Айни пайтда Ўзбекистон президентининг ўзбек муҳожирларини “дангаса”га чиқариб, улардан “жирканиши”ни айтгани кўпчилик ўзбекистонликлар қалбидаги ярани янгилади.
Мавзу юзасидан “Жараён”га гапирган андижонлик муҳожир аёл Сайёра (суҳбатдошнинг истаги билан хавфсизлик нуқтаи назаридан унинг исми ўзгартирилди – таҳр.) “айнан ношуд президент Ислом Каримов туфайли меҳнат муҳожирига айлангани”ни айтади.
“Мен кўп йиллар молия соҳасида фаолият қилган олий маълумотли аёлман. Бироқ, афсуски, мамлакатимиздаги порахўрлик, ошна-оғайнигарчилик, адолатсизлик ортидан мен ишимдан кетдим ва мана бугун шириндан-ширин болаларим, яқинларимдан узоқда, шу ерларда ишлаб юрибман.
Муҳожирлар орасида менга ўхшаган “дипломли”лари жуда кўп. Мақсад битта: болаларимизни, оиламизни едириб-ичириш. Агар Каримов халқини иш билан таъминлаганида бугун биз – ўзбек аёллар шу аҳволга тушармидик? Ўзбек аёли азалдан ўз оиласи ёнида, қайнона- қайнотасининг хизматида бўлиб, дуоларини олган. Биз-чи? Қора ишни қилган ҳам, фоҳишалик қилган ҳам … бу гапларни айтиш мен учун қанчалик оғир эканини ўзим биламан”, дейди аламзада оҳангда Сайёра.
Аёл сўнгги тўрт йил давомида юртига бора олмаётгани ва юрт соғинчи, фарзандлар соғинчидан қийналаётганини айтади.
“Болажонларимни соғиндим. Она бўлиб, мен уларга саҳарлаб нонушта тайёрлай олмасам, кирини ювмасам, бир дастурхон атрофида суҳбатлашиб ўтирмасам, аёллик гаштини сура олмасам… Ўзбек аёлларини шундай бахтдан маҳрум қилган Каримовдан аслида биз жирканамиз”, дейди тўрт боланинг онаси Сайёра.
“Дангасалар” – Ўзбекистон ҳукуматининг бешинчи ғилдираги
Fitch Ratings халқаро рейтинг компаниясининг ўтган ой сўнгида Тошкентда ўтказилган бир тадбирда чиқиш қилган расмийси Жеймс Уотсон биргина Россиядан ўзбек муҳожирлари юбораётган пул жўнатмалари Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 12 фоизини ташкил қилишини билдирганди.
Россия Марказий банки маълумотларида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг уйга юбораётган маблағлари 2012 йилда қарийб 6 миллиард долларни ташкил этгани айтилади.
Халқаро ташкилотлар экспертлари фикрича, бу маблағ мамлакат иқтисодиёти учун муҳим ҳисса бўлиш билан бирга кўплаб ўзбек оилалари учун таъминот манбаи ҳамдир.
“Аёл бошимизга ўзга юртларда бўлиб ҳам, номус талашиб, ҳалол меҳнат қилиб, ҳалол топаяпмиз. Керак бўлса, Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожига ҳиссамизни ҳам қўшаяпмиз. Каримов биз билан фахрлансин. Миллат шаънини булғаётган биз – меҳнат муҳожирлари эмас, балки Каримовнинг ўзи ва унинг қизларидир. Биз уларга ўхшаб, бировнинг ҳаққини еб, бизнесини тортиб олаётганимиз йўқ”, дер экан Сайёра ўзи ва унга ўхшаган меҳнат муҳожирлари Ўзбекистон билан боғлиқ ҳар қандай хабар ва халқаро ҳисоботларни матбуотдан изчил кузатиб бораётгани қўшиб қўйди.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбекистон президенти хориждаги меҳнат муҳожирларининг оғири енгил қилиш ўрнига қўшимча тўсиқлар яратиш билан овора.
Сайёранинг сўзларига кўра, Ислом Каримовнинг Жиззахда қилган нутқидан кейин Ўзбекистонда хорижга иш излаб кетаётганлар устидан назорат янада кучайган.
“Айниқса битирувчиларни мамлакатдан чиқармаётган экан. Справкалар олиш роса қийин бўлиб кетибди. Бир жияним коллежни битирган эди шу йил, Россияга келиши керак эди. Бир амаллаб справка олиб, аэропортга келса, самолётга чиқармай, ортга қайтариб юборибди. Россиядан Ўзбекистонга бораётган меҳнат муҳожирларига эса Тошкент аэропортида роса ёмон муносабат қилишаётган экан. Паспортлар қайди бўлимида ҳар бир кишидан 50 доллардан олиб, кейин шаҳарга киритаётган экан”, дейди андижонлик Сайёра.
Унинг фикрича, Ўзбекистондаги бугунги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий аҳволнинг яхши томонга ўзгармаётгани, аксинча, Ўзбекистон ҳар томонлама халқаро ташкилотлар “қора рўйхати”да қолаётганига Каримов билан бир қаторда хориждан бошпана олган ўзбек мухолифати ҳам айбдор.
“Юртимиз обод”, деб мақтанади Каримов. Агар обод бўлса, ким иссиқ уйини ташлаб, хорижга кетгиси келади? Бугун ўз юртида ишсиз қолган ўзбекистонликлар дунёнинг деярли ҳамма мамлакатида бор. Қозоқнинг пахтасини терган ҳам ўзбек, Россиядаги катта-катта қурилишларни бошқараётганлар ҳам ўзбек, туркларнинг арзанда ота-онасига боқувчилик қилаётган ҳам ўзбек. Лекин бирор мамлакатда ўзбекнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланмайди. Ўзбекларнинг ҳуқуқлари йўқ, кўпинча ўзбек аёллари ва болаларни алдаб, қул қилиб сотишаяпти, уларни ҳеч ким ҳимоя қилмайди.
Ўзбек ўз билагидаги кучига ишониб юрибди. Халққа бош бўладиган, унга жон куйдирадиган одамнинг ўзи йўқ. Халқ умид қилган мухолифат ҳам бугун Каримовдан қолишмайди. Улар халқни, Ўзбекистонни ҳалокат ёқасидан қутқариш ўрнига матбуотда маъносиз мақолалар билан чиқиб, бир-бирини чайнаб, еб ётибди, бу телбалик”, дейди Сайёра.
“Халқ уйғонган”
“Юртдошларимнинг кўпчилиги Каримовни президент сифатида тан олмай қўйди. Чет элда юравериб, халқнинг кўзи очилди. Каримов ўз-ўзини президент қилиб сайлаб, халқнинг қонини сўриб ётганини ниҳоят халқимиз англай бошлади. Бугун ўзбек халқини “тиланчи”, “дангаса”, “жирканч” деган Каримовга халқдан ҳам албатта жавоб қайтади. Бундай ноўрин ҳақоратни ўзбек халқи ҳазм қила олмайди. Ўз ёғига ўзи қоврилиб юрган ўзбекистонликларнинг сабр косаси тўлиб тошди”, дейди тўрт йил аввал оиласини боқиш илинжида Андижондан чиқиб кетган Сайёра.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish