ажабланмаслигини айтади.
– Биринчидан, Тўлеқан Исмоилова 2005 йили содир бўлган Андижон фожеаларидан кейин Қирғизистонга қочиб ўтган ўзбекистонлик қочқинларга кўмак берган. Иккинчидан, бу йил Андижон фожеасининг саккиз йиллиги муносабати билан Исмоилованинг ташаббуси билан 2005 йили суратга олинган “Люди, в которых стреляют” дея номланган фильми Интернет орқали кенг тарқатилди. Учинчидан, 2010 йили Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли воқеалар пайтида Каримов ўзбекларнинг оммавий қирилишига нисбатан “бу бизнинг ишимиз эмас, аралашмаймиз”, деб турган бир пайтда қирғиз қизи бўлган Тўлеқан Исмоилованинг ўзбеклар ҳимояси учун отилиб чиққани ҳеч кимга сир эмас. Тўлеқан бугунги кунда ҳам ўзбеклар муаммолари билан шуғулланади ва Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар озодлиги учун курашиб келади. Унинг Ўзбекистон ҳукуматининг “қора рўйхати” га тушишига шулар сабаб деб биламан. Аммо бу ҳаракати билан ўзбек расмийлари ўзларини яна бир маротаба шарманда қилди, – дейди Мўътабар Тожибоева.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ходимлари ва “Жараён” таҳририяти таниқли ҳуқуқ фаоли Тўлеқан Исмоиловага яқин орада Бишкекка соғ-саломат етиб келишини тилаб қолади. Таҳририятимиз Исмоилованинг Қирғизистонга қайтиб келганидан сўнг у билан учрашишга ҳаракат қилади.
Fikr bildirish