Ўзбекистонда қийноқ қурбонига айланаётган мусулмонлар сони кўпаймоқда
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда нафақат режим танқидчилари ва Ислом Каримовга мухолиф бўлган кучлар, балки минглаб тинч мусулмонлар ҳам ноқонуний ҳибс этилди, калтакланди, қийноққа тутилди, адолатсиз судловларга дучор қилинди.
Мамлакатда кўплаб муслим ва муслималар фаолияти таъқиқланган диний ташкилотларга гўё аъзоликда айбланиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиндилар. Айни пайтда маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари шу кунгача ўзбек расмийлари диндорларга қарши очилган жиноий ишларни сохталаштирганлари ҳақида бонг уриб келадилар.
Ўз журналистик фаолиятим давомида мен Ислом динига эътиқод қиладиган кўплаб ўзбекистонлик эркак ва аёллар билан учрашиб, улардан интервью олишга муваффақ бўлдим. Уларнинг баъзиларидан тергов пайтида ва қамоқда уларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махфий хизмат ходимлари томонидан ваҳшиёна ва киши тасаввурига ҳам сиғмайдиган даҳшатли қийноқлар қўлланилгани ҳақида эшитдим.
Бундан роппа-роса беш йил аввал Қозоғистонда мен Азиза исмли (аёлнинг исми одоб-ахлоқ қоидаларидан келиб чиқиб ўзгартирилди) бир ёш муслима аёл билан учрашдим. Ўшанда у 26 ёшда эди. Аёл ўзбек расмийларининг сўровига биноан қўлга олинган ва Олмаотадаги махфий хизматларнинг тергов ҳибсхонасида тутиб турилган бир мусулмон йигитнинг рафиқаси эди. Аёл эрининг озод қилиниши учун курашаётганди.
Унинг эри Ўзбекистонда 1999-2004 йиллари содир бўлган портлашларда айбланиб, халқаро қидирувга берилган. Шундан сўнг у хотинини Ўзбекистонда қолдириб, ўзи Қозоғистонга қочишга мажбур бўлганди. Ўзбекистон куч ишлатар тузилмаларининг ходимлари ёш аёлдан эрининг қаерда эканини айтиб беришни талаб қилганлар, бироқ қониқарли жавоб ололмагач, аёлга нисбатан жисмоний қийноқлар қўллай бошлаганлар.
Суҳбатларимизнинг бирида Азиза менга Ўзбекистондаги бир мелисахонада ўзи билан содир бўлган даҳшатли воқеани айтиб берган. Муслима аёлнинг ҳикоясидан бир парчани эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман:
“Уларнинг бири сочимдан тортиб, бошимни кўтарди, иккинчиси эса мусулмонлар спиртли ичимликлар ичмаслиги ва чўчқа гўштини емаслигини била туриб, зўрлаб оғзимга ароқ қуйди ва колбаса едирди. Мен қусиб юбордим. Улар мендан эрим қаерда эканини айтишни талаб қилишди, аммо мен эримнинг қаерда эканини билмасдим. Шундан сўнг улар мени стол устига чиқаришди, бири қўлимдан, иккинчиси бўйнимдан ушлаб туриб, ичимга дубинка тиқиб, зўрлашди…”
Диндор маҳбуслар жуда кам ҳолларда озодликка чиқадилар, уларнинг қамоқдан соғ-омон чиқишлари эса ундан-да камроқ учрайди. Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги қамоқхоналардан диндор маҳбусларнинг жасадлари чиқа бошлади. Қамоқхона маъмурияти ўша маҳбус ваҳший қийноқлар қурбони бўлгани тўғрисидаги фактни тан олгани мамлакат тарихида ҳали бирор марта кузатилгани йўқ.
Францияда муҳожиротда яшайдиган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳукумат Ислом ва мусулмонларнинг жамиятга таъсир қилишига йўл қўймасликни ўз олдига асосий вазифа қилиб белгилаб олганини айтади. Бу вазифа эса, сиёсатшуносга кўра, қатағон, оммавий қамаш, қийноқларни назарда тутади.
– Давлат учун диний маҳбуслар ўта оғир муаммо. Давлат ва диндорлар ўртасидаги конфликт – бу дунёқараш, ақида ва сиёсий тафаккур конфликтидир. Диндорлар ўз диний қарашларидан воз кеча олмайди, ҳукумат ҳам ҳуқуқий давлат йўлини танлаб, диндорлар учун қулай бўлган дунёвий тизим яратиш йўлидан бора олмайди. Авторитар тизим ўзининг бир қанча манфаатларидан келиб чиқиб, диндорларни ўзи учун “асосий ўлжа”, “яширинча ва ошкора душман” сифатида танлади. Бу “душман” билан курашиш орқали нолегитим бўлган репрессив машина ишлаб турибди ва унинг тўхташи юқори лавозимли мулозимлар учун тузумнинг қулашини англатиши мумкин.
