Чироқчида яна бир фуқаро қийноқ қурбони бўлди

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани Чордара қишлоғида яшовчи 32 ёшли Ҳусниддин Оққўзиев Чироқчи тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қўлланилган ваҳшиёна қийноқ қурбонига айланди.

Бу ҳақда “Жараён” мухбирига маълум қилган марҳумнинг акаси Фахриддин Оққўзиевга кўра, 17 май куни милиция ходимлари томонидан ИИБга олиб кетилган Ҳусниддин маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланган.


– Унинг ўнг оëғи бош бармоғи, тирноқлари синган. Қорин қисмида ҳамма томони кўкарган. Чап оëғининг тўрт панжаси нима биландир тикилган. Бўйин қисми кўкарган, кесиб ташланган. Чап қўли ҳам худди шунақа кесилган. Мен укамни дафн этишдан аввал видео тасвирга олдим, бу тасвирларда унга нисбатан етказилган жароҳатлар яққон намоён бўлган, – дейди Фахриддин Оққўзиев.

Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани прокуратураси томонидан шу туман ИИБ бўлимининг бир неча ходимларига нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 169-моддаси (“ўғирлик”) ва 207-моддаси (“совуққонлик”) бўйича жиноят иши 2013 йилнинг 14 июнига келибгина қўзғатилди. Чунончи, тергов версиясига кўра, милиция ходимлари уни назоратсиз қолдириб совуққонликка йўл қўйишган ва марҳумнинг ўлганидан сўнг телефон аппаратини ўғирлаб, бир неча кун давомида фойдаланиб келишган.

Маълумотларга кўра, Ҳусниддин Оққўзиевни милиция ходимлари Дилфуза Ботирова исмли аёлга нисбатан безориликда айблаб, сўроқ учун ИИБга олиб келган.

Фахриддин Оққўзиев ва марҳумнинг бошқа яқинлари ҳозиргача Ўзбекистон Республикаси президенти, Миллий хавфсизлик хизмати раиси, Бош прокурор номига ёзган аризаларида Ҳусниддин Оққўзиевни Чироқчи тумани ИИБ ходимлари ўткир қаттиқ жисм билан уриб ўлдиргани, сўроқ пайтида унга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўлланилганини иддао қилмоқда.

– Ҳусниддин Оққўзиевнинг ўлими юзасидан дарҳол жиноят иши қўзғатилиши лозим эди. Аммо прокуратура негадир бу иши шу пайтга қадар пайсалга солиб келди, марҳумнинг нега ИИБга келтирилгани, унга нисбатан жиноят ишининг ҳуқуқий ҳолатига баҳо бермади, – дейди ишни ўрганаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов.

“Жараён” нашри муқаддам чоп этган хабарга кўра, Ҳусниддин Оққўзиевнинг ўлимига ўхшаш ҳодиса Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ички ишлар бўлимида 2012 йилнинг ноябрида ҳам юз берган. Ўшанда милиция ходимлари 30 ёшли Алмардон Бердиқуловни қийнаб ўлдирилган ва мазкур ҳолат юзасидан терговчи Анвар Холиёров жавобгарликка тортилганди.

26 июнь – Халқаро қийноқ қурбонлари куни муносабати билан, афсуски, Ўзбекистонда бирорта тадбирлар ташкил этилмайди. Ўзбекистон расмийлари мамлакатда қийноқлар қўлланилмаслиги, қонун ҳужжатларида қийноқларнинг таъқиқланганини иддао қилиб келишади. Ҳолбуки, ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, шу пайтга қадар жазони ижро этиш муассасаларидан қийноқ натижасида қурбон бўлган 200 дан ортиқ маҳбуснинг жасади келди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда тергов ва суриштирувлар чоғида систематик қийноқлар қўлланилади.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.