Айнан шу сабабли давлат диндорларни яроқсизлантириш сиёсатини изчил олиб бормоқда: қамаш, қувғин қилиш, тинимсиз таъқиб қилиш, муҳожиратда бўлса-да, отиб кетиш, қамоқхоналарда амнистия қўлламаслик ва диндорларнинг ўлигини чиқариш – буларнинг ҳаммаси ягона давлат сиёсатининг тизимга солинган урсурлари бўлиб ҳисобланади ва бу сиёсат Ислом Каримов даврида ўзгаришга учрамайди, – дейди “Жараён”га берган суҳбатида Камолиддин Раббимов.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳам бир неча йил қамоқда ўтирган. Бу унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолияти ва жонбозлиги учун ўзига яраша тўлов эди.
Ўзи ҳам қамоқда қийноқларга тутилган ҳуқуқ фаоли маҳбусалар, хусусан, муслималарга нисбатан қамоқхона нозирлари томонидан қўлланилаётган ваҳший қийноқларга ҳам гувоҳ бўлган.
Озодликка чиққач эса Тожибоева хоним “Қийноқлар ороли асираси” дея номланган автобиографик китобини ёзган. Китобнинг бир бўлими Ўзбекистоннинг Навоий вилоятидан бўлган 50 ёшли Сабоҳат Шерқулова исмли муслима аёл билан содир бўлган воқеаларга бағишланган. Бу даҳшатли воқеалар машҳур Тоштурма қамоқхонасида содир бўлган.
“Тоштурмада эканимда мен билан битта камерада ўтирган агент Шаипова Гуля ва истаган пайтида бизнинг камерага кириб кела оладиган унинг жуфти – лесбиянка Максимова Еленалар Шерқулова Сабоҳат опага нисбатан қийноқ қўллашга юқоридан топшириқ олган эканлар.
Максимова Елена ва Шаипова Гулялар асосан ГУИН ва МХХ вакилларига “қулоқ”лик қиладилар. Ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячиларининг деярли барчаси Максимова ва Шаиповалар билан тўқнаш келишган. Шаипова Гуля ўша пайтда мен билан бир камерада ўтирарди. “Қулоқ”ларга қамоқхоналарда, тергов изоляторларида алоҳида имтиёзлар борки, бошқа маҳкумалар бундай имтиёзлардан ҳеч қачон фойдалана олмайди. Шаипова ва Максимова истаган пайтларида камераларидан чиқиб, хоҳлаган камерага киришлари мумкин эди.
Максимова тез-тез бизнинг камерага кириб, барча айбларни зиммамга олиб, кечирим сўрасамгина, озодликка чиқишим мумкинлиги ҳақида менга ваъз ўқирди. Кейинчалик билишимча, унинг ҳамтовоғи Шаипова Гуля Максимова Елена билан биргаликда аёллар монастирининг бир чеккасидаги Сабоҳат Шерқуловалар камерасига истаган пайтларида кирарканлар. У ерда бу жуфтлик бир бўлиб, Шерқуловани қийнаш ва турли усуллар орқали камситиш билан банд бўлишар экан, Шерқуловага энг ваҳший қийноқларни қўллар эканлар…
Лесбиянкалар жуфтлиги Шерқулованинг камерасига “меҳмон”га келган кунларида унга қўшни камерада сақланаётганлар Шерқулованинг ёнини олиб, бу жуфтликка ҳужумлар қилишганди ўшанда…
Ўзларига яқин “постовой”лар орқали Максимова ва Шаиповалар Шерқуловани яланғоч қилиб, қийнаб, камеранинг олдидаги ҳожатхона олдида тик туришга мажбур қилганларидан, Шерқуловани ўз усуллари билан зўрлаганларидан хабар топган маҳкумалар Тоштурмада исён кўтаришган… Мен сақланаётган камера тамоман тескари томонга қарагани ва мен билан мулоқотга киришиш таъқиқланганлиги учун бу воқеаларни кейинчалик эшитгандим.
Уларни жунбушга келтирган нарса – бу бири қотил, бири наркоман маҳкумалар Шерқуловани “тарбиялаш”га шунчалар берилиб кетишганки, уларнинг қийноқларига дош беролмай, Шерқулова бор овози билан дод солган. Бошқа камерадаги маҳкумалар “постовой”ларни чақириб, Шерқуловага ёрдам беришни сўрашса, “постовой”лар уларга бу ишга аралашмасликни таъкидлашдан нарига ўтишмаган”.
Эҳтимол, мазкур мақоладаги қийноққа солинган диндорларнинг ҳикоялари Ўзбекистонда яшаётган ва Ислом Каримов жаллодлари қўлида қурбон бўлаётган бошқа минглаб мусулмонларнинг ҳикояларига ўхшаб кетар. Бу ўхшашлик одамни даҳшатга солмай қўймайди. Аммо бундан ҳам даҳшатлиси – ўзбек қамоқхоналарида маҳбусларга, энг асосийси, табиатан нозик ва заифа бўлган аёлларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар бўйича жавоб беришга тайёр бирорта ҳам мард расмийнинг йўқлигидир.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